Ёшлар нега уламолардан юз ўгирмоқда?

Ёшлар нега уламолардан юз ўгирмоқда?

Тан олиш керакки, мусулмон ёшларнинг баъзи доиралари кўпчилик Ислом уламоларига, айниқса ҳукуматга яқин бўлган олимларга ишончсизликлари туфайли фақат китобларгагина таянадиган бўлиб қолишган.

Уларнинг фикрича, бундай уламолар ҳукуматнинг Аллоҳ нозил қилган шариатга амал қилмаётганлигини била туриб, унинг тарафини оладилар, зулмни кўриб туриб, уни тўхтатишга уринмайдилар ва ҳатто жим ҳам турмай, аксинча, зўравон раҳбарга «Сиз нақадар одилсиз! Нақадар қаҳрамонсиз» дея маддоҳлик қиладилар. Ҳеч бўлмаса ҳақни айтмай турсалар ҳам майли эди, ваҳоланки улар ёлғонни сўзлайдилар!

Ёшлар аввал вафот этиб кетган уламоларни анча ҳақгўй ва собитқадам деб биладилар, шунинг учун ҳам уларнинг китобларига мурожаат қилиб, диний билимларни устозсиз, мустақил равишда оладилар. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Мен ана шундай ёшлардан бирига шундай дедим: «Сиз илмни уламолардан олишингиз, билмаганингизни зикр аҳлидан сўрашингиз керак!».

У шундай жавоб берди: «Илми ва динга амал қилиш даражаси бизни қониқтирадиган уламоларни қаердан топайлик? Биз фақат ҳукумат раҳбарларининг атрофида гирдикапалак бўлаётганларни кўряпмиз-ку? Раҳбарлар рухсат беришни исташса, рухсат беришади, ман қилишни ҳоҳлашса, ман қилишади; социалистик ҳукумат бўлса, социализмни кўкларга кўтариб, унинг Исломга хос жиҳатларини қидиришади, капиталистик тузумда эса улар капитализмни Ислом номидан қўллаб-қувватлашади. Раҳбар уруш қилишни истаса, бундай уламолар тинчликни қоралай бошлайдилар, агар сиёсат ўзгариб, тинчлик керак бўлиб қолса, тинч-омонликни тарғиб қилувчи фатволар чиқариб берилади. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилган «…Уни бир йил ҳалол қиларлар, бир йил ҳаром қиларлар» ("Тавба" сурасининг 37-ояти)

Мен эса унга шундай дедим: «Биз баъзи бировларнинг гуноҳларини ҳаммага юклаб, бир нечта ёмонларга қараб, қолган яхши кишиларга, ёлғонни инкор қилиб, зулмга қарши турганларга, тоғутга бўйсунишдан бош тортувчиларга, бунинг учун таҳдид ва террорга дуч келаётган, азоб чекаётган, ҳибсда ўтирган, ўз дини ва ақидасини хорламаслик учун Аллоҳ йўлида жон берганларга баҳо бермаслигимиз лозим».

Йигит шундай деди: «Мен буни инкор қилмайман, лекин мен айнан ҳукуматга яқин турганларни, қўлида омманинг онгига таъсир қилиш қуроли бўлган машҳур кишиларни ёмон деяпман».

Шак-шубҳа йўқки, «Йирик уламоларнинг кўпчилиги раҳбарлар қўлидаги бир воситага айланиб қолган. Улар раҳбарнинг истаганини айтадилар ва унинг буйруғи билан изоҳ бериш керак бўлганда жим қоладилар. Ваҳоланки, илмни яшириш мумкин эмас, бундай пайтда индамай туриш ёлғон гапириш билан тенг бўлади, уларнинг иккиси ҳам шайтон бўлади» — дейдиган ёшлар кўп жиҳатдан ҳақ бўладилар.

Бир мамлакатда машҳур олимлардан бирини «Шариат нуқтаи назаридан қариндошчилик» деган мавзудаги телекўрсатувга таклиф қилишибди. Таклиф қилинган олим ўша ток-шоуни олиб борадиган масъул кишилардан бирига шундай дебди: «Бу кўрсатувда қариндошликни ёқлаш керакми ёки қоралашми? Мен шунга қараб тайёрланиб бораман». Бошловчи унинг бу сўзларини эшитиб, ҳанг-манг бўлиб қолибди.

Бир пайтлар раҳбарлардан бирига «Оёғини узатган қўлини чўзмайди» дея олган деган уламоларни Аллоҳ раҳмат қилсин. О, қани эди, ҳукуматга яқинлашиб олиб, маддоҳлик қилаётган олимларнинг тақвоси, иймони сусайса ҳам, ҳеч бўлмаса илми, фаросати озгина ошса!

Ўз динини чуқур тушуниб етмоқчи бўлган ёшларнинг кўпчилиги баланд минбарларда туриб, маърузалар осмонида жавлон ураётган олимларнинг суҳбатида бўлганлар, бироқ уларнинг Қуръон ва Суннатдан анча бебаҳра эканлигини кўриб, ҳафсалалари пир бўлган. Уларнинг илмлари на дардларга шифо бўлиши, на чанқоқни қондиришини кўрганлар.

Шунинг учун, илмдан ҳам, тақводан маҳрум бўлган бундай «арбоб»лардан юз ўгирган ёшлардан хафа бўлмаслик керак. Бундай сохта олимлар ўз фикрини исбот қилиш учун саҳиҳ ҳадисларни четга суриб, тўқима ҳадисларни келтирадилар, яна бошқалари баъзи ҳукмлар учун тушни ҳам далил қилиб оладилар, уларнинг калласида афсона ва эртаклардан бошқа нарса йўқ. 

Ёшлар уларнинг кенг ёйилиб кетган бидъатларни қўллаб-қувватлаб, ҳақ суннат йўлини инкор қилаётганларини, кўпчиликнинг, баъзи обрўли ва бой кишиларнинг назарига тушишга уринаётганларини кўриб турибдилар. Ёшлар ҳатто яхши обрўга эга бўлиб келган баъзи олимларни ҳам эндиликда ҳукуматга ён босишда шубҳа остига олмоқдалар. Оммавий ахборот воситалари бу олимларга ёшлар билан бевосита мулоқот қилишга имкон бермай, уларни золим раҳбарларга содиқ кишилар сифатида кўкларга кўтариб мақтайдилар.

Мисрда исломий ёшлар жамоатлари тақиқлаб қўйилиб, уларнинг кўпчилиги ҳибсга олиниб, суд қилингач, машҳур олимлардан бири бу ҳақда шундай деган эди: «Агар улар ҳақиқатдан ҳам Ислом тарғиботчилари бўлганларида, Аллоҳ уларни ёрдамсиз қолдирмаган бўлур эди. Агар улар ҳақиқатдан ҳам Исломга ёрдам берганларида, Аллоҳ уларнинг ниятларидан, мақсадларидан рози бўлар, уларга на полиция, на ҳарбийлар тўсқинлик қила олмаган бўларди. Бироқ улар бундай бўла олмадилар. Ва уларни бандаси мағлуб қилмай туриб, Аллоҳ мағлуб қилиб қўйди».

Шайх бу сўзларни ҳақ ва ёлғонни фарқлашда қўлланиладиган қоидани таъкидлаб айтдилар. Ким мағлубиятга учраса – демак у ботил йўлда бўлган, чунки Аллоҳ унга нусрат бермади. Муваффақият қозониб, ғалаба қозонганлар ҳақ йўлда бўладилар.

Бироқ, бундай қоидани шариат ҳам, реал воқелик ҳам инкор қилади. Зеро, Аллоҳнинг нусрати келиши ва ғалаба қозониш учун тегишли шарт-шароитлар яратилиши ва ғалабанинг сабаблари таъминланиши керак. Ҳақ ва мустақим йўлдагиларнинг баъзиларида эса бундай имконият бўлмаслиги ҳам мумкин. Айни пайтда, ботил йўлда бораётганларда вақтинчалик муваффақиятга эришиш учун зарур шарт-шароитлар бор бўлиши ҳам мумкин.

Бугунги кунда ботилга даъват қилаётган ва бу ишда муваффақиятга эришаётганларни ҳам, ҳаққа чақириб, мағлубиятга учраётганларни ҳам кўришимиз мумкин, чунки жаҳон ҳамжамияти буларнинг бирини қўллаб-қувватлаётган бўлса, бошқасига қарши чиқмоқда. Бунинг ёрқин мисоли «Исроил»дир. 

Олимлар раҳбарлигида Отатурк ва унинг партиясига қарши кураш мусулмон турк халқининг қандай қирилганлигини ким билмайди? Ислом халифат тупроғидан йўқотилиб, турк халқининг ўт-олов ва пўлат кучи билан дунёвий ғарб қонунларини қабул қилишга мажбур қилингани-чи? Бу икки тарафнинг қай бири ҳақ, қай бири ноҳақ эди?

Яқин-яқингача ҳам баъзи мусулмон мамлакатларда ҳукумат томонидан жорий қилинаётган оила кодексига қарши чиққан олимларни ўлдиришар, уларни ўтда куйдирар эдилар. Бу кодекс Аллоҳнинг қонунларини ўзгартириб, У ҳаром қилган нарсага рухсат берар, Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ман қилар, Аллоҳ банданинг зиммасига юклаган мажбуриятни бекор қилар эди. Олимлар бунга “Йўқ!” деб жавоб беришгач эса, уларнинг жазоси ўлим бўлди, улардан кейин ҳеч ким эътироз овозлари эшитилмасин деб, бош кўтармади. Зўравонлар ҳукумати енгиб чиқди, олимларнинг, улар билан бирга халқнинг овози эса ўчирилди. Ҳукумат ҳақ, олимлар ноҳақ эдими?

Бошқа бир мусулмон давлатида эса камчилик кўпчилик устидан ҳукмрон эди. Ҳақни ёқлаган, ҳақ талашиб курашганларнинг овозини ўчириш, “Йўқ!” у ёқда турсин, ҳатто “Нега?” ва “Нима учун?” деб сўрашга ҳам ўрин қолдирмаслик учун минглаб одамлар қамоққа олинди. Қамоқхоналар тўлиб кетгач эса, уларни ўққа тутиб, сонларини камайтирдилар. Ўлимдан қўрқмайдиган мусулмонларни синдириш, хорлаш ва хўрлаш учун эса бошқа усуллар қўлланилди. Бундай усулни ҳатто Чингизхон ҳам, тарихда номи қолган бошқа золимлар ҳам қўлламаган эдилар — уларнинг оилаларини кўз олдиларида зўрладилар.

Ё Аллоҳ! Қанча бегуноҳ қонлар тўкилди! Қанча бокира номуслар топталди, қанча қадамжолар харобага айлантирилди, қанча қимматбаҳо буюмлар йўқ қилинди, қанча гўзал уйлар, чиройли шаҳарлар йиқитилиб, аҳолиси устига ағдарилди… Қанчадан-қанча ожиз аёллар ва болалар ўлдирилди!

Бундай мисоллардан юрак қонларга тўлади. Мусулмон халқи золим ва зўравонлар томонидан мағлуб қилинди. Уларнинг қай бири ҳақ йўлда, қай бири ботил йўлда эди? Тарихда бундай воқеалар жуда кўп.

Шаҳидлар отаси, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари ҳазрати Ҳусайн ибн Али ҳам Язиднинг қўшинлари томонидан мағлуб қилиндилар, ҳокимият Уммавийлар қўлига ўтди. Наҳотки бу воқеа Язид ҳақ, ҳазрати Ҳусайн эса ноҳақ эди, дейишга далил бўла олса?

Орадан кўп йиллар ўтгач, Ҳижоз ва унинг атрофларида юриб, мусулмонларнинг халифаси ва мўминлар амири деб ҳисобланган улуғ саҳоба, жасур қаҳрамон Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу уммавийларнинг қўшинидан енгилдилар. Шундан сўнг Абдурроҳман ибн Ахйят, Саид ибн Жубайр, Шубий, Мутриф ибн Абдуллоҳ ва бошқа кўпгина олимлар қатл қилиндилар.

Уларни ўлдирганлар жиноятчилар қавми эди. Уларнинг қўлида кўплаб аҳли илмлар қатл этилдилар. Хусусан, улар ўлдирган Саид ибн Жубайр ҳақида имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ шундай деган эдилар: «Саид ўлдирилди. Ер юзида унинг илмига муҳтож бўлмаган бирорта мусулмон йўқ эди».

Абдуллоҳ ибн Зубайр ўзининг оз сонли тарафдорлари билан Маккада қамал қилиндилар. Шунда у зот «Аллоҳга қасамки, бутун ер аҳолиси унга қарши куч тўпласа ҳам, ҳақни йўқ қила олмайдилар. Ва Аллоҳга қасамки, бошидан ой чиқса ҳам, каззоб устун бўла олмайди!» дедилар.

Қуръони каримда баъзи пайғамбарларнинг душман томонидан қатл этилганлиги зикр қилинади. Аллоҳ таоло Бани Исроилга қарата шундай марҳамат қилади: «Ва батаҳқиқ, Мусога китобни бердик ва унинг ортидан Пайғамбарларни кетма-кет юбордик. Ва Ийсо ибн Марямга равшан (мўъжизалар)ни бердик ва уни руҳул қудс билан қўлладик. Ҳар қачон Пайғамбар сизнинг ҳавою нафсингизга ёқмайдиган нарса келтирса, мутакаббирлик қилиб, баъзиларини ёлғончига чиқариб, баъзиларини ўлдираверасизми?!» ("Бақара" сурасининг 87-ояти).

Улардан бири Аллоҳнинг пайғамбари Закариё ва унинг ўғли Яҳё алайҳимассаломлар эди.

Бу пайғамбарларнинг қатл қилиниши, душманнинг улар устидан ғалаба қозониши уларнинг ботил йўлда эканлигини, залолатда эканлигини кўрсатадими?

Шунингдек, Қуръони каримда ҳандақ қазиб, унинг ичига олов ёқиб, бу чуқурга иймон келтирганларни ташлаб, сўнг ҳандақ атрофида ўтириб олиб, мўминларнинг оловда ёнишини томоша қилиб ўтирганлар ҳақидаги ҳикоя ҳам бор. 

«Ва (улар) мўминлардан Азиз, Ҳамид Аллоҳга бўлган иймондан бошқа «айб» топа олмадилар». ("Буруж" сурасининг 8-ояти).

Наҳотки бу кофирлар ҳақ бўлсалар? Наҳотки куч жиҳатдан ожиз бўлган мўминларни ўлдириб, уларнинг кулини кўкка совурганлар ҳақ йўлда бўлсалар? Ўша ўлдирилган мўминлар ботил йўлда бўлганлар дейиш мумкинми? Асло!!!

Ҳақ гап шуки, юқоридаги фикрларни билдирган шайхнинг сўзларига қўшилиб бўлмайди. Бу шайх жаноблари Аллоҳнинг мўминларга синов юбориши, золимларни эса вақтинча устун қилиб туришини унутиб қўйган кўринадилар. Бу киши Аллоҳнинг севган бандаларини синаб туриш суннатини қандай унутиб қўйганлар, билмадим.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: "Одамлар "иймон келтирдик" дейишлари ила имтиҳон қилинмай, тарк этилишларини ўйладиларми? Ва, батаҳқиқ, Биз улардан олдингиларни ҳам имтиҳондан ўтказганмиз. Бас, Аллоҳ, албатта, содиқ бўлганларни ҳам билажак, ёлғончиларни ҳам билажак" ("Анкабут" сурасининг 2-3-оятлари).

Мусулмонлар Уҳуд жангида катта талафот кўрганларида Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилди: "Агар сизга жароҳат етган бўлса, у қавмга ҳам шунга ўхшаш жароҳат етган. Бундай кунларни одамлар орасида айлантириб турамиз. Токи Аллоҳ иймон келтирганларни билиши учун ва улардан шаҳидларни чиқариб олиши учун. Ва Аллоҳ золимларни севмайди" ("Оли Имрон" сурасининг 140-ояти). 

Ушбу ояти карима эса душманлар ҳақида нозил бўлган: "Ва уларга муҳлат бераман, албатта, Менинг ҳийлам метиндир" ("Қалам" сурасининг 45-ояти).

 

Шайх Юсуф Қарозовий

«Исломий тафаккур: иймонсизлик ва экстремизм ўртасида» китобидан

Azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!