Ёшлар Иттифоқининг навбатдаги кўзбўямачилиги фош этилди

Ёшлар Иттифоқининг навбатдаги кўзбўямачилиги фош этилди

"Ёшлар" телеканалининг самарқандлик журналистлари Ёшлар Иттифоқи фаолиятидаги қинғирликларни аниқлади. Улар иттифоқ томонидан ёшларнинг бандлиги билан боғлиқ Самарқард вилоятининг бир неча туманлари бўйича берилган ҳисоботларни текширишган.

Ҳисоботда келтирилишича, иш билан таъминланган ёшлар вилоятдаги тўртта тумандан (Булунғур, Каттақўрғон, Қўшработ, Пастдарғом) ташқари умумий ҳисобда 4394 нафарни ташкил қилган. Аммо бу ҳисоботда баъзи тушунарсиз ҳолатларга дуч келган журналистлар суриштирув ўтказишган.

Ҳисоботда исми келтирилган Зулайҳо Исматовага чинни, фаянс ва сопол буюмларни сотиш бўйича ўз бизнесини бошлашида Ёшлар Иттифоқи Самарқанд шаҳар кенгаши томонидан амалий ёрдам берилди, деб келтирилган. Суриштирувлар натижасида аниқ бўлдики, Зулайҳо Исматова Самарқанд шаҳар Шоҳи Зинда кўчасида жойлашган дўконда тадбиркорлик билан шуғулланиб келмоқда. Аммо Исматова 50 ёшдан ошган, фарзандларини уйли-жойли қилган, неваралар кўрган аёл бўлиб, бу иш билан бир неча йилдан бери шуғулланиб келмоқда.

Исми келтирилган "тадбиркор"лардан яна бири Шаҳноза Каримовадир. Ҳисоботда ЁИ унга миллий либослар тикиш соҳасида тадбиркорлик бошлаши учун кўмак бергани айтилган. Журналистлар Каримованинг отаси Орзу Каримов билан суҳбатлашишган. Унинг айтишича, қизи тикувчилик йўналишида касб-ҳунар коллежини тугатган, аммо бир кун ҳам бу иш билан шуғулланмаган. Ўзи ошпаз бўлиб ишлашини, қизи эса унга ёрдам беришини айтган.

Иттифоқ томонидан иш билан таъминлашда кўмак берилганлар рўйхатида заргарлик билан шуғулланувчи Баҳодир Қиличевнинг ҳам исми бор. Қиличевнинг ўзи эса иттифоққа аъзо бўлиш ёшидан ўтган (қирқ ёшда), бу иш билан йигирма тўрт йилдан бери шуғулланади, бир неча шогирдлар етиштиришга ҳам улгурган.

Журналистлар бунга ўхшаш яна бир нечта ҳолатларга дуч келишган.

Албатта, бу ЁИ амалга оширган кўзбўямачиликларнинг биринчиси эмас. Халқни сохта рақамлар билан алдаётган бу ташкилот бюджет маблағларидан молиялаштирилади. Унинг фаолиятида эса на халқ фаровонлигига, на давлат ривожига ижобий таъсир сезилмаяпти. 

Ташкилот масъулларидан ушбу хабарда келтирилган фактларга изоҳ кутиб қоламиз.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!