Ёшлар Иттифоқи “Scorpion” фильмига қанча ажратганди?

Ёшлар Иттифоқи “Scorpion” фильмига қанча ажратганди?

Ўзбекистон миллий кинокомиссияси директори, Ёш киноижодкорлар уюшмаси аъзоси Мухлиса Азизова Togri.uz мухбирининг Ўзбекистон президенти томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ижроси ва мамлакатдаги киносаноат ҳолати ҳақидаги саволларига жавоб берди.

“Ўзбеккино”дан бир сўм ҳам олинмаган

Таниқли режиссёр 2018 йилда бюджети шов-шувларга сабаб бўлган “Scorpion” фильмига кетган харажатларни ошкор қилди:

“1 млн доллар деб камайтириб юбордингиз. 5 млн доллар44 млрд сўм сарфланган, бу Ёшлар Иттифоқининг лойиҳаси, пуллар қаёққа кетди, дейишганди. Мен ҳатто сизга ҳисоботларни кўрсатишим мумкин. Айнан Ёшлар Иттифоқидан 900 млн сўм олинган. Лойиҳанинг Давлат бюджетига умуман алоқаси йўқ.

“Ўзбеккино” Миллий Агентлигидан бир сўм ҳам олинмаган. Лойиҳага катта масштаб берилиши Мудофаа вазирлиги билан қўшма келишув имзоланганидан сўнг бошланди. Вазирлик вертолёт бўладими, отишма саҳналарида фойдаланиладиган ўқлар бўладими, барчасини беғараз тақдим этди.

Лойиҳада Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ва МТРКнинг катта ҳиссаси бор. Қўшма қарорга кўра, Миллий телерадиокомпания реклама масаласида катта ёрдам берган. Бу ўзига хос продюсерлик усули бўлган. Буларнинг барчаси умумий тил топишга боғлиқ.

Тўғри, масалан, умумий харажатларни долларда ҳисобласак, 1 млн доллардан ошиши мумкин,‌ бироқ уни 5 млн долларлик фильм даражасига кўтаришгани ажойиб. Фильм ортида турган продюсеримизга раҳмат дейман”.

Долларлар ва сўмлар

Мухлиса Азизова “Scorpion” фильми бюджети 11 млн долларни ташкил этишини тахмин қилишганини қўшимча қилган:

“Россия киносаноатида Жаник Файзиев деган машҳур продюсер бор. Prologue-2018 очилиш маросимида “Scorpion”нинг ҳам премьераси бўлган. Жаник Файзиев Россия ҳисоби билан олганда ушбу фильм бюджети 11 млн долларни ташкил этишини тахмин қилганди. Профессионал продюсерга ҳақиқий бюджетни айтганимда шок ҳолатига тушди.

Сўмда ҳисоблайдиган бўлсак, фильм бюджети 4,5 млрд сўмга ҳам етмаган”.

Маълумот учун, Мухлиса Азизова 1987 йил 20 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. У “Геолог – ўлимдан кучли”, фильми ғояси муаллифи, “Дунё қирғоғи”, “У” ва “Scorpion” фильмлари режиссёридир.



Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!