Ёшлар иттифоқи фаоллари давлат гранти асосида ўқийди

Ёшлар иттифоқи фаоллари давлат гранти асосида ўқийди

14 нафар ёш доимий яшаш жойидаги олий таълим муассасаларининг педагогика таълим йўналишларига танловдан ташқари, тест синовларисиз ва касбий (ижодий) имтиҳонларсиз давлат грантлари асосида қабул қилинади, деб ёзади ЎзА.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгашида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 ноябрдаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига киришда имтиёзлар бериш тўғрисида ги қарорига кўра, имтиёзли тавсияномага муносиб кўрилган фидойи ўғил-қизлар танлаб олинди.

Маълумки, Президентнинг 2017 йил 18 июлдаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида ги қарорига асосан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида кўп йиллик меҳнат стажига эга бўлган фидойи, табиий етакчилик қобилиятини намоён этган, юрт келажагига дахлдорликни ҳис қиладиган, меҳнатсевар ва бошқа инсоний фазилатлар эгаси бўлган ўғил-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарори қабул қилинган.

Мазкур қарорда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларини олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиш мақсадида тавсияномалар бериш бўйича республика комиссияси тақдимномаси асосида 14 нафар ёшни доимий яшаш жойидаги олий таълим муассасаларининг педагогика таълим йўналишларига танловдан ташқари, тест синовларисиз ва касбий (ижодий) имтиҳонларсиз давлат грантлари асосида қабул қилиш белгиланган. Танловнинг маҳаллий босқичида 2 минг 934 нафар номзоднинг аризаси туман (шаҳар) комиссиялари томонидан қабул қилинди. Шундан 1 минг 776 нафари Ёшлар иттифоқининг сардори, 741 нафари Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотларидаги йўналиш етакчиси ҳамда 417 нафари Ёшлар иттифоқи тизимида икки йиллик меҳнат стажига эга бўлган фидойи ўғил-қизларди , деди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши масъул ходими Баҳодир Кўчаров.

Ҳудудлардан саралаган 42 нафар ёш ўз билим ва кўникмалари ҳақида сўзлаб, Республика комиссияси аъзолари томонидан берилган турли йўналишдаги саволларга жавоб берди.

Бу тизимда фаолиятимни бошлаганимга 6 йил бўлди. Шу йиллар ичида тенгдошларим билан ҳамфикр бўлиб кўплаб лойиҳаларни амалга оширдик. Ўзим ўзбек жанг санъати спорт турига мунтазам қатнашганим учун тенгдошларимни ҳам турли спорт тўгаракларига қатнашишга ундадим. Улар орасида вилоят ва республика босқичларида ғолибликни қўлга киритганлари ҳам талайгина. Агарда имтиёзли тавсияномага эга бўлсам, тарих фани ўқитувчиси бўлмоқчиман , дейди Нукус ихтисослаштирилган маданият мактабининг ўқувчиси Перизат Аяпбергенова.

Республика комиссияси томонидан танлов низомига мувофиқ 42 нафар номзоднинг Ёшлар иттифоқи тизимида эришган ютуқлари, тизим ривожига қўшган ҳиссаси, табиий етакчилик қобилияти ва фидойилигига алоҳида эътибор қаратилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 1 нафардан жами 14 нафар энг муносиб ёш танлаб олинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!