«Йил сурати» пандемияга бағишланди

«Йил сурати» пандемияга бағишланди

Бразилияда коронавирус пандемиясининг авж палласида олинган сурат нуфузли World Press Photo версияси бўйича «Йил сурати» деб топилди. Ушбу сурат даниялик фотосуратчи Мадс Ниссен томонидан олинган.

Ғолиб 15 апрелда онлайн-маросимда эълон қилинди.

2020 йил августида олинган «Илк қучоқ» деб номланган суратда Сан-Паулудаги қариялар уйи ҳамширасининг у ерда яшовчи 85 ёшли Роза исмли аёлни целлофан парда орқали бағрига босаётгани тасвирланган.

Пандемия сабабли март ойидан Бразилиядаги барча қариялар уйи ташрифлар учун ёпилганди, у ердаги ходимларга эса қариялар билан алоқани минималлаштиришга тўғри келган. Ўшанда қариялар уйида ушбу муаммони ҳал қилишнинг антиқа йўли топилди: бунинг учун «қучоқлар» учун хавфсиз целлофан тўсиқ ўйлаб топилди. У кексаларга ўз яқинларини яна бағирларига босиш имконини берди ва бутун дунёда оммалашиб кетди.

«Ушбу сурат ҳаётимизнинг энг антиқа онларини абадий муҳрлайди. Унда мен ҳам заифлик, ҳам муҳаббат, ҳам йўқотиш, ҳам ҳижрон, ҳам ўлим ва энг асосийси, омон қолишга интилишни кўрмоқдаман. Ва бунинг барчаси бир суратда акс этган. Агар суратга узоқ тикилиб турсангиз, унда парвоз ва умид рамзи бўлган қанотларни кўришингиз мумкин», деб айтган танловнинг ҳакамлар ҳайъати аъзоси Кевин Ли.

 World Press Photo фотосуратчиларнинг 1955 йилдан ўз тарихига эга энг нуфузли халқаро танлови ҳисобланади. Унинг мақсади фотожурналистика ва фотодокументалистикада энг юқори стандартларни ривожлантириш ҳисобланади. Жорий йилда ҳакамлар ҳайъати аъзолари бутун дунёдан 4,3 минг фотосуратчи томонидан олинган 74,5 минг суратни кўриб чиқишган. Турли йўналишлар бўйича ғолиблар қаторидан 28та давлатдан 45 фотосуратчи жой олган. Уларнинг суратлари 17 апрелда Амстердамда очиладиган ва кейинроқ дунёнинг 100дан кўпроқ шаҳрида ўтказиладиган World Press Photo кўргазмаси учун асос бўлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!