ЯУПМ бош директори: UzCard яқин соатлар ичида тўлиқ ишлайди

ЯУПМ бош директори: UzCard яқин соатлар ичида тўлиқ ишлайди

UzCard компанияси 15 сентябрь, шанба куни содир бўлган носозликдан сўнг тизим фаолиятини қисман тиклади, дея хабар қилди Ягона умумреспублика процессинг маркази (ЯУПМ) бош директори Аҳрор Маҳмудов «Газета.uz»га.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда тижорат банклари билан сўнгги транзакциялар маълумотларини солиштириш жараёни кечмоқда.

Маълумот учун: ЯУПМ ҳар бир кун якунлари бўйича банкларга қолдиқ маблағлар ва улар мижозлари операциялари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади. Ушбу маълумотлар асосида банк мижоз карточка ҳисоби бўйича операция ўтказади.

«Биз тизимни тўлиқ уладик. Айни пайтда тижорат банкларига маълумотлар юборилмоқда. Шундан сўнг банклар ўз АБТларидаги (автоматлаштирилган банк тизими — «Газета.uz») барча маълумотларни солиштириб чиқади, 2018 йил 15 сентябрь учун банк кунини ёпамиз ва терминалларни ишга туширамиз», — деди Аҳрор Маҳмудов.

17 сентябрь, душанба куни эрталабдан PayMe ва CLICK тўлов хизматларида айрим фойдаланувчилар ҳисобидаги қолдиқ маблағлар акс этишни бошлади, бироқ тўловларни амалга ошириш ҳозирча иложсиз.

«Барчаси босқичма-босқич ёқилади. Яқин соатларда барчаси штат режимида ишлашни бошлаши керак», — деди ЯУПМ раҳбари.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!