Яшаш жойидан туриб имтиҳон топшириш, бир вақтнинг ўзида учта ОТМни танлаш ва уч йиллик сертификат: абитуриентларни қандай имтиёзлар кутмоқда?

Яшаш жойидан туриб имтиҳон топшириш, бир вақтнинг ўзида учта ОТМни танлаш ва уч йиллик сертификат: абитуриентларни қандай имтиёзлар кутмоқда?

2019 йилнинг 15 февраль куни Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида ги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этиш учун regulation.gov.uz.га жойлаштирилди.

2019 йил 23 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг пресс-холида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ўтказилди. Тадбир давомида қарор лойиҳасининг мазмун-моҳияти тушунтирилди, оммавий ахборот воситаларида билдирилаётган фикр-мулоҳазалар, таклифларга муносабат билдирилди.

Мамлакатимизда ҳам таълим соҳаси ривожланган сари ёшларимизнинг олий маълумотли касб эгаси бўлиш истаги тобора ошиб бормоқда. Шулар ва хорижий давлатларнинг таълим соҳаси тажрибасини ўрганиш натижалари ёшларимизга янада кенг имкониятлар яратиш эҳтиёжини келтириб чиқармоқда. Шуларни инобатга олиб, ушбу қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қарор лойиҳасига Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасида қайд этилган ва 2017 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили да амалга оширишга оид Давлат дастурида ўз аксини топган ўзгаришлар доирасида ишлаб чиқилган таклифлар киритилди.

Мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2018 йилда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовлари янги талаблар асосида адолатли, шаффоф, холис ва очиқ тартибда ўтказилди. Ушбу ўзгаришлар абитуриентлар, уларнинг ота-оналари ва кенг жамоатчилик томонидан яхши қабул қилинди.

2019/2020 ўқув йили қабулида ҳам 2018 йилдаги тажрибани давом эттирган ҳолда тест синовлари жараёнида ёшлар учун қўшимча имкониятлар ва қулайликлар яратиш мақсадида қарор лойиҳасида қуйидаги таклифлар тақдим этилмоқда.

Биринчидан, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари томонидан ортиқча оворагарчиликлар ва харажатларнинг олдини олиш мақсадида уларнинг яшаб турган манзилида Давлат хизматлари марказлари орқали рўйхатга олиш, абитуриент томонидан танланаётган таълим муассасасининг жойлашган ҳудудидан қатъи назар, ўзи яшаб турган ҳудудда тест синовларида иштирок этиши назарда тутилмоқда.

Иккинчидан, абитуриентларнинг ўқишга кириш имкониятини янада ошириш мақсадида уларга бир вақтнинг ўзида учта бакалавриат таълим йўналишини танлаш ҳуқуқи берилмоқда.

Абитуриентларга янада кенг имконият уларга амал қилиш муддати уч йил бўлган сертификат берилади. Сертификатдан улар уч йил давомида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун фойдаланиш мумкин бўлади.

Учинчидан, жорий йилда мактаб, лицей ва коллежларни битирган йигит-қизлар учун тест синовлари мутлақо бепул, ҳеч қандай тўловларсиз ўтказилиши тартиби сақланиб қолинмоқда. Шу билан бирга, ўтган йил ва ундан олдинги даврда ўқишни тугатган абитуриентлар тест синовларида иштирок этиши учун энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида тўловни амалга ошириш тартиби таклиф қилинмоқда.

Абитуриентлардан тушган тўловлар тест синовларини янада сифатли ва қулай шароитларда ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни молиявий таъминлашга йўналтирилиши режалаштирилган. Ушбу маблағлар биноларнинг ижара тўловига, катта қувватли кондиционерлар, шахсни аниқлаш ва кузатиш камераси, ота-оналар учун мониторлар билан жиҳозлашга ҳамда абитуриентларни ичимлик суви ва ручка билан таъминлашга йўналтирилади.

Шу билан бирга, тест синовларини ташкил этиш қўшимча молиявий маблағларни талаб этади ва абитуриентлардан тушадиган тўловлар мавжуд харажатларни тўлиқ қоплаш учун етарли деб бўлмайди. Улар жумласига тўрт мингдан ортиқ гуруҳ назоратчиларига тўланадиган иш ҳақи, уларга ташкил этиладиган тушлик, тест материалларини сифатли тайёрлаш, ўз вақтида белгиланган жойларга етказиб бериш, олиб келиш, сақлаш ва шу кабилар киради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!