Япониянинг 39 та префектурасида фавқулодда вазият режими бекор қилинади

Япониянинг 39 та префектурасида фавқулодда вазият режими бекор қилинади

Япония ҳукумати апрелда коронавирус пандемияси сабабли бутун мамлакат бўйлаб киритилган фавқулодда вазият режимини 47 префектурадан 39 тасида бекор қилиш ҳақидаги қарорни тасдиқлади. Бу чекловлар кучга киргандан бери уларнинг илк бор енгиллаштирилиши.

Шу билан бирга фавқулодда вазият режими Токио ва унга ёндош Канагава, Сайтама ва Тиба, мамлакат ғарбидаги Киото, Осака ва Хёго ҳамда шимолдаги Хоккайдо префектураларида сақланиб қолади.

Япония ҳукумати фавқулодда вазиятни бекор қилишда мутахассислар фикрига таянган. Бунда ҳисобга олинган кўрсаткичлардан бири у ёки бу ҳудудда бир ҳафтада қайд қилинган коронавирусдан касалланишлар сони индекси бўлган. Агар бу индекс 100 минг аҳолига 0,5 дан ошмаган бўлса, енгиллаштиришга йўл қўйилган. 

Мисол учун, аҳолиси 14 миллионлик Токио учун янги касалланиш ҳолатларининг ҳафтасига 70тагача камайишига эришиш талаб этилади. Ўтган ҳафта бу кўрсаткич 200 атрофида бўлган ва шу сабабли у ерда фавқулодда вазият режимини ҳозирча қолдиришган. Бошқа ҳисобга олинган мезонлар орасида шифохоналарда бўш палаталар мавжудлиги, префектура тиббиёт тизимига умумий юклама даражаси ва коронавирусга тест ўтказиш имконияти бўлган. 

Ҳукумат бир ҳафтадан кейин, яъни 21 май куни яна бир мутахассислар йиғилиши ва коронавирусга қарши чоралар бўйича штаб мажлисини ўтказмоқчи. Улар натижаларига кўра қолган 8 префектурада фавқулодда вазият режимини бекор қилиш бўйича қарор қабул қилинади.

Айни вақтда Японияда Diamond Princess круиз лайнери йўловчилари ва экипажини ҳисобга олган ҳолда, коронавирусга чалинганлар сони 16,7 мингдан, ундан вафот этганлар сони 700 дан кўпроқни ташкил қилмоқда.

Мамлакатда фавқулодда вазият режими вақтида ҳаракатланишга ҳеч қандай қатъий чекловлар киритилмаган. Аҳолидан уйларини заруратсиз тарк этмаслик илтимос қилинган ҳамда ҳукумат илтимосига кўра таълим муассалари, савдо марказлари каби жамоат жойлари ёпилган, компаниялар аксарият ишчиларини масофадан ишлашга ўтказган.  

Фавқулодда вазият режими бекор қилингандан кейин у ёки бу объектларни очиш бўйича қарорларни префектуралар губернаторлари қабул қилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!