Япония Ўзбекистонга энг сўнгги русумдаги замонавий компьютер томографияси ускуналарини тақдим этди

Япония Ўзбекистонга энг сўнгги русумдаги замонавий компьютер томографияси ускуналарини тақдим этди

Республика эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказида Япония ҳукумати томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига замонавий компьютер томографияси ускуналари ҳамда махсус жиҳозланган тиббий контейнерни топширишга бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда Соғлиқни сақлаш вазири Б. Мусаев, Япония Парламентининг вакиллар палатаси аъзоси Кэидзи Фуруя, Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ёшинори Фудзияма иштирок этди.

Унда қайд этилганидек, COVID-19 пандемиясининг илк кунлариданоқ Япония ҳукумати Ўзбекистонга биринчилар қаторида инсонпарварлик ёрдами кўрсата бошлади.

Хусусан, 2020 йил март ойида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу давлат томонидан 500 миллион иена ажратилди.

Мазкур маблағ ҳисобига дастлаб Японияда ишлаб чиқарилган вирусга қарши самарали дори воситалари, кейинчалик Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан мамлакатимиз тиббиёт муссасаларига юқори технологик рентген аппаратлари олиб келиб ўрнатилди.

Бу гал ушбу грант лойиҳаси ҳисобидан юртимиздаги 3 та тиббиёт муассасасига Aquilion Prime SP 160 KT компьютер томографияси ускуналари ҳамда 1 дона махсус жиҳозланган SANSEI тиббий-диагностика контейнери топширилди.

Режага мувофиқ, замонавий компьютер томографияси қурилмалари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Республика эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Бухоро давлат тиббиёт институти клиникасига тақдим этилди.

Тиббий диагностика контейнери эса юртимизнинг олис ҳудудларида яшовчи аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига топширилди.

Ушбу компьютер томографиясининг ўзига хос афзалликлари шундаки, у орқали беморларни ҳар қандай текширувдан ўтказиш мумкин. Қолаверса, ушбу ускунанинг бошқариш опцияси минимал радиация таъсирида юқори сифатли тасвирларни олиш имконини беради.

Бундан ташқари, SANSEI тиббий-диагноситика контейнери офлайн режимда ишловчи мустақил мобиль диагностика жамланмаси бўлиб, у компьютер томографияси, ультратовуш диагностика ҳамда рентген аппаратлари билан жиҳозланган.

Тадбирда мазкур замонавий ускуналар беморларга ўз вақтида аниқ ташхис қўйишга хизмат қилиши, шунингдек, соҳа ходимларига катта қулайлик яратиши алоҳида таъкидланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!