Янгийўлдаги маҳаллаларнинг бирида пахта йиғим-терими учун пенсионерлардан 25 минг сўмдан пул йиғилгани аниқланди

Янгийўлдаги маҳаллаларнинг бирида пахта йиғим-терими учун пенсионерлардан 25 минг сўмдан пул йиғилгани аниқланди

Янгийўл шаҳрида пенсионерларнинг пенсиясидан пахта йиғим-терими учун деб ушлаб қолинган пуллар ўз эгаларига қайтариб берилди. Бу ҳақда Хушнудбек Худойбердиев маълум қилди.

Аввалроқ пахта йиғим-терими мавсумидаги мажбурий меҳнатга қарши курашиш мақсадида жамоатчилик назорати лойиҳаси сифатида Telegram мессенжерида @paxta2018_bot махус боти ташкил этилган эди. Унга, жумладан, Янгийўл шаҳридаги пенсионерлардан уларнинг пенсия пулидан пахта йиғим-терими учун маблағ ушлаб қолингани ҳақида хабар келиб тушган.

Ушбу мурожаат Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилган. Ўрганиш давомида Янгийўл шаҳар, «Янгибоғ» маҳалласи раиси А.Р. ва масъул котиби Х.Б.лар пахта терими учун нафақа олувчи фуқаролардан пул маблағлари йиққанлиги аниқланган.

Жумладан, маҳалласи раисининг пахта йиғим-теримига Фарғона водийсидан жалб қилинган теримчилар учун маҳалладаги ҳар бир хонадондан 25 минг сўмдан пул йиғиш тўғрисидаги топшириғига асосан, маҳалла масъул котиби Х.Б. нафақа тарқатиш вақтида нафақахўрлардан 25 минг сўмдан пул йиғиб, пулларни ўз уйига олиб бориб қўйгани аниқланган.

«Х.Б. томонидан нафақахўрлардан пахта йиғим терими учун йиғилган жами 1 586 000 сўм нақд пул ва пул берган нафақахўрларни рўйхати тузилган дафтар тақдим этилди. Ушбу дафтар кўздан кечирилганда жами 71 нафар фуқародан 1 470 000 сўм йиғилгани ҳақида маълумотлар борлиги аниқланди. Уларнинг 54 нафаридан тушунтириш хати олинган, шунда 33 нафар фуқаро ўз хоҳиши билан пул берганини тасдиқлаган», — дейилади прокуратура ахборотида.

Бундан ташқари, ўрганиш давомида Янгийўл шаҳар Маҳалла хайрия жамоат фонди раиси А.А. 2018 йилги пахта йиғим-терими мавсуми олдидан 15 та маҳалла раиси билан ўтказган йиғилишида Фарғона вилоятидан жами 150 нафар теримчи олиб келишга келишилгани, 2018 йил сентябрь ойи бошларида 15 та маҳалла раисларидан 1 миллион сўмдан жами 15 миллион сўм пул йиғилиб, Фарғона вилояти Олтиариқ туманидан келадиган теримчилар билан 750 минг сўмдан келишиб, аванс тариқасида ҳар бирига 100 минг сўмдан бериб келинганлиги, бу пулларни пахта йиғим теримига чиқишни хоҳламаган уюшмаган аҳолидан ва ҳомийлар ҳисобидан тўплаш режалаштирилганлигини ҳам аниқланган.

«Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текшириш ҳаракатлари давом этмоқда», — дейилади хабарда. Ўз навбатида, Хушнудбек Худойбердиев барча фуқароларни, агар уларда мажбурий меҳнатга оид маълумотлар бўлса, @paxta2018_bot махсус боти орқали йўллашга чақириб қолган.

Manba: daryo. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!