Янги Тошкентда 14 та туннел ва 100 минг автомобил учун ер ости тураргоҳлари қурилади
Янги Тошкентда транспортлар қатнови учун 14 та туннел, 100 минг автомобилга мўлжалланган ер ости тураргоҳлари қурилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев шаҳарадаги транспорт инфратузилмаси ва муҳандислик тармоқлари қурилиши билан танишиш чоғида маълум бўлди.
Маълумки, мазур шаҳар 1 миллион аҳоли яшашига мўлжалланган.
“Шаҳарда экологик транспорт тизими ташкил этилади. Метро ва электробуслар уйғунликда ҳаракатланади. Транспортлар қатнови учун 14 та туннел, 100 минг автомобилга мўлжалланган ер ости тураргоҳлари қурилади. Пиёдалар ҳамда велосипедчиларнинг тўсиқсиз ва хавфсиз ҳаракатланиши учун кенг қулайлик яратилади”, — дейилади хабарда.
Қуйидагилар амалга оширилмоқда:
Бўлажак чорраҳалардан бирида устунлар пойдеворини қуйиш ва гидроизоляция ишлари бажарилмоқда;
Айни пайтда бир ва икки секцияли муҳандислик коллекторлари қурилиши бошланган;
Шаҳарда замонавий урбанизация талаблари асосида “ақлли” технологиялар қўлланилади;
Мамлакатдаилк бор “уч генерация” станцияси қурилади;
Оқова сувлар ҳам замонавий технологиялар асосида қайта ишланиб, суғориш ва техник мақсадлар учун йўналтирилади.
Президентга Янги Тошкентнинг биринчи босқичида кўзда тутилган лойиҳалар ҳақида ҳам ахборот берилди.
“Аукцион орқали сотувга чиқарилган ер участкалари ғолиблари ўзларининг инвестициявий лойиҳаларини тақдим этишди. Шаҳарга кўплаб маҳаллий ва хорижий инвесторлар қизиқиш билдирмоқда. Хусусан, биринчи босқичда 490 миллион доллар қийматидаги 11 та кўп функцияли (mix-used) мажмуа, меҳмонхона ва ресторанлар лойиҳалари бошланган”, —дея қайд этилган хабарда.
Қайд этилишича, келажакда шаҳарда инновацион технологияга асосланган, юқори даромадли 200 мингта иш ўрни яратилади. Бунинг учун янги технопарклар, IT-парк, таълим ва тиббиёт кластерлари ташкил этилади.