Янги темир йўл 31 миллиард сўм маблағни тежаш имконини беради

Янги темир йўл 31 миллиард сўм маблағни тежаш имконини беради

Хусусан, “Ёшлик 1 конини ўзлаштириш” инвестиция лойиҳаси доирасида жорий йилнинг март ойида комбинат ишчи кучлари билан “Мис бойитиш фабрикаси – Шархия карьери, Иссиқлик энергияси маркази – Мис бойитиш фабрикаси чиқит сақлаш бўлинмаси йўналишларида темир йўллар қуриш” лойиҳасининг 2-босқичи бўйича қурилиш ишлари бошланган эди.

Ушбу лойиҳанинг мақсади – чиқит сақлаш бўлинмаларини мустаҳкамлаш учун қум-шағалларни темир йўл транспортида ташишни йўлга қўйиш ва бунда ташиш ҳажмини ошириш ҳамда ҳаражатларни камайтиришга эришиш. Чунки, ўтган давр мобайнида бу иш йирик автомобилларда бажарилар ва бу катта маблағни талаб этарди.

2020 йилда мазкур лойиҳанинг 1-босқичи бўйича 3,6 километр темир йўл қурилиб, ишга туширилган ва қум-шағаллар темир йўл транспортида ташила бошланган эди. Натижада бугунги кунга келиб 327 минг 857 метр куб қум-шағал ташилди ва 6,95 миллиард сўм тежаб қолинди.

Ҳозирги кунда коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб вазиятга қарамасдан комбинатнинг саноат темир йўл транспорти бошқармаси, “Олмалиқметаллургқурилиш” трести ва технологик транспорт бошқармаси ишчи-ходимларининг самарали ва фидокорона меҳнати натижасида ушбу объектнинг 2-босқичи бўйича қурилиш-монтаж ишлари белгиланган вақтда муваффақиятли якунланди. Хусусан, 5,58 километр узунликдаги темир йўл ва қум-шағалларни қабул қилиш бункери қурилиб, 12,7 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилди.

Ушбу янги объектнинг ишга туширилиши натижасида қум-шағаллар ўнлаб “БелАЗ” автомобилларида эмас, балки тўлиқ ҳажмда темир йўл транспортида ташилади. Бу эса йилига тахминан 31 миллиард сўм маблағ тежалишини таъминлайди ҳамда ташиш таннархини камайтириш имконини беради.

Бугун мазкур объектнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда иштирок этган комбинат бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов жамият тизимида бу каби лойиҳалар бардавомлик касб этишини, ушбу темир йўл ҳам комбинатда юқори ишлаб чиқариш самарадорлигини таъминлашини таъкидлади.

Объектни қуриш ишларида иштирок этган бир гуруҳ бунёдкорлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!