Янги флешмоб: санъаткорлар нега МИБни мақтаб қолишди? (видео)

Янги флешмоб: санъаткорлар нега МИБни мақтаб қолишди? (видео)

Ижтимоий тармоқларда Валижон Шамшиев бошлаб берган ва бошқа бир қатор санъаткорлар давом эттирган ўзига хос флешмоб тарқалмоқда. Телеграмдаги «BUGUNUZ» каналида жойлаштирилган видеода сўз усталари ва қўшиқчилар МИБ ходимларини оғиз кўпиртириб мақташини кўриш мумкин.

Бошидан таъкидлаш керак, бу флешмобда барча санъаткорлар ва халқ артистлари ҳам кўринмайди. Санъат олами вакиллари томонидан уюштирилган бу кичик акция табиийки бир қатор саволларни келтириб чиқаради:

1. Санъат вакиллари ўз ихтиёрлари билан МИБни мақташяптими?

2. Биринчи саволга катта эҳтимол билан йўқ деган жавоб берилишини тахмин қилсак, ким ёки нима уларни бу ишга мажбур қилмоқда?

3. Табиийки мавзу юзасидан сўралса, барча санъаткорлар бу ўзларининг ташаббуслари эканини айтишади, лекин нега улар кўпчилик бўлиб ва бир вақтда бундай ғояга эргашдилар?

4. МИБнинг обрўси шу қадар тушганмиди, бу акциядан сўнг кўтариладими?

5. Энг муҳими, бу флешмобга МИБ ва «Ўзбекконцерт» раҳбариятининг муносабати қанақа?

Бугун мана шу саволларга жавоб ахтариб ижтимоий тармоқлардаги бу акцияга муносабат, шунингдек ўз шахсини сир сақлаган манбаларнинг маълумотларини ҳам ўрганамиз.

Демак, ўз шахсини сир сақлашни сўраган манбанинг айтишича, МИБ ходимларига ўзларига таниш санъаткорларни топиб, МИБ фаолиятини мақтаб беришларини сўраш ва видеоларини жамлаб, тарқатиш буюрилган.

Видео остидаги изоҳлар кутилганидек турли-туман бўлди. Кимдир санъаткорларнинг иккиюзламачилигини қоралаган, ўзлари ҳамиша тўлов ва солиқлардан қочиб юришларини танқид қилган бўлса, яна кимдир МИБ шу йўл билан ўз имижини яхшилашга уринаётгани, лекин бу пиар кўп ҳам самарали бўлмаётганини таъкидлади. Бу акцияни оқлаганлар, ўзаро ҳамкорлик натижасида омманинг тўлов маданияти яхшиланишини билдирганлар ҳам бўлди, аммо улар жуда озчилик эди.

Юқоридаги саволларга жавоб олиш учун аввал МИБ вакилларига, кейин санъаткорларга, ва ниҳоят «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси раҳбариятига мурожаат қилдик.

Дастлаб МИБ МИБ жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Фаррух Тошпўлатов билан боғландик:

– Юқоридаги санъаткорларга Бюро органлари ҳақида ўз фикри ва эътирофларини билдиришлари ҳақида топшириқ ёки кўрсатма умуман бўлмаган. Бу акция ҳақида ўзимиз ҳам телеграм каналлари орқали билдик. Лекин бир нарсани тан олишимиз керак, МИБнинг Чилонзор туманидаги баъзи ходимлари бошқа тумандаги ходимларга артистлар орқали салом йўллашган, бу эса телеграм тармоғи орқали бошқа туман ходимлари назарига тушиб, улар флешмобни давом эттиришган. Эътибор берган бўлсангиз, гап асосан чекланган ҳудуд ҳақида – Тошкент шаҳрининг уч тумани тўғрисида кетади. Биз телеграмда хабар топишимиз билан бу акциянинг умуман Бюрога ёки МИБ раҳбариятига тааллуқли эмаслигини тушунтириб, тўхтатиш ҳақида кўрсатма бердик.

Кимдир ўйлаши мумкин, санъаткорларга шу йўсинда қандайдир имтиёз берилармикан, деб. Ўзингиз ўйланг, бу санъаткорлар МИБни мақташмоқда. Лекин қонун ҳамма учун баробар, қарзи бор, ёки суд қарори бўйича ундирув амалга ошириш жараёнида бўлса, ҳаммага бир хилда қўлланилади. Агар эътибор берган бўлсангиз, баъзи санъаткорларимизнинг хонадонларига бориб, мажбурий ундирув амалга оширилгани ҳақида мисоллар жуда кўп. Ҳатто алиментлар бўйича машҳур артистларга ҳам 15 суткалик қамоқ жазоси қўлланган.

Бу акция Бюро обрўйига тааллуқли, яъни қандайдир обрў олиб келади, деб ҳисобламаймиз. Сабаби, МИБ бундай акцияга муҳтож эмас. Санъаткорларнинг фикрлари ижобий ёки салбий бўлишидан қатъи назар МИБ ходимлари белгиланган қонун-қоидаларга кўра иш кўрадилар.

Санъат усталарининг сўзларига қулоқ тутамиз.

Дилфуза Исмоилова, хонанда: – МИБ ҳақида... Ҳа, эсладим у флешмобни. Зўр бўлди, олдин тўловлар учун уёқ-буёққа қатнаб овора бўлардик, ҳозир шу ташкилот чиқиб анча осон бўлдику? Бу ҳақда эшитиб, мен ўз ихтиёрим билан интервью бердим. Шунчаки ўзим тушиб бердим, ҳамма ўз туманини мақтаган экан, мен ҳам ўз туманим ходимларини чин дилдан мақтадим. Бунинг ёмон томонини кўрмасдан, одамларга ҳам қулайлик яратаётганини тан олишимиз керак, ахир тўловларни тўлашда халқимизга, ўзимизга осон бўлдику?

Суҳроб Ҳасанов, актёр: – Бизга ўша ердаги ўртоқлар илтимос қилишганди. Ҳеч ким бизни мажбур қилгани йўқ, танишларимизнинг танишларининг илтимосида бу, шахсан ўзимга чиқишмаганди. Яхши ниятда қилинганди, лекин изоҳларни ўқиб ўзимиз ҳам ноқулай бўлдик... Ҳеч кимнинг дилини оғритишни, кимгадир ноқулай вазият яратишни ўйламагандим. Меҳриддин ака Раҳматовдан ҳам айни шу масалада мен илтимос қилгандим. У киши ўзлари съёмкада бўлганларига мен сўрагандим, йўқ демадилар. Лекин бирортамизнинг қарздорлигимиз ҳам, МИБ ходимлари билан боғлиқ муаммомиз ҳам йўқ.

«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ҳам изоҳ берди.

Одилжон АБДУҚАҲОРОВ, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси директори:

— Шу кунларда ижтимоий тармоқларда бир қатор санъат вакиллари томонидан Мажбурий ижро бюроси ходимлари мақталган видеолар тарқалди. «Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг бу флешмобга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Очиғи, бу биз учун ҳам кутилмаган ҳолат бўлди.

Фурсатдан фойдаланиб, биз хонандаларга ижтимоий тармоқларда ўзлари тушунмаган, билмаган мавзуларда фикр билдириб, кенг оммага ёмон кўриниб юришлари ўрнига, чиройли ижод намуналари яратиш устида ишлаб, қалблардан жой оладиган қўшиқлар, саҳнавий чиқишлар тайёрлаб, мухлислар олқишига сазовор бўлиб юришлари афзаллигини таъкидлаб ўтмоқчимиз.

Ижтимоий тармоқлардаги бундай ҳолатлар ва санъаткор одоби ҳақида эса яқин кунларда «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси томонидан «Маънавият соати» ўтказиш режалаштирилган. Мазкур йиғилишда шу ва шунга ўхшаш масалаларга яна батафсил тўхталамиз».

Манба: kun.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!