Янги Буюк ипак йўллари

Янги Буюк ипак йўллари

Хитой Компартияси Марказий Қўмитасининг “Жэньминь жибао” газетаси редакцияси ташаббуси билан 2018 йил 22 октябрдан 2 ноябрга қадар "Бир макон – бир йўл" шиори остида журналистларнинг халқаро форуми бўлиб ўтди. Мазкур анжуманда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ижодий ходимлари ҳам иштирок этди.

Форум Пекин шаҳрида, 4 миллиондан ортиқ нусхада чоп этиладиган “Жэньминь жибао” газетаси медиа марказида ҳамда мамлакат жанубида жойлашган Хайнань оролидаги Халқаро форумлар марказида ўтказилди.

Унда 90 мамлакат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, 200 дан ортиқ ОАВ раҳбарлари, халқаро ва иқтисодий долзарб мавзуларда қалам тебратувчи журналистлар, 250 дан ортиқ фахрий меҳмонлар, дипломатлар, халқаро таҳлилий марказларнинг экспертлари иштирок этди.

Журналистлар қадимги Буюк ипак йўли бўйлаб “Бир макон – бир йўл” шиори остида Шарқдан Ғарбга қараб йўналтирилган темир ва автомобиль йўллари лойиҳаси, бу мегалойиҳанинг қурилиши ва ишга туширилишини ёритишда жаҳон ОАВ олдида турган вазифалар ва журналистларнинг ўзаро ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қилди.

"Жэньминь жибао" газетасининг президенти Ли Баошан форумга йиғилган журналистларни муборакбод этар экан, катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий аҳамиятга эга бўлган бу улуғ ва савобли ишда уларга муваффақият тилади.

Форум ишининг биринчи куни журналистлар Хитойнинг жанубида жойлашган қадимда қолоқ, аҳолиси қашшоқ, чор атрофи ботқоқ бўлган Хайнань оролининг бугунги ҳаёти билан танишди. Бу оролда сўнгги 30 йил ичида денгиз қирғоғида қад кўтарган, қудратли юк ортиш ва тушириш кранлари ишлаб турган йирик бандаргоҳларни, ғаройиб шаклда барпо этилган, шароитлари бўйича дунёда иккитагина бўлган етти юлдузли, кўп қаватли замонавий “Атлантик” ва бошқа меҳмонхоналарни, нефть, ҳўл мева, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхоналарни, барча қулайликларга эга бўлган замонавий шаҳар ва қишлоқлар қиёфаларини кўриб, қаровсиз, ташландиқ орол бир авлод умри мобайнида дунёдаги энг замонавий курорт шаҳарга айлантирилганининг шоҳиди бўлди.

Маълумки, Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпинь 2013 йил сентябрь ойида Евроосиё давлатларига мурожаат қилиб, янги Буюк ипак йўлининг Иқтисодий лойиҳасига бағишланган режалари билан ўртоқлашди. Унда Хитой раҳбари Европага қараб янги Буюк ипак темир йўлини ҳамкорликда қуриш ташаббуси билан чиқди. Шу йилнинг октябрь ойида Индонезияга ташрифи чоғида ХХI асрнинг яна бир йирик лойиҳаси – Европага қараб Буюк ипак сув йўлини ишга тушириш, Шарқдан Европага қадар бўлган денгиз ва океан қирғоқларида қўшимча замонавий бандаргоҳлар қуриш юзасидан АСЕАН давлатларига қарата мурожаат билан чиқди.

Хитой раҳбари янги Ипак йўлининг Иқтисодий масалалари бўйича “Ягона тақдирга эга инсоният” номли концепциясини таклиф этди. Мазкур концепция жиддий ва мураккаб бўлишига қарамай, ниҳоятда пухта ишланган. “Глобал бошқарув”да: сиёсий келишув йўлларини қидириш, ягона инфратузилма тармоғини яратиш, савдо алоқасини яхши йўлга қўйиш, валюта-молиявий оқимига кенг йўл очиш, инсоният ҳаётининг турли тармоқларидаги амалий ҳамкорликда гуманитар алоқаларни ривожлантириш каби бешта муқобил вариантни ўз ичига олади.

Хитой ташаббуслар билан қаноатлангани йўқ. Қисқа вақт ичида бу лойиҳаларни амалга ошириш учун Ҳукуматнинг тараққиёт ва реформалар қўмитаси қошида бошқарув канцеляриясини ташкил этди. Инфратузилма инвестициялари бўйича Осиё банкини очди. Лойиҳани амалга ошириш учун Хитой ҳукумати 10 миллиард АҚШ долларилик Қўшма инвестиция фондини яратди.

Холисона, яхши ният билан пухта ўйланиб қилинаётган ва самараси шундоққина кўриниб турган бу лойиҳа жаҳонда якдиллик билан қўллаб-қувватланди. Мағриб билан Машриқни боғлаб турадиган қитъалараро темир йўл қурилишига БМТга аъзо давлатларнинг қарийб ярми шу заҳоти ўз хайрихоҳлигини билдирди. Бугунга қадар бу ғояни амалга оширишга 100 дан ортиқ мамлакат розилик бериб, мегалойиҳада иштирок этиш истагини билдирди. Ҳозирнинг ўзида йўлни ҳамкорликда қуриш бўйича 80 дан ортиқ давлат билан шартномалар имзоланди. Лойиҳани, шунингдек, БМТ, ШҲТ, БМТ Хавфсизлик кенгаши, БМТТД, БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти каби умумжаҳон халқаро ташкилотлари ҳам қўллаб-қувватлади.

Хитой иқтисодий алоқаларни, савдо-сотиқни ривожлантириш бўйича дунёда бутун бир инқилоб қилаяпти, деса бўлади. Сабаби, янги Буюк ипак (темир) йўли нафақат давлатлараро савдо-сотиқни ривожлантиришга хизмат қилади, балки янги йирик замонавий ишлаб чиқариш тизимини яратишга замин яратади.

Биз учун яна бир муҳим томони шундаки, Тошкент темир йўл вокзалидан Хитой, Покистон, Ҳиндистонга ҳамда Париж, Рим, Берлин ёки Франция билан Англияни ажратиб турадиган денгиз қўлтиғидан туннель орқали тезюрар поездларга ўтиб, Лондонга бориш имкониятига эга бўламиз. Бу, шунингдек, Осиё, жумладан, Марказий Осиё ва Европа қитъалари мамлакатлари иқтисодиётини жадал ривожлантиришга хизмат қилади, замонавий технологияларни олиб киради, юқори самарали илғор иш услублари жорий этилади. Малакали ишчилар, мутахассислар қатлами шаклланади.

Хитой лойиҳасида Ҳинд океани қирғоғидан бошланадиган темир йўлнинг Евроосиёдаги учта йирик макроминтақа: Марказий Осиё ва Россия, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё, Жануби-Шарқий ва Жанубий Осиё орқали Европага чиқиш географик йўналишлари белгиланган. Эътибор берсангиз, дунёдаги энг узун бу йўлнинг учта макроминтақаси йўналишининг иккитаси Марказий Осиё (бешта мамлакат билан чегарадош бўлган Ўзбекистон) орқали Европага чиқади.

Шу кунга қадар биз битта, у ҳам бўлса, туялар ва арғумоқлар юрадиган Буюк ипак йўлини билар эдик. Мана, энди қадимги бу йўл қаторига Шарқдан Европага қараб темир, автомобиль ва денгиз йўллари очилмоқда.

Бугунги жадал суръатлар билан тараққий этаётган жаҳоннинг талаб ва эҳтиёжлари шунчалик юқорики, бу масала ва муаммолар ўзининг янги глобал ечимини кутаяпти. Катта суръатлар билан ривожланаётган Хитой иқтисодиёти кундан-кунга мустаҳкамланиб, кўплаб мамлакатлар олдида энг ишончли ҳамкор мавқеини эгалламоқда, хорижий давлатларга каттадан-катта инвестициялар киритмоқда. Экспертларнинг фикрича, 2030 йилга бориб Хитой ҳар бир давлат учун муҳим кўрсаткич бўлган ялпи ички махсулот ишлаб чиқариш бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаши мумкин. Хитой аҳолиси ҳозирнинг ўзида маҳсулот харид қилиш кўрсаткичлари бўйича ер юзидаги барча мамлакатлардан ўзиб кетди.

Хитой халқ дипломатияси ассоциациясининг Бош котиби Чжао Сиюаннинг таъкидлашича, ўтган беш йил ичида “Бир макон – бир йўл” атрофида жойлашган давлатлар билан Хитойнинг товар айирбошлаш ҳажми 5 триллион долларни ташкил этди. Хорижий давлатларга чиқарган инвестицияси эса 70 миллиард доллардан ошиб кетган.

Анжуманда “Бир макон – бир йўл” халқаро форумининг навбатдаги мажлисларидан бири Ўзбекистонда бўлиб ўтиши таъкидланди.

Журналистлар халқаро форум доирасида Хитой Компартияси Марказий Қўмитаси раҳбарияти қабулида бўлди.

Мамлакатимизда бўлаётган ўзгаришлар ҳақидаги мақола “Жэньминь жибао” газетасида чоп этилди. Мақола хитойлик ижодкорлар томонидан илиқ кутиб олинди. Форум доирасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва “Жэньминь жибао” газетаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Тошкентдаги Шарқшунослик институти қошида Хитой мутахассислари иштирокида “Бир макон – бир йўл” илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш масаласи қўриб чиқилмоқда.

Ўзаро келишувга биноан янги Буюк ипак йўллари тўғрисида ОАВ ўртасида мунтазам ахборот алмашиб туришга, адабий-публицистик тўплам тайёрлаб, уни 6 тилда чоп этиш ва тарқатишга қарор қилинди.
 

Manba: uza. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!