Яна Жиззах, яна фожиа: бир оиланинг 3 фарзанди вафот этди, она реанимацияда

Яна Жиззах, яна фожиа: бир оиланинг 3 фарзанди вафот этди, она реанимацияда

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги Зиёкор маҳалласида уч нафар ака-ука ва уларнинг онаси ис газидан заҳарланди. Фожиа оқибатида болалар вафот этишган, она – реанимация бўлимида қолмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан Kun.uz`га маълум қилишларича, бахтсиз ҳодиса бугун, 25 январь куни тонг соат 5:10лар атрофида рўй берган

«Вафот этган болалар 8, 12 ва 14 ёшларда, уларнинг ҳаммаси ўғил болалар бўлган. Болаларнинг онаси, 37 ёшли С.А. ҳозир реанимация бўлимида, шифокорлар унинг ҳаёти учун курашмоқдалар», – деди ССВ Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев.

Таъкидланишича, мазкур ҳодиса юзасидан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган маълумотларнинг барчаси ҳам тўғри эмас, яъни улар овқатдан эмас, ис газидан заҳарланиб вафот этишган.

Эслатиб ўтамиз, ис гази 9 январь куни Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида ҳам бир оиланинг 4 аъзосини ҳаётдан олиб кетган эди. «Кўкгумбаз» МФЙга қарашли Қоронғул қишлоғида яшовчи ота-она ҳамда уларнинг икки фарзанди ҳалок бўлган эди.

Январь ойида, шунингдек, Тошкент шаҳар Юнусобод туманида она ва икки ёшли фарзанди, Фарғона вилояти Қува туманида бир оиланинг икки фарзанди ис газидан заҳарланиб, вафот этди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!