Яна бир шахс айбсиз деб топилиб, оқланди

Яна бир шахс айбсиз деб топилиб, оқланди

Жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг 2014 йил 10 июлдаги ҳукмига кўра, Ш.Саитов, Ўзбекистон Республикаси ЖК 167-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 209-моддаси 2-қисмининг “а” банди айбли деб топилган.

Ўзбекистон Республикаси ЖК 167-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан ЖКнинг 45-моддасига асосан, 3  йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида 22.880.000 сўм жарима жазоси; ЖК 209-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан энг кам ойлик иш хакининг 300 баравари миқдорида 17.160.000  сўм жарима жазоси; тайинланган жазоларни ЖКнинг 59-моддаси тартибида қисман қўшиб, 3 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида 28.600.000 сўм жарима жазосига судланган.

Суднинг ҳукмига кўра, Ш.Саитов, 2001 йилнинг 15 февраль кунидан 2013 йилнинг 08 июль кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Когон филиалида бошқарувчи лавозимида ишлаб келиб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, банкнинг Бухоро бўлими умумий бўлим бош мутахассиси Р.Раупов, “Когон-Бунёдкор” шуъба корхонаси раҳбари М.Гафуров, “Огох” хусусий корхонаси иш юритувчиси С.Яндашев, “Магамед строй сервис” МЧЖ раҳбари М.Фидаров ва бошқалар билан олдиндан тил бириктириб, унга ишониб топширилган ва унинг ихтиёрида бўлган жуда кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш ва растарата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

Хусусан, Ш.Саитов 2010 йилнинг 09 апрель куни “20-трест” МЧЖ “Когон-Бунёдкор” ШК рахбари М.Гафуров билан 1.207.073.752 сўмлик “Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки Когон филиали биноси” объектини қуриш тўғрисида 1-сонли шартномани тузиб, шартномага асосан умумқурилиш ишлари юзасидан 29.04.2010 йилдаги 73.933.430 сўмлик, йилдаги 192.092.330 сўмлик, 27.06.2010 йилдаги 186.718.770 сўмлик, йилдаги 147.046.490 сўмлик, 27.07.2010 йилдаги 141.221.080 сўмлик, йилдаги 141.691.018 сўмлик, 24.10.2010 йилдаги 113.178.264 сўмлик, йилдаги 50.423.630 сўмлик, 2011 йил март ойидаги 42.797.898 сўмлик, санаси кўрсатилмаган 36.106.422 сўмлик ва 19.427.364 сўмлик, жами 1.144.636.696 сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари юзасидан бажарилган ишлар тўғрисидаги далолатнома (Форма-2) хамда бажарилган ишлар қиймати тўғрисидаги ҳисоб-фактураларни (Форма-3) расмийлаштириб, мазкур ҳужжатларда акс эттирилган қурилиш объектида бажарилган ишларни, шу жумладан “Когон Бунёдкор” шуъба корхонаси томонидан аслида бажарилмаган, яъни мазкур корхона томонидан ортиқча қўшиб кўрсатилган 43.638.990 сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қабул қилиб олиб, пудратчи корхона раҳбари М.Гафуров билан олдиндан тил бириктириб, бажарилган ишлар тўғрисидаги далолатнома ҳамда бажарилган ишлар қиймати тўғрисидаги ҳисоб-фактураларга била туриб, сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиб, юқоридаги ҳужжатларни имзолаб, тузилган сохта ҳужжатларни тўловга тақдим этиб, натижада банк томонидан унга ишониб топширилган ва унинг ихтиёрида бўлган 43.638.990 сўм миқдоридаги пул маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган ҳамда банк акциядорлари ва давлат манфаатларига шунча миқдорда зарар етказган.

Кассация шикоятида, судланган Ш.Саитов, биринчи инстанция судининг ҳукми асоссизлиги, унинг айби етарли далиллар билан исботланмаганлиги, қурилиш бўйича мутахассис эмаслиги, унинг ташаббуси бўйича текширувчилар жалб қилиниб 70.000.000 сўмдан ортиқ пул маблағлари қайтарилганлиги, иш бўйича бирор шахс унга нисбатан қарши кўрсатув бермаганлиги, ишда жиноий фаолият олиб борганлигини тасдиқловчи далилллар мавжуд эмаслиги, иш бўйича буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар ўртасидаги муносабатлар фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар ҳисобланиши, унинг ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлигини, иш бўйича ҳар қандай шубҳа ва гумон унинг фойдасига ҳал қилиниши лозимлиги ҳақида важлар келтириб, ҳукмни бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.

Судлов ҳайъати, суд ҳукмини бекор қилиб, Ш.Саитовни реабилитация этишни лозим деб топади.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 9-моддасида шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмиши учунгина жавобгар бўлиши кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 22-моддасига биноан, суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқиши, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатларни аниқлаши ва ҳисобга олиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2014 йил 23 майдаги “Суд ҳукми тўғрисида”ги 7-сонли Қарорининг 4-бандида, иш бўйича ҳукм иш материалларида маълум бўлиб қолган барча камчиликлар тўлдирилгандан кейингина чиқарилиши мумкинлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши кераклиги, судланувчини жиноятни содир қилганлигини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳар бир далил, ЖПКнинг 95-моддасига мувофиқ ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозимлиги кўрсатилган.

Бироқ, биринчи инстанция суди Ш.Саитовга нисбатан айблов ҳукми чиқаришда қайд этилган Қонун талаблари ва Олий суд Пленумининг раҳбарий тушунтиришларига риоя қилмаган.

Чунончи, жиноят иши ҳужжатларидан кўринишича, Ш.Саитов, 2010 йилнинг апрель ойидан то 2011 йилнинг август ойига қадар Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки Бухоро бўлими умумий бўлим бош мутахассиси Раупов Рахим Каримович, “Когон-Бунёдкор” шуъба корхонаси раҳбари Гафуров Мардон Файзуллоевич, “Огох” хусусий корхонаси иш юритувчиси Яндашев Садриддин Насриевич, “Магамед строй сервис” МЧЖ раҳбари Фидаров Магомедхан Шайхрамазонович ва бошқалар билан олдиндан тил бириктириб, унга ишониб топширилган ва унинг ихтиёрида бўлган жуда кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш ва растарата қилиш йўли билан талон-торож қилганликда айбланиб, судланган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 650-моддасида ишнинг сифати лозим даражада бўлмаганлиги учун пудратчининг жавобгарлигига оид нормалар кўрсатилган бўлиб, унга биноан иш пудратчи томонидан лозим даражада бажарилмаган тақдирда буюртмачи камчиликларни оқилона муддатларда бепул баратараф этишни, иш учун белгиланган баҳони мутаносиб равишда камайтиришни талаб қилиши мумкин.

Жиноят иши материалларида ҳам банкнинг Когон филиали биноси қурилиши бўйича бажарилган ишлар Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки мутахассислари А.Муратов, Е.Пўлатов ва Э.Салимовлар томонидан текширилганда 22.248.319 сўм ортиқча иш ҳажмлари аниқланганлиги, қурилиш тугаллангандан сўнг эса “Қишлоқ Қурилиш инвест” ИШИК мутахассиси М.Жумаев томонидан назорат ўлчови ўтказилганда 50.081.653 сўм, жами бўлиб 72.329.972 сўмлик ортиқча олинган иш ҳажми аниқланганлигига оид ҳужжатлар мавжуд бўлиб, ортиқча олинган суммалар бажарилган ишлар далолатномаларидан (Ф-3, Ф-2) чегириб қолинган. Мазкур ҳолат ҳам Ш.Саитовнинг “Мен пудратчи ташкилотлар раҳбарлари билан жиноий тил бириктирган тақдирда ўзимнинг ташаббусим билан ушбу текширишларни ўтказмаган бўлар эдим ва бажарилган ишлар суммасидан ортиқча ҳисобланган суммалар чегирилмаган бўлар эди” – деб келтирган важларининг тўғрилигини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 21 майдаги “Жазоларни либераллаштириш тўғрисидаги қонунни иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга нисбатан қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 4-сонли қарорининг 5-бандида, қонунга кўра, ҳукм тахминларга асосланиши мумкин эмаслиги туфайли моддий қимматликлар камомади фактининг ўзи, агар унинг сабаблари тергов ва суд томонидан аниқланмаган бўлса, талон-торож қилиш жинояти сифатида баҳоланиши мумкин эмаслигини судлар назарда тутишлари кераклиги, шахсни ўзганинг мулкини талон-торож қилишда (ЖК 167-моддаси) айбдор деб топиш учун бу мулк айбдор томонидан ўз фойдасига ёки бошқа шахслар фойдасига қаратилганлигини тасдиқловчи аниқ фактларга асосланмоқ зарурлиги тўғрисида тушунтириш берилган.

Гарчи, жиноят ишидаги текшириш ҳужжатларида, чунончи ТИФ Миллий банки Когон филиали биноси қурилиши объекти бўйича қурилиш монтаж ишларини назорат ўлчовидан ўтказиш юзасидан тузилган далолатномаларда иш ҳажмлари ортиқча ҳисобланганлиги аниқланган бўлсада, бироқ ишда айнан Ш.Саитовнинг мазкур ҳолатларда жиноий иштирокчилиги бўлганлигини тасдиқловчи аниқ фактлар, далиллар мавжуд эмас. Шу боис ҳам, дастлабки тергов органи ва биринчи инстанция судининг Ш.Саитовнинг олдиндан жиноий тил бириктириб, ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилганлиги, мансаб сохтакорлигига оид хулосалари фақат тахминга асосланган бўлиб, процессуал қонуннинг ҳукм тахминларга асосланиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги талабларига жавоб бермайди.

Ўз навбатида, мазкур жиноят ишининг Р.Раупов, М.Ғафуров, С.Яндашев, М.Фидаровга оид қисми, уларнинг аризаларига асосан жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг 2014 йил 15 май кунидаги ажрими билан Ўзбекистон Республикаси ЖПК 84-моддаси 1-қисмининг 2-бандига биноан, яъни айблилик тўғрисидаги масала ҳал қилинмасдан амнистия акти асосида тугатилган. Шу боис ҳам, судлов ҳайъати, жиноят ишининг пудратчи ташкилотлар раҳбарларига оид қисми уларнинг айблилиги тўғрисидаги масала ҳал қилинмаган ҳолатда тугатилган бир вазиятда, улар билан олдиндан жиноий тил бириктириб ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва растрата қилишда айбланган Ш.Саитовнинг айби исботланганлиги тўғрисидаги хулосасига қўшила олмайди.                

Худди шунингдек, судлов ҳайъати, Ш.Саитовнинг ўзгалар мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилганлиги ҳолати суд муҳокамасида тасдиқланмаганлиги боис, унинг ҳаракатида талон-торожни амалга ошириш учун содир қилинган деб ҳисобланган, фақат тўғри қасд билан содир қилинадиган мансаб сохтакорлиги жинояти таркиби ҳам мавжуд эмас деб ҳисоблайди.

Судлов ҳайъати, юқорида қайд этилган асослардан келиб чиқиб,  Ш.Саитовнинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси ЖК 167-моддаси 3-қисмининг “а” банди,  209-моддаси 2-қисмининг “а” бандида кўрсатилган жиноят аломатлари мавжуд эмас деб топади.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 23-моддасига кўра, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 463-моддасига мувофиқ, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилиши, айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларини текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча  кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозим.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддасига мувофиқ, қилмишида жиноят таркиби бўлмаган шахс айбсиз деб топилиши лозим.

Жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг 2014 йил 10 июлдаги Саитов Шерали Ерахматовичга оид  ҳукми бекор қилиниб, ОҚЛАНДИ.

 

С. Найимов,

Жиноят ишлари бўйича

Бухоро вилоят суди судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!