ХТВ Шайхонтоҳур туманидаги мактабда содир бўлган ҳодиса юзасидан расмий маълумот берди

ХТВ Шайхонтоҳур туманидаги мактабда содир бўлган ҳодиса юзасидан расмий маълумот берди

Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқда уч нафар ўқувчи томонидан калтакланаётган ўқувчи видеоси тарқалди. Мазкур ҳолат 2 декабрь куни Шайхонтоҳур туманидаги 254-умумий ўрта таълим мактабида содир бўлган.

Халқ таълими вазирлиги маълумотларига кўра, мактабнинг 8-“Б” синф ўқувчилари Р.Р., А.М., А.О., С.М. ва А.К. синфда ўзаро жой талашиб, бир-бирини ҳақоратлаган.

Танаффус вақтида мактаб биносининг 3-қават коридорида уч нафар ўқувчи Р.Р., А.О., А.М. ўқувчи А.К.ни урган.

Мазкур ҳолатни С.М. ўқувчи Р.Р. берган уяли телефон аппаратига видеотасвирга олган. Ушбу тасвирга олинган видеони Р.Р. ижтимоий тармоқларда тарқатган.

Халқ таълими вазирининг Назорат-ҳуқуқий хизмати ходимлари аралашуви билан мазкур ҳолатга Шайхонтоҳур туман ИИО ФМБ инспектори жалб этилди. Мактаб маъмурияти, ўқитувчилар ва ота-оналар ўртасида суриштирув ишлари олиб борилди. Вояга етмаган ҳуқуқбузарлар Р.Р., А.О. ва А.М. ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси тартибида чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар Шайхонтоҳур тумани Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиясида кўриб чиқиш учун юборилди.

Шайхонтоҳур тумани Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияси мазкур ишни ўрганиб чиқди ва 5 декабрь куни юқорида номлари кўрсатиб ўтилган ўқувчиларнинг ота-оналари Р.М., К.М., О.Т. ва М.Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддаси 1-қисмига биноан жарима жазоси тайинланди.

Шу билан бирга, Р.М.ни оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича судга даъво аризаси киритилади. Вояга етмаган ўқувчи Р.Р.ни ихтисослашган махсус муассасага жойлаштириш бўйича ҳужжатлар тайёрлаш ишлари бошланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!