ХТВ Сарвар Отамуродов танқидига жавоб қайтарди

ХТВ Сарвар Отамуродов танқидига жавоб қайтарди

Халқ таълими вазирлиги Миллий тикланиш партияси раҳбари Сарвар Отамуродов танқидига раддия билдирди.

Халқ таълими вазирлиги Миллий тикланиш демократик партияси марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуродовнинг Сирдарё, Самарқанд, Фарғона, Тошкент вилоятларидаги тарбияси оғир болалар учун мўлжалланган 4 та махсус мактабдаги вазият юзасидан билдирган танқидий фикрларига раддия билдирди.

ХТВнинг маълум қилишича, бугунги кунда республикада алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган 4 та таълим муассасалари мавжуд. Булар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфидаги Бахт шаҳридаги ўғил болалар махсус коллежи ва Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежи, Халқ таълими вазирлиги тасарруфида Самарқанд шаҳридаги 64-сонли ўғил болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати ҳамда Чиноз туманидаги 5-сонли қиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатидир.

Мазкур мактаб-интернатларига ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган ёхуд руҳий касаллик билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланишда ўз ёшига нисбатан анча орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг моҳиятини тўлиқ англаб етишга қодир бўлмаган, якка тартибдаги профилактика иши олиб борилаётганлигига қарамай, ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир қилишни давом эттираётган 11 14 ёшли вояга етмаганлар маълум бир муддатга (6 ойдан 3 йилгача, то ахлоқан тузалгунларига қадар) жойлаштирилади. Тарбияланувчилар ахлоқан тузалганларидан сўнг, умумтаълим мактабларида таълим олишни давом эттиради.

Халқ таълими тизимига қарашли Самарқанд шаҳридаги 64-сонли ўғил болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида жами 113 нафар тарбияланувчига 43 нафар, Чиноз туманидаги 5-сонли қиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида жами 40 нафар вояга етмаган болаларга 20 нафар педагог таълим-тарбия беради.

Маълумотларда келтирилган жумлалар тўғрисида тўхталиб ўтадиган бўлсак, аввало ҳомиладор ёш қизлар бор, у шароитларда одам яшай олмайди қабилидаги гаплар келтириб ўтилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, вазирлик тасарруфидаги юқорида келтириб ўтилган таълим муассасасида 11 14 ёш қизлар тарбияланади. Тарбияланувчи қизлар орасида эса бу каби ҳолатлар қайд этилмаган , дейилади баёнотда.

ХТВнинг эътирозига кўра, Халқ таълими тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатларига ўқувчилар суд ажрими ва халқ таълими вазирлигининг йўлланмасига асосан чуқур тиббий кўрикдан ўтказилган ҳолда қабул қилинади. Тарбияланувчиларнинг ҳомиладорлиги ҳақида тарқатилган нотўғри маълумотлар эса 11 14 ёшли қизларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан таҳқирлашга сабаб бўлмоқда.

Маълумотдаги яна бир ҳолатга эътибор қаратсак, аҳвол криминал бўлиб ётибди, давлат бюджетидан ажратилган пуллар талон-тарож. Ўзи шундоқ ҳам хулқи ёмон болалар орасида муҳит жуда ачинарли дея айтиб ўтилган.

Мазкур ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари 2018 ва 2019 йиллар давомида бир неча бор Ўзбекистон Бош прокуратураси, турли ташкилот ва идоралар ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг болалар жамғармаси ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимлари томонидан ўрганилган. Ўрганиш давомида таълим муассасаси фаолияти ва тарбияланувчилар томонидан айтиб ўтилган салбий ҳолатлар аниқланмаган, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 16 март куни Ҳаракатлар стратегияси марказида бўлиб ўтган очиқ мулоқот вақтида Миллий тикланиш партияси раҳбари партия вакиллари Сирдарё, Самарқанд, Фарғона, Тошкент вилоятларидаги тарбияси оғир болалар учун мўлжалланган 4 та махсус мактабга бориб вазиятни ўрганганини айтиб ўтган эди.

Аҳвол криминал бўлиб ётибди, давлат бюджетидан ажратилган пуллар талан-тарож. Ўзи шундоқ ҳам хулқи ёмон болалар орасида муҳит жуда ачинарли, ҳомиладор ёш қизлар бор, у шароитларда одам яшай олмайди. Мактабни битираман, деб турган ёшлар ҳарф танимайди, ўз исмини ҳам ёза олмайди. Бу жуда ачинарли, вазиятни ўрганиб бошимиз қотиб қолди. Қани бу ерда Халқ таълим вазирлигининг масъулияти, нега бу муаммоларга етиб боришмаяпти? Бу саволларга жавоб сўрайдиган вақт ҳам келди. Биз бу махсус мактаблардаги муаммоларни ҳукумат, бош вазир даражасигача олиб чиқдик, прокуратура органлари ҳам шуғулланди. Ҳозир бироз бўлса-да вазият яхшиланмоқда , деган эдди Сарвар Отамуродов.

Manba: gazeta. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!