Хотин-қизлар маслаҳат гуруҳлари (ХМГ)нинг самарали фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича тренинг ўтказилади

Хотин-қизлар маслаҳат гуруҳлари (ХМГ)нинг самарали фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича тренинг ўтказилади

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги (ДХА) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТТД)нинг Европа Иттифоқи (ЕИ) томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва маҳаллий бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасидаги Хотин-қизлар маслаҳат гуруҳлари (ХМГ)нинг самарали фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича тренинг ўтказилади.

Тренинг ўтказиладиган манзиллар ва саналар:

1. 2021 йил 27-29 октябрь, Гулистон шаҳри;

2. 2021 йил 1-3 ноябрь, Термез шаҳри; ва

3. 2021 4-6 ноябрь, Тошкент шаҳри.

Мазкур семинар-тренингнинг мақсад ва вазифалари:

1) ХМГнинг ДХА ва хотин-қизлар, ёшлар ва болалар, кексалар, имконияти чекланганлар ва ногиронлиги бор аҳолининг заиф қатламларига давлат хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар, маҳаллий ҳокимият, маҳалла ва оила, ижтимоий хизмат кўрсатиш бўлимлари билан яқин ҳамкорлигини таъминлаш;

2) Маҳаллий ОАВ имкониятларидан фойдаланган ҳолда ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳлар учун самарали коммуникацион стратегияларни яратишга кўмаклашиш;

3) Таклиф этилган ташкилотлар вакилларини муаммоли вазиятларда ишлашга тайёрлаш.

Айтиб ўтиш керакки, БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Латвия Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Тошкентдаги элчихонаси билан Ўзбекистондаги нодавлат нотижорат ташкилотлари салоҳиятини ошириш, қишлоқларда аҳолининг заиф қатламлари, хотин-қизларга давлат хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш мақсадида 7 туманда тажриба тариқасида ДХА марказларида ХМГ тузиш ва шу орқали давлат хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилашга ҳисса қўшиш йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйди. Ушбу ҳамкорликнинг илк натижаси сифатида БМТТД лойиҳаси Латвиянинг «МАРТА» маркази ННТ билан қўшма тадбирлар режасини ишлаб чиқди.

Бу сафарги семинар-тренинглар ушбу режа доирасидаги 3-тадбирдир. Бундан олдин сентябрь ойида МАРТА маркази вакиллари Тошкентда 3 кунлик бошланғич тренинг ташкил этишган ва саралаб олинган семинар қатнашчилари октябрь ойи бошида Латвия Республикасида бўлиб, ушбу соҳадаги тажрибаларни ўрганиб қайтишган эди.

Бўлажак тренингда ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳлар билан ишлаш стратегияси, маҳаллий тарғибот стратегиясини шакллантириш, «МАРТА» маркази тажрибасини қўллаш, гуруҳлар билан ишлашда кўп томонлама ёндашув масалалари кўриб чиқилади.

Тренингнинг иккинчи иш кунида “Ўзимизни унинг ўрнига қўямиз” машқи, мазкур машқ таҳлили, интервью ўтказиш техникалари муҳокамаси, муаммоли вазиятларда ишлаш, мавзулар муҳокамаси каби масалалар ўрин олган.

Тренингнинг учинчи иш куни кун тартибида муаммоли вазиятларда ОАВни жалб қилиш, маҳаллий шароитга мослаштирилган коммуникацион стратегияни ишлаб чиқиш тадбирлари бор.

Маълумот учун: Ўзбекистонга ушбу тренингда қатнашиш учун Латвиянинг «МАРТА» марказидан Илюта Лаце хоним, Дита Лаце хоним, Гундега Тентере хоним, Ирина Мазурика хоним ташриф буюрган.

Тренингда 8 та пилот тумандан 60 дан ортиқ қатнашчи иштирок этади.

«МАРТА» вакиллари Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида бўлиб, ДХМлар ва улар қошидаги ХМГ фаолияти билан танишади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!