Хоразмлик эркак нега оқланди?

Хоразмлик эркак нега оқланди?

Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят Янгиариқ туман судининг 2017 йил 6 майдаги ҳукмига кўра, А. Ўзбекистон Республикаси ЖК 189-моддасининг   1-қисми, 227-моддасининг 1-қисми, 228-моддаси 2-қисмининг “а,б” бандлари, 228-моддасининг 3-қисми билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 59-моддаси тартибида иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Суд хукмига кўра, А. товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузиш, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг қатъий ҳисобидаги ҳужжатларни ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда яшириш ва бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, такроан ўзи фойдаланиши мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжатлар тайёрлаш ва ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш жиноятларини содир этган.

Жумладан, А. “Асқарбек-Хуснибону” фермер хўжалиги раҳбари лавозимида озиқ-овқат маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш фаолияти билан шуғулланиб келиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 5 августдаги “Пул маблағларини банкдан ташқари муомаласини янада қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 280-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 75-сонли қарорининг
1-иловасидаги “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 189-банди, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 апрелдаги ПҚ-1326-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги “Фискал хотирага эга бўлган назорат касса машиналарини қўлланилишини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 305-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексининг 72-моддасидаги “Республика ҳудудида нақд пулда ҳисоб-китоб қилиш билан товарларни реализация қилиш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш давлат реестрига киритилган фискал хотирали назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаган ҳолда амалга оиширилади” - деб қайд қилинган талабларини қўпол равишда бузиб, 2012 йил 1 январдан 2016 йил 1 октябрь кунига қадар бўлган даврда 1.139.200 сўмлик гўшт маҳсулотларини назорат касса машинаси ёки унга тенглаштирилган чеклардан фойдаланмасдан нақд пулга сотиб, нақд пул маблағини банкдаги ҳисоб рақамига топширган бўлса, 1.172.446.000 сўмлик гўшт маҳсулотларини назорат касса машинаси ёки унга тенглаштирилган чеклардан фойдаланмасдан нақд пулга сотиб ва хизмат кўрсатиб, назорат касса машинасини мажбурий қўлламасдан, савдо ва хизмат кўрсатишдан тушган жами 1.173.585.200 сўм нақд пул маблағларини назорат касса машинасига кирим қилмасдан ва банк муассасасига топширмасдан савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда қасддан бузган.

Шунингдек, А. “Асқарбек-Хуснибону” фермер хўжалиги раҳбари лавозимида ишлаб келиб, фермер хўжалигининг қатъий ҳисобидаги ҳужжатлари, яъни 2012-2015 йиллардаги ва 2016 йил 31 октябрь кунига қадар бўлган гўшт маҳсулотларини чиқим қилиниши бўйича расмийлаштирилган умумий йиғилиш баённомалари ва далолатномаларнинг аслини терговга тақдим қилмасдан ғаразгўйлик ва бошқа паст ниятларда яширган.

Бундан ташқари, А. бир гуруҳ шахслар, яъни П., З., Р., ва С. билан олдиндан тил бириктириб, ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича терговда фойдаланиши мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган ва муайян мажбуриятдан озод этадиган, расмий ҳужжат ҳисобланган “Асқарбек-Хуснибону” фермер хўжалигининг 2012-2015 йилларда ва 2016 йил
31 октябрь кунига қадар гўшт маҳсулотларини чиқим қилиниши бўйича қалбаки умумий йиғилиш баённомалари ва далолатномаларни такроран тайёрлаб ва қалбакилаштириб, ушбу ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, тафтишда аниқланган суммани камайтиришга ва терговни чалғитишга уриниб, фойдаланган. 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2014 йил
23 майдаги “Суд ҳукми тўғрисида”ги 7-сонли Қарорининг 4-бандида судларга берилган рахбарий тушунтиришларга мувофиқ, иш бўйича ҳукм иш материалларида маълум бўлиб қолган барча камчиликлар тўлдирилгандан кейингина чиқарилиши мумкинлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиққилиши кераклиги, судланувчини жиноятни содир қилганлигини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳар бир далил, ЖПКнинг 95-моддасига мувофиқ ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозимлиги, далилларни баҳолаш жиноят иши учун аҳамиятли бўлган мавжуд ҳолатлар ҳақидаги хулосаларни тасдиқловчи, рад этувчи ёки шубҳа остига олувчи фактлар ёки нарсалар тўғрисидаги маълумотларни акс эттирган тақдирдагина ишга алоқадор деб эътироф этилиши, ҳукмда судланувчининг жиноий ҳаракатларини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган далилларга асосланганда, суд уларнинг мазмунини ёритиши ва тегишли баҳо бериши лозимлиги кўрсатилган.

Бироқ, биринчи инстанция суди судланувчига нисбатан айблов ҳукми чиқаришда қайд этилган Қонун талаблари ва Олий суд Пленумининг раҳбарий тушунтиришларига риоя қилмаган.

Дастлабки тергов ва суд муҳокамасида сўроқ қилинган А. Янгиариқ туманидаги “Асқарбек-Хуснибону” фермер хўжалигида 2011 йилдан буён раҳбар лавозимида фаолият юритиб келгани, 2 нафар ишчиси борлигини, ўзи фермер хўжалигига қарашли гўшт сотиш шаҳобчасида қорамолларни сўйиб гўшт маҳсулотлари  сотиши, Янгиариқ туманидаги “Самара универсал сервис” фермер хўжалигига қарашли кушхонада 2012-2016 йилнинг 10 ойи давомида жами сўйилган 538 бош қорамолдан 392 таси фермер хўжалигига тегишли эканлиги, қолган қорамоллар танишлари, қариндошларига тегишли бўлиб фуқароларнинг илтимоси бўйича сўйиб, хизмат кўрсатгани,
2012-2016 йилнинг 10 ойи давомида фермер хўжалигининг фаолияти давомида жами 319.700.000 сўм миқдорда соф фойда олиб, ҳар йил якуни бўйича давлат солиқ инспекциясига берган ҳисоботида кўрсатиб келгани, фермер хўжалиги таъсисчисининг талабига асосан ҳар йилда олинган даромад суммасини фермер хўжалигида ишлаб чиқилган гўшт маҳсулотларининг ишлаб чиқариш таннархи асосида таъсисчиларнинг эҳтиёжи учун чиқим қилиб келгани, фермер хўжалигида ўтказилган текширишда ва тергов жараёнида фермер хўжалигининг 319.700.000 сўм нақд пуллар фермер хўжалигининг назорат касса машинасидан ўтказилмасдан банкка топширилмаган деб нотўғри эътироф қилингани, бундан ташқари,
2012-2016 йилнинг 10 ойи давомида кушхонада сўйган 146 бош қорамолларни фермер хўжалигининг турғун савдо шаҳобчасида сотмаганлиги ҳақида кўрсатувлар берган.

Қонуннинг мазмунига кўра, ҳужжатларни яшириш деганда, улардан хизмат мақсадларига фойдаланиш учун манфаатдор шахс ёки ташкилотларга қисман ёки умуман тақдим этмаслик тушунилади. Бунинг натижасида ҳужжат тақдим қилиниши лозим бўлган тегишли шахслар ёки ташкилотлар шу ҳужжатлар бўйича қарорлар қабул қила олмайдилар. Мазкур жиноят субъектив томонидан тўғри қасд билан содир қилиниб, айбдор ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда (ўч олиш, ҳасад, шуҳратпарастлик, мулкий мажбуриятларни бажаришдан бош тортиш ва ҳоказолар) ҳаракат қилган бўлиши лозим.

Бироқ, жиноят иши материалларида А.нинг ушбу ҳужжатларни ғаразгўйлик ва бошқа паст ниятларда яширганлигини асословчи далил мавжуд эмас.

Чунончи, иш ҳужжатларидан кўринишича, дастлабки тергов даврида
А.томонидан фермер хўжалигининг 2012-2015 йиллардаги ва 2016 йил
31 октябрь кунига қадар бўлган гўшт маҳсулотларини таъсисчиларга фойда ҳисобидан чиқим қилингани, гўштни табиий камайиши ҳисобига ва фермер хўжалиги ишчи хизматчиларига чиқим қилинганига доир умумий йиғилиш баённомалари, далолатномаларнинг нусхаларини тақдим қилинган. Уларнинг аслига тўғрилиги фермер хўжалигининг муҳри билан тасдиқланган. Ҳужжатларда умумий йиғилиш ўтказилган сана ҳамда қатнашган шахслар, харажатга чиқарилган гўшт маҳсулотларининг миқдори ва чиқим қилиш санаси ҳақида маълумотлар мавжуд.

Мазкур ҳолатда, дастлабки тергов органи А.Асқаров томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг нусхаси асосида ҳам “Асқарбек-Хуснибону” фермер хўжалигида гўшт маҳсулотларининг чиқим қилинишига оид фаолияти бўйича хулоса қилиш учун реал имкониятга эга бўлган.

Биринчи инстанция суди гарчи А.ни ҳужжатларни қалбакилаштирганликда ва ундан фойдаланганликда айбли деб топган бўлсада, жиноят ишида мазкур ҳолатни тасдиқлайдиган далиллар мавжуд эмас. Чунончи, биринчи инстанция суди ўз ҳукмида тегишли ҳужжатларнинг сохталиги нимадан иборат бўлиб, қандай асосларга кўра уларда ҳақиқий воқелик акс эттирилмаганлигини, қалбакилаштирилган деган хулосага келганлигини кўрсатмаган.

Ваҳоланки, иш бўйича дастлабки тергов даврида гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган, “Асқарбек-Хуснибону” фермер хўжалигининг таъсисчиси П., ишчилари З. билан Р. 2012-2015 йиллардаги ва 2016 йил 31 октябрь кунига қадар бўлган вақт мобайнида ҳар ойнинг охирида умумий йиғилишлар фермер хўжалигида ўтказилганлиги, гўшт маҳсулотларини таъсисчиларга фойда ҳисобидан чиқим қилингани, гўштни табиий камайиши ҳисобига ва фермер хўжалиги ишчи хизматчиларига чиқим қилинганига доир умумий йиғилиш баённомалари ва далолатномалари тузилганлиги, ҳужжатларни А. компьютерда ўзи ёзганлиги, ҳужжатларни имзолаганликларини билдириб, улардаги ҳолатлар ҳақонийлигини тасдиқлаб кўрсатувлар берганлар. Ишда ушбу гувоҳларнинг кўрсатувларини рад этувчи ёки шубҳа остига олувчи далиллар мавжуд эмас. Иш бўйича суд-хатшунослик экспертизаси ўтказилмаган ва қалбакилаштириш ҳолати аниқланмаган.

Иш бўйича ўтказилган суд-иқтисодий экспертизасининг хулосасига кўра, гўшт маҳсулотларини таъсисчиларга фойда ҳисобидан чиқим қилингани, гўштни табиий камайиши ҳисобига ва фермер хўжалиги ишчи хизматчиларига чиқим қилинганига доир умумий йиғилиш баённомалари ва далолатномалари расмий ҳужжат ҳисобланиши кўрсатилган.

Бундай вазиятда, биринчи инстанция судининг А. гўшт маҳсулотларини чиқим қилиниши бўйича қалбаки умумий йиғилиш баённомалари ва далолатномалари тузганлиги, ҳужжатларни қалбакилаштирганлиги тўғрисидаги хулосаси фақат тахминга асосланиб, қонуннинг ҳукм тахминларга асосланиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги талабларига жавоб бермайди.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 23-моддасига кўра, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим.

Иш бўйича гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган Янгиариқ туман ветеренария бўлими шифокори ушбу жиноят иши бўйича маълумотнома тақдим қилгани, А.нинг қорамол сўйишга махсус рухсатномаси бўлганлиги сабабли кушхонада қорамол сўйиб келгани, А. томонидан 2012 йил январь ойидан 2016 йил 1 октябр ойигача жами 538 та қорамол сўйилганлиги, ушбу қорамоллар А.нинг ўзига ёки бошқа фуқароларга тегишли эканлиги хусусида аниқ фикр айта олмаслиги, шунингдек, А. томонидан сўйилган ушбу қорамолларнинг гўшти савдога чиқарилгани бўйича ҳам маълумотга эга эмаслиги, чунки бўлим томонидан бунинг ҳисоби юритилмаслиги ҳақида кўрсатувлар берган.

Иш бўйича гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган, Янгиариқ туман ветеринария бўлими қошидаги ветеринария санитария экспертизаси лабораторияси мудири қорамоллар кушхонада сўйилиб, бозор ҳудудига сотиш учун олиб келинсагина бозордаги бўлим лабораториясидан сўйилган қорамол гўшти ва барча аъзолари ветеринария санитария экспертизасидан ўтказилиши, “Асқарбек Хуснибону” фермер хўжалигига қарашли савдо шахобчасида сотилган гўшт маҳсулотлари бўйича ВСЭ лаборатория хулосаларини бериб келганлиги, сотилган гўшт маҳсулотлари бўйича маълумотларни ВЛ-20-сонли журналга рўйхатга олиб келганлиги тўғрисида кўрсатувлар берган.

Иш бўйича гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган Янгиариқ туман
ДСИ ходими фермер хўжалиги томонидан бузилган деб топилган савдо қоидаларининг қиймати 538 та қорамол гўштининг миқдори, яъни 136.812 кг. гўштнинг бозор баҳосидан ҳисоблангани, бироқ ушбу гўшт маҳсулотининг барчаси савдога чиқарилганини аниқ билмаслиги, чунки бу бўйича тегишли ҳужжатлар йўқлиги ҳақида кўрсатувлар берган.

Мазкур жиноят эпизоди бўйича А. ва унинг адвокати томонидан 30 га яқин фуқароларнинг тушунтириш хатлари ўрганиш учун тақдим қилинган бўлиб, А.нинг кушхонада фуқароларга тўй ва маракалар учун қорамоллар сўйиб берганлиги, ушбу қорамолларнинг гўштлари сотувга чиқарилмаганлиги тўғрисидаги важлари текшириб кўрилмаган ва иш ҳолатлари аксинча бўлганлиги тасдиқланмаган.    

Жиноят ишида ҳам А. томонидан тегишли даврда кушхонада сўйилган 538 бош қорамол гўштининг барчаси савдога чиқарилганлигини тасдиқловчи далил мавжуд эмас. Чунончи, реал ҳолатда қорамоллар кушхонада сўйилган бўлсада, тегишли ветеринария хулосаси олинмасдан туриб сотувга чиқарилиши мумкин эмас эди. Судлов ҳайъати, бундай вазиятда, дастлабки тергов органи ва биринчи инстанция судининг 538 бош қорамол гўштининг барчаси савдога чиқарилганлиги тўғрисидаги хулосасини тахминга асосланган деб топади ва у билан қўшила олмайди.

Шу билан бирга, мазкур ҳолат бўйича Янгиариқ туман Ветеринария ВСЭ лабораторияси томонидан берилган маълумотномага кўра, “Асқарбек Хуснибону” фермер хўжалиги томонидан 2012-2015 йиллар ва 2016 йилнинг 10 ойи давомида жами 392 бош қорамол сўйилиб, бозор ҳудудидаги савдо шаҳобчасига жами 1.771.512.000 сўмлик 99.658 кг. гўшт маҳсулоти савдога чиқарилганлиги аниқланган. Шундан 1.317.445 сўмлик гўшт махсулоти банк ҳисоб рақамига кирим қилинган. Қолган қолдиқ 454.067.000 сўмни ташкил қилган.

Судлов ҳайъати, юқорида қайд қилинган маълумотлардан келиб чиқиб, А.томонидан 2012-2015 йиллар ва 2016 йилнинг 10 ойи давомида жами
392 бош қорамол сўйилган деб топган.

Ўз навбатида, иш бўйича ўтказилган суд-иқтисодий экспертизасининг 2017 йил 30 январдаги 12-14/17-сонли хулосасига кўра, тузилган умумий йиғилиш баённомалари ва далолатномалари бошланғич бухгалтерия ҳужжати сифатида товар моддий бойликларни чиқим қилишга асос бўлувчи ҳужжат ҳисобланиб, мазкур ҳужжатларда маҳсулотнинг таннархи кўрсатилмасдан, рақамланмаган бўлсада, бироқ хўжалик операциясининг мазмуни, маҳсулотнинг натура ҳолдаги миқдори, ҳужжатни бажарган шахслар тўғрисидаги маълумотлар мавжудлиги сабабли бухгалтерия ҳисобининг ҳисоб регистрларида ҳисобга олиниб акс эттирилиши мумкинлиги кўрсатилган.

Иш бўйича гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган, эксперт ўз хулосасини тасдиқлаб, тергов органи томонидан жиноят иши қўзғатишга асос бўлган туман ветеринария бўлимининг қанча миқдорда мол сўйилгани ва унинг килограмми кўрсатилган маълумотномаси гўшт маҳсулоти савдога чиқарилганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланмаслиги, ишда гўшт маҳсулотларини савдога чиқарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар яъни ҳисоб фактура, далолатнома ёки ички хати мавжуд эмаслигини билдирган.

  Мазкур жиноят эпизоди бўйича, А.нинг 2012-2016 йилнинг 10 ойи давомида фермер хўжалигининг фаолияти давомида жами 319.700.000 сўм миқдорда соф фойда олиб, ҳар йил якуни бўйича давлат солиқ инспекциясига берган ҳисоботида кўрсатиб келгани, фермер хўжалиги таъсисчисининг талабига асосан ҳар йилда олинган даромад суммасини фермер хўжалигида ишлаб чиқилган гўшт маҳсулотларини таъсисчиларнинг эҳтиёжи учун чиқим қилиб келгани, фермер хўжалиги томонидан сотувга чиқарилмасдан хўжалик ишчилари ва ҳашарчиларига иссиқ овқат учун, фермер хўжалиги таъсисчисига чиқим қилинган ва камайишга ҳисобланган гўшт миқдорлари ҳисобга олинмаганлиги, фермер хўжалигининг фаолияти ҳаққоний деб топилгани, ҳисоботлар солиқ органлари томонидан тўғри деб қабул қилинганлиги, тадбиркорлик фаолияти таваккалчилик асосида юритилиб, олинган фойдасини оиласига, яқинларига ва ўзи хохлаганича тасарруф этишга ҳақли эканлиги, бундай фаолият хўжалик Низоми асосида юритилганлиги ҳақидаги кўрсатувлари рад қилинмаган, ҳолат аксинча бўлганлиги исботланмаган.

Чунончи, А.нинг юқоридаги кўрсатувлари, жиноят иши ҳужжатларида  “Асқарбек Хуснибону” фермер хўжалигининг тегишли йиллар давомида
300.000.000 дан ортиқ соф фойда билан чиққанлиги ва хўжаликда ўтказилган солиқ текширувларининг хулосалари билан тасдиқланади.

Иш бўйича Янгиариқ туман ДСИ ходимлари томонидан 2017 йил
1 февралда ўтказилган “Асқарбек Ҳуснибону” фермер хўжалигида ўтказилган режадан ташқари солиқ текшируви материалларини қайта кўриб чиқиш юзасидан тузилган 9-сонли баённомада хўжалик томонидан текшириш ўтказилган даврларда солиқ тўлагандан кейин олган фойдаси жами
294472,4 минг сўм бўлиб, текширишга тақдим қилинган ҳужжатларга асосан таъсисчи томонидан тассаруф қилинган фойда суммаси 265000,0 минг сўмни ташкил қилиб, фермер хўжалиги томонидан таъсисчисига чиқим қилинган гўшт маҳсулотлари қиймати 319690,6 минг сўмга тенг бўлганлиги, демак фермер хўжалиги таъсисчисига чиқим қилинган гўшт маҳсулотлари фермер хўжалигининг солиқлар тўлагандан кейин қолган суммасидан ортиқча қисми 54690,7 (319690,6-265000,0) минг сўм жисмоний шахсларни моддий наф тарзидаги даромади сифатида эътироф этилиб, ушбу даромадлар қайта ҳисоб-китоб қилиниб, бюджетга 12578,9 минг сўм даромад солиғи қўшимча ҳисобланиши кўрсатилган.

Мазкур ҳолатда, солиқ органи томонидан “Асқарбек Ҳуснибону” фермер хўжалигининг тегишли йилларда фаолиятидан соф фойда олганлиги ва даромад солиғи тўлаши лозимлиги эътироф этилган бўлсада, дастлабки тергов органи ва биринчи инстанция суди томонидан А.нинг соф фойдадан таъсисчиларга чиқим қилинган гўшт маҳсулотлари суммаси ассосиз равишда эътиборга олинмаган.

Худди шунингдек, дастлабки тергов органи ва биринчи инстанция суди томонидан А.нинг гўшт маҳсулотларининг турғун савдо шаҳобчаларида сотилиши ва сақланиши вақтида гўштнинг табиий қуриши (сарф бўлиши) ҳақидаги важлари ўрганилмаган ва тўғри баҳо берилмаган. Гарчи, Хоразм вилоят Давлат ветеринария бошқармасининг 2016 йил 12 октябрдаги
166-сонли маълумотномасида амалдаги ветеринария қонунчилиги ва қонун ости ҳужжатларида гўшт маҳсулотларининг турғун савдо шаҳобчаларида сотилиши ва сақланиши вақтида гўштнинг табиий қуриши (сарф бўлиши) меъёрлари мавжуд эмаслиги билдирилган бўлсада, суд томонидан процессуал қонуннинг айбдорликка оид барча шубҳалар судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозимлиги тўғрисидаги талаблари бузилиб, мазкур шубҳали ҳолат бартараф қилинмасдан А.ни айблаш учун асос қилиб олинган.

Жиноят ишидаги А. томонидан тақдим қилинган “Асқарбек-Хуснибону” фермер хўжалигининг 2012-2015 йилларда ва 2016 йил
31 октябрь кунига қадар гўшт маҳсулотларини чиқим қилиниши бўйича умумий йиғилиш баённомалари ва гўштнинг табиий қуриши (сарф бўлиши) меъёрлари бўйича далолатномалардан кўринишича, 2012 йилда 34.645.000 сўмлик 2557 кг., 2013 йилда 81.274.500 сўмлик 5717 кг., 2014 йилда 141.764.800 сўмлик 6912,5 кг., 2015 йилда 118.577.200 сўмлик 5740,1 кг.,
2016 йил 31 октябрь кунига қадар 46.191.000 сўмлик 2144 кг.., жами бўлиб (табиий қуриши билан бирга) 422.452.500 сўмлик 23070,6 кг. гўшт маҳсулотлари чиқимга чиқарилган.

Судлов ҳайъатининг ажрими билан, мазкур жиноят эпизоди бўйича “Асқарбек-Хуснибону” фермер хўжалигининг гўшт маҳсулотларини чиқим қилиниши бўйича умумий йиғилиш баённомалари ва гўштнинг табиий қуриши (сарф бўлиши) меъёрлари бўйича далолатномаларидаги маълумотларни асосли деб ҳисоблаб, 422.452.500 сўмлик гўшт маҳсулотлари суммасини Янгиариқ туман Ветеринария ВСЭ лабораторияси томонидан берилган маълумотнома бўйича қолдиқ бўлиб қолган 454.067.000 сўмлик гўшт маҳсулотлари суммасидан чегириб ҳисоблаб, қолган сумма жуда кўп миқдорни бермаганлиги, А.нинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси
ЖК 189-моддасининг 1-қисми, 227-моддасининг 1-қисми, 228-моддаси
2-қисмининг “а,б” бандлари, 228-моддасининг 3-қисмида назарда тутилган жиноятлар таркиби бўлмаганлиги сабабли, унга оид жиноят иши Ўзбекистон Республикаси ЖПК 83-моддасининг 2-бандига асосан тугатилиб, айбсиз деб топилиб, оқланди.                                

АСҲ-№3-03/335-18-сонли ажрими

Жиноят ишлари бўйича
Бухоро вилоят суди судьяси
С.Найимов


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!