Хоразмлик эркак 43 йиллик умрининг 33 йилини қамоқда ўтказиши мумкин эди, лекин...

Хоразмлик эркак 43 йиллик умрининг 33 йилини қамоқда ўтказиши мумкин эди, лекин...

Сиз нима дейсиз? Ўзининг 43 йиллик умри мобайнида  7 бора судланиб, салкам 33 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган шахсни жазолаш йўли билан тарбияласа бўлармикан? Таъкидлаш жоиз, бу мисолни хаёлан тўқиб айтмадик. Орамизда умр гузаронлик қилаётган Умирбек Сапаевнинг алғов-далғовли ҳаёти, аянчли қисматига назар солиб айтдик. У даставвал, 2000 йилда Боғот туман жиноий судининг ҳукмига кўра, ўғирлик ва гиёҳвандлик каби жиноятлар содир этганлиги боис 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилади. Орадан 1 йил ўтмаёқ амнистия актига мувофиқ жазонинг қолган қисми кечирилиб, оиласи бағрига қайтади.

Афсуски, шундан сўнг у ҳаётининг атиги ярим йилини озодликда ўтказди.

Кейин яна жиноятга қўл урди. “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас”, экан-да, ўғриликсиз туролмади. Бойиш илинжида гиёҳвандлик билан шуғулланди.

Билмай қолди, ахир Умирбекнинг юриш-туриши назоратга олинганди, яна қўлга тушди. Бу гал 7 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Аммо бағри кенглик тамойилига асосан, 3 йилу 5 ой деганда, суд ажримига кўра, озодлик качиқди.

Начора, тоза ҳаводан нафас олиб, эмин-эркин яшаб ўрганмаган одамга озодлик татирмиди. Оиласи бағрида умргузаронлик қилиш узоққа чўзилмади. Салкам 1 йилдан сўнг у тағин ҳибсга олинди. Жиноят кодексининг оғир оқибатга олиб келувчи гиёҳвандлик қилмиши учун белгиланган 270- ва 273-моддалари талабига кўра, бугал 6 йилга кесилди.

Адолат ва меҳр-оқибатга йўғрилган юрт қонунчилиги унга яна мурувват кўрсатди. Уч йилдан сўнг жазони ўтаётган У. Сапаев, яъни 2009 йил куз чоғи муддатидан илгари озод қилинди. Во ажабо, дея ёқа ушламай туринг, орадан роппа-роса 2 ой ўтгач бу кимса тағин жиноий ишга бел боғлади.

Қилмиши бу сафар ҳам беиз кетмади. Ўша йилнинг  ноябрь ойида ашаддий безорилик ҳаракати учун жазо тайинланди, 5 йил муддатга озодликдан мосуво этилди.

Ажабки, 2012 йили жазони тўла ўташга 2 йилу 1 ой қолганида яна муддатидан илгари озод қилинди. Ўтган даврдаги қилмиши сабаб жазога тортилгани унга заррача таъсир қилмади. Балки қамоқда яхши боқишгандир, ким билади. Орадан кўп ҳам, оз ҳам эмас, 3 йил ўтиб Қўшкўпир туманида мўмайгина ўғирлик қилгани учун яна суднинг қора курсисига “мих”ланди.  Бу гал 3 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Шундай эса-да, жазони тўла ўтамаёқ шартли равишда озодликка чиқарилди.

Бу сафар жазони озодликда ўташ тартибини қўпол равишда бузди, тағин панжара ортига қайтди. Ўйлаб қоласан, одам нима учун кўра-била туриб жиноятга қўл ураверади? Аммо ол-а, дейдиган одам йўқки, бу жиноятчи шу йилнинг ноябрь ойида жазо муддати тугамай ким нечанчи бора озод қилинди.

Ўзини билган ва инсонийлик сиёҳини унутмаган бандалар бу янглиғ қисмат, кўргуликка рўпара келишмайди, чунки улар бундан ўзларини асрашади, манфур қилмишдан қочишади. Ҳа, шоир ҳақ: кимки ҳаётдан сабоқ ололмас экан, унга улуғ муаллим ҳам сабоқ беролмайди.

У. Сапаевнинг қинғир-қийшиқ ҳаёт йўлларига разм солган киши ҳаётдан сабоқ ололмаган бундай кимса Яратганнинг бандасидан сабоқ олармикин, деган ўй-андишага бориши турган гап. Башарти бунинг акси бўлганида, Умирбек ўзининг жинояткорона “юриши”га аллақачон чек қўйган бўларди.

Афсуски, у тўғри йўлни ихтиёр этмади, ўгит ва сабоқлар, қонунчилигимиз талабларига қулоқ тутмади. Оқибат галдаги жиноятга қўл урди. Тағин ўғирлик билан қўлга тушди. Бу гал Умирбек озодликдаги ҳаётининг иккинчи ойи поёнига етмаёқ хавфли қилмишнинг боши берк кўчасига кирди. “Ҳамманинг кўзи иккита бўлса, ўғриники тўртта бўлади”, дейишганидек, ўзи яшаётган туманнинг “Ҳуррият” маҳалласида яшовчи фуқаро Б. Эгамовга тегишли машина гаражининг очиқ ва назоратсиз қолганини даров пайқаб қолди, ҳаракатга тушди, барча мулк ва жиҳозларни ўмарди-ю воқеа жойидан узоқлашди.

”Ўғригина бола”нинг фаҳми шу жойда оқсади. Уловни олиб қочганимни ҳеч ким кўрмади, пайқамади, деган хаёли пуч бўлиб чиқди. Қўшнисига тегишли мулк нотаниш кимса томонидан олиб кетилаётганлигини кўрган 3-4 чоғли ҳамсоялар шоша-пиша Умирбекни таъқиб қилишди. Ўзганинг уловини ўғирлик йўли билан ўзлаштирмоқчи бўлгани барбод бўлди. Айбланувчи У. Сапаев Жиноят кодексининг 25-, 169-, ҳамда 60-, 61-моддаларига асосан 5 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди…

Балки бу сафар тайинланган жазо унга кор қилармикан? Сирасини айтганда, оддий фуқаро сифатида, бунга ишониш қийин. Мабодо У. Сапаев содир этган жиноятлари учун берилган жазони тўлиғича ўтаганида у 33 йил қамоқда ўтириши керак эди. Бироқ, қонунлармиз кечиримли, адолатли. Бу кечиримлилик, афвни тўғри тушунмай, қинғир қилмишини канда қилмаётган бу кимсага нима дейиш мумкин?!

Манба: sud.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!