Хоразмлик эркак 2 ойлик чақалоғини Тошкентдаги "Чилонзор" бозорига ташлаб кетди

Хоразмлик эркак 2 ойлик чақалоғини Тошкентдаги "Чилонзор" бозорига ташлаб кетди

Чилонзор тумани ИИО ФМБ 9-сон ички ишлар бўлими масъулиятидаги ҳудудда жойлашган “Чилонзор” бозоридаги савдо комплексда 32 ёшли Хоразм вилоятилик Раджу Д. спиртли ичимликлар таъсири остида бўла туриб, икки ойлик қизини савдогарларнинг растасига қўйиб, ўзи номаълум йўналишда кетиб қолган. Бозор ҳудудида навбатчилик қилган ходимлар гўдакни 9-сон ИИБга етказишгач, хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор лейтенант Н. Қаҳрамонова ҳолатни ўрганиш учун бозорга бориб, мазкур ҳолат гувоҳлари билан суҳбатлашди.

Тез орада чақалоқнинг отаси топилиб, ички ишлар бўлимига олиб борилди. Унинг маълум қилишича, жорий йилнинг баҳор ойида у турмуш ўртоғи Наргиза М. билан биргаликда Тошкентга иш излаб келишган. Улар уй излаш муаммосига йўлиққанларида, ораларида келишмовчилик юзага келган. Навбатдаги келишмовчиликдан сўнг Наргиза М. эрига боласини қолдириб, ўзи номаълум томонга кетиб қолган. Ҳозирги вақтда Раджу турмуш ўртоғининг қаерда эканлигини ва у билан қандай боғланиш мумкинлигини билмайди.

Чилонзор тумани ИИО ФМБ ходимлари аниқлашларича, паспорт столи маълумотларига кўра боланинг онаси Сурхандарё вилоятда туғилган. Уни топиш учун, ходимлар Жарқўрғон тумани ички ишлар бўлими ходими подполковник И. Полвоновдан кўмак сўрашди. Тез орада боланинг онаси Тошкент вилоятидаги танишларининг уйида топилиб, 9-сон ички ишлар бўлимига олиб кетилди. Боласини нима учун ташлаб кетганлиги ҳақидаги саволларга аёл турмуш ўртоғи билан орасидаги муаммолар, ҳамда турар жой йўқлиги сабабли бу ишни қилганини маълум қилди. Шунингдек у Сурхандарё вилоятига қайтиб кетишда ёрдам сўради.

Мазкур масалада аёлга ёрдам кўрсатилди: Жарқўрғон тумани ИИО ФМБ хотин-қизлар масалалари бўйича инпсектори билан ҳамкорликда бола онаси билан уйига жўнатилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!