Хоразмда ноқонуний овга алоқадор ҳоким ўринбосари ишдан бўшатилди

Хоразмда ноқонуний овга алоқадор ҳоким ўринбосари ишдан бўшатилди

Тупроққалъа тумани ҳокими ўринбосари Шуҳрат Шомуродов 19 октябрь куни ўз аризасига биноан вазифасидан озод этилди. Аввалроқ, у ва туман ИИБ ходими ноқонуний овда ушланганди.

Туман ахборот хизмати хабар беришича, 16 октябрь куни тунги соат 02:00 ларда 9203-ҳарбий қисм чегара ходимлари билан вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган экологик назорат тадбири давомида Хоразм вилоятининг Туркманистон билан чегарадош Тупроққалъа тумани, «Тупроққалъа» маҳалласи чегараолди ҳудудида 4 нафар фуқаро чегараолди ҳудудларида бўлиш режимини ҳамда ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузиб, ноқонуний ов қилгани аниқланган.

Таъкидланишича, шу вақтда Тупроққалъа тумани «Тупроққалъа» маҳалласидаги экин майдонларида, шоли ҳосили йиғим теримини назорат қилиб юрган Тупроққалъа туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Шомуродов Шуҳрат Жаҳонгирович ва ИИБ ходими чегара ходимлари ов қилиб юрган фуқароларни ушлаб турганлигини кўриб, чегара ходимларига ёрдам бериш мақсадида уларга яқин борган. Шунда 9203-сонли ҳарбий қисм чегара ходимлари уларни ҳам чегара постига олиб бориб, уларга нисбатан чегара зонасига кириш қоидасини бузганликлари ҳақида маъмурий баённома тузилиб суд жараёнига тегишли ҳужжатлар билан тақдим қилинган.

Тупроққалъа туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари 19 октябрдан биноан ўз аризасига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Қўшимча маълумотлар тўпланган ҳужжатлар асосидаги суднинг қонуний кучга кирган қароридан кейин маълум қилиниши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 16 октябрь куни ҳарбий қисм чегарачилари билан ўтказилган экологик назорат тадбири давомида 8 нафар фуқаро ноқонуний ов қилиш мақсадида юрганлиги аниқлангани хабар берилганди. 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!