Хоразмда жиноятга қўл урган боғча тарбиячисига жазо тайинланди

Хоразмда жиноятга қўл урган боғча тарбиячисига жазо тайинланди

Мактабгача таълим муассасаси чинакам тарбия маскани, фарзандларимиз келажаги учун ҳар томонлама ишончли даргоҳдир.

МТМда тарбиячилар фаолияти ҳар томонлама соғлом, баркамол бола шахсини тарбиялаш ва мактабга тайёрлашда ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Бироқ мазкур масканда фаолият юритиб, жиноят кўчасига кирган айрим шахслар ҳам учраб туради.

Хусусан, 1989 йилда туғилган Гузал (исми ўзгартирилган) Урганч шаҳридаги МТМда тарбиячи вазифасида фаолият юритиб келиб, 1999 йилда туғилган вояга етмаган қайнсинглиси Салимани ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этишга жалб қилган.

Жумладан, Гузал қайнсинглиси Салима билан жиноий тил бириктириб 2017 йилнинг ноябрь ойидан 2018 йилнинг сентябрь ойигача бўлган вақт оралиғида ўзининг яшаш уйининг омборхонасида сақланаётган тадбиркор Мансур (исми ўзгартирилган)га тегишли бўлган жами 51.840.000 сўмлик анча миқдордаги қандилларини яширин равишда талон-торож қилиб, ўғирлик жиноятини содир этган.

2019 йил 20 февраль куни жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судида ўтказилган очиқ суд мажлисида суд, Гузал томонидан етказилган зарарнинг бир қисми қопланганлиги, муқаддам судланмаганлиги, қарамоғида вояга етмаган фарзанди борлиги, яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғини томонидан ижобий тавсифланиб, кафолат хати тақдим қилинганлигини инобатга олиб, унга нисбатан озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди томонидан 2018 йилда кўриб тамомланган жиноят ишлари бўйича 11 шахсга нисбатан маҳалла фуқаролар йиғини томонидан тақдим қилинган кафиллик хатлари инобатга олиниб, судланувчиларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

А.Қаҳҳоров,

жиноят ишлари бўйича

Урганч шаҳар суди раиси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!