Хоразмда ақидапарастликнинг янги ўчоғи – “Зубайр ибн Аввом” асосчисига ҳукм ўқилди

Хоразмда ақидапарастликнинг янги ўчоғи – “Зубайр ибн Аввом” асосчисига ҳукм ўқилди

Янгиариқ тумани “Қоракўз” маҳалласида яшовчи Адҳамбек Қодиров (эндигина 25 ёшга тўлган) қонун олдида жавоб берди. Афсус… Суд жараёнида унинг жазосини енгиллатишни сўраганлар топилмади. Аксинча, атайлаб қилинган жиноий ҳаракат факт ва далиллардан ташқари, яқинларнинг гувоҳлиги асносида яна ҳам ошкор бўлди.  Ахир инсон онгини заҳарлаш, ёт ва ғайриинсоний ақидаларни ўзгалар тафаккурига сингдиришга қаратилган ҳаракатни ҳеч ким маъқулламаслиги аниқ.   Ўзгаларнинг  тинч ва осуда ҳаётини ёт ва бузғунчи ғоялар, ақидалар ёрдамида издан чиқариш, турмушини бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу оқибати  жуда оғир  қилмишлар сирасига киради. Адҳамбек буни билиб туриб, ўз билганидан қайтмади. Бу ҳақда "hudud24.uz" ёзмоқда.

У 2019 йилнинг май ойида Россия Федерациясига ишлаш учун   кетган эди. Кейинчалик иқрорлик билдиришича, ўзга юртдаги  ҳаётининг дастлабки ҳафталариданоқ кўнглида динга нисбатан анча-мунча мойиллик ҳисси  пайдо бўлган, қизиқиши кучайган. Бу борада шу пайтгача деярли “хат-савод” чиқармаган бўлса-да, ўзини мўътабар динимизнинг зукко ва садоқатли билимдони  сифатида тутган йигитча олис  ўлкаларга бориб, уя қурган дин “пешво”ларининг бузғунчи ғоялари, маърузалари битилган аудио-видео лавҳалар, ёзувлар, тасвирларни аввалига ўз таниш-билишлари, кейинчалик эса бошқаларга бутун жаҳон ахборот тизими орқали   мунтазам равишда етказиб туриш мажбуриятини зиммасига олди. Қилмиши қонунга мутлақо зид, даъватчилик, ақидапарастлик эканини билса-да, ўзини билмаган, сезмаган, кўрмаган, эшитмаганга олди. У диний амалларга астойдил ва азбаройи ихлос, эътиқод қўйгани, ундан айро яшай олмаслиги боис боши билан  шўнғиган, дерсиз.  Асло ундай эмас! Унинг  занг босган дили динимизга ёт ғоялар оламида яқиндан танилиш, ном чиқариш, ўзини осмон-у фалакларда кўришни тусайди. Иймони суст, ақли заиф бандалар бу йўл ва ундаги хавф-хатарлар, қалтис амалларнинг бор оқибати-ю, асоратини пайти келиб, боши тошга тегмагунча идрок эта олмайди. Таассуф… Бу йўлнинг охири ва қилмишнинг интиҳосини кўра-била олмасликнинг оқибати хоразмлик “диндор”ни ҳар мақомга йўрғалатди.

Дарвоқе, мўмин-мусулмонлик аслида чин инсонийликдир. Унинг фарзу-амалларини ўзгалар онги, турмушига зиён етказмаган, тафаккурини чалғитмаган ҳолда адо этиш инсонга  қалбан  ва руҳан покланиш имконини беради, хайру-савоб амалларга ундайди.  Адҳамбек эса бундай    инсонлар тоифасига кирмаслиги аниқ.

Хуллас, ўзга юртда уй-рўзғори учун ишлаб, тирикчилик қилиш Адҳамбек учун асосий эмас, иккиламчи юмушга айланди. Бутун эътибори  динни чаламуллачасига тарғиб-ташвиқ қилиш, уни ўзгалар онгига сингдириш,   миясини заҳарлаш, бузғунчи ғояларни тарқатишга қаратилди.

“Зубайр ибн Аввом”—  интернетдаги  “оғу”…

Адҳамбек “асос солган” “Атҳам Қодиров” профили 2019 йилнинг май ойида фаолият майдонига  чиқди. Хоразмлик  “пешво” тез орада  ана шу профил  орқали “Малика Аҳмедова” номи билан аталувчи профил эгаси билан танишиб, ўзи томонидан тўпланган ва мамлакатимизда бузғунчи ғоя сифатида эътироф қилинган радиакал мазмундаги исломий маърузалар матнини мазкур тизим орқали унга йўллади. Адҳамбек бу билан кифояланмади. Атрофига синфдош дўстлари, қариндош-яқинлари, таниш-билишлардан иборат “толиби-илм”ларни жамлади. Уларни ҳам Яқин Шарқда уруш ва адоват оловини ёқиш, сепаратизмни кучайтиришга қаратилган ҳатти-ҳаракатларга фатво беришдан ҳам тап тортмайдиган бир қанча ақидапараст “домла”ларнинг маърузалари, аудио-видео лавҳалар билан мунтазам “сийлаб”,  таъминлаб турди.   Булар ҳам  етмаганидек, фаолиятини янада ривожлантириш йўлларини излашга тушди.  Жаҳон глобал ахборот тармоғида ақидапарастликнинг янги ўчоғи – “Зубайр ибн Аввом” профилини ишга солди.  Ғаразли қарашларини одамлар орасига ёйишга қаратилган янги бузғунчилик  ўчоғи ана шу тариқа юзага келди.

Бу борадаги ишлари юришаётганидан руҳланган ақидапарастда  яна бир   бузғунчи ният  пайдо бўлди.  Бутун дунёни қамраб олган улкан ахборот майдонида “Зубайр-Зубайр”, деб аталган янги профил пайдо бўлди.  Албатта уни ҳам Адҳамбекнинг ўзи яратди. (У ўзининг бу тадбирини муқаддам амалда бўлган “Атҳам Қодиров” профилига кириш кодини унутиб қўйгани сабабли яратишга мажбур бўлгани билан изоҳлади.) Диний парокандалик ва ёт ақидаларни тарғиб қилувчи бундай нохолис “исломий” таълим Яратганннинг бандасига рўшнолик келтирмаслиги тайин. Буни Адҳамбекнинг хорижий юртдаги қизғин “диний” фаолияти ҳам  тасдиқлади. Узоқ-яқин эллардаги неча-неча фуқароларнинг онгу шуурига чанг солинди, неча-неча кишилар ушбу бузғунчи даъватнинг домига тушиб, унинг қурбонига айланишди.  Адҳамбек     пок ниятли мусулмонлар оламига мутлақо  ёт ва нотаниш бўлган, аммо бузғунчи ғоялар майдонида бир қадар танилган калла эмас, салла эгаларининг маърузалари, аудио ёзув ва видео тасвирлар туширилган тасмаларни тарқатишни салкам 1 йил мобайнида канда қилмай адо этди. Ана шу муддат ичида ўзи танишишга улгурган  мазкур давомли даъват, маъруза, аудио-видео лавҳаларни жами 17 тасини ўз профилларига жойлаб,  кўплаб  фуқароларнинг онгини “заҳарлашга” улгурди.

Россиядаги салкам 1 йиллик хуфия “фаолият”дан сўнг 2020 йилнинг апрель ойида ўзи туғилиб ўсган юртга қайтган Адҳамбекнинг шубҳали  қадамлари кўплар, шу жумладан, тегишли назорат органлари ходимларининг ҳам эътиборини ўзига тортди. Интернет оламидаги  тегишли профиллар эгасининг ҳақиқий номигина эмас, балки у содир этган жирканч қилмишлар кўлами  ҳам  ошкор  бўлди. Тергов органи унинг турган-битгани бузғунчилик ва ақидапарастликдан иборат мазкур давомли кирдикорларини  Жиноят кодексининг жамоат хавфсизлиги ва жамоа тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатишга оид 244-моддаси   билан малакалади. Суд бу айбни эътироф этди. Бироқ қонунларимиздаги бағрикенглик ва кечиримлилик тамойили Жиноят кодексининг зикр этилган моддаси  бундай  қилмиш ва кирдикорлар учун  муқаррар равишда озодликдан маҳрум қилиш жазосини кўзда тутса-да, унга Жиноят кодексининг жазони енгиллатишни кўзда тутувчи 57-моддаси қўлланилиб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.   Дарҳақиқат, қонун унга   енгиллик берди.

Машҳур масалдаги “Ёғочнинг бўшини қурт ейди доим…” деган ақидани барчамиз яхши биламиз. Билими ва  савияси паст, эътиқоди суст, маънавияти қашшоқ одамни енгиш, тўғри йўлдан адаштириш осон.   Адҳамбек каби онги заҳарланган ёшларни эса  тўғри йўлга солиш осон  эмаслиги аниқ…

                                                     Шуҳрат РАЗЗОҚОВ,
 жиноят ишлари  бўйича Урганч шаҳар суди раиси,

                                                     Абдулла СОБИРОВ,
 журналист


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!