Ходимларини пахта теримига мажбурий жалб қилган мансабдор шахсларга чора кўрилди

Ходимларини пахта теримига мажбурий жалб қилган мансабдор шахсларга чора кўрилди

Жорий йил бошидан бугунга қадар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари ҳамда ҳуқуқ посбонлари ўртасида қатор учрашувлар бўлиб, томонлар пахта далаларида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича мониторинг натижалари ҳақида ўзаро маълумот алмашиб бормоқда, деб хабар берди Бандлик ва меҳнат муносабатлари матбуот хизматига асосан Xabar.uz.

Вазирликнинг маълум қилишича, 29 сентябрь куни ҳуқуқ-тартибот органи ходими Арисланбай Отепов Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли тумани марказий поликлиникасининг ҳамширалари дам олиш кунлари мажбурий пахта теримига чиқарилгани ҳақида маълумот берган. Ҳолатни текшириш учун 30 сентябрь куни Давлат меҳнат шароитларини экспертиза ва муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи хабар берилган жойга етиб борди. Текширув натижаларига кўра, тиббиёт ходимларини пахта теримига жалб қилиш олди олинди, мансабдор шахсларга нисбатан буйруқ чиқарилди.

30 сентябрь куни Тошкент вилояти Оққўрғон тумани далаларидаги пахта теримида ТЭТнинг 70 нафар ходими, 9 ва 14 ёшли икки нафар вояга етмаганлар, ҳомиладор ёш аёл ва қатор тиббиёт ходимлари аниқланганлиги хабар қилинди. 

Мазкур ҳолат юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари ҳамда Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари томонидан текширув ўтказилди. Натижада туман электр тармоғи бошлиғи Мухамедов Э.Ж. пахта теримига ташкилот ходимларини мажбурий жалб қилишга йўл қўйгани учун МЖ Кодексининг 51-моддасига мувофиқ, маъмурий жавобгарликка тортилди ва энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробари миқдорида жарима солинди.

“Саидаброр Султонсаид” фермер хўжалиги раҳбари Хасанов С.С. вояга етмаган болаларнинг пахта теримида қатнашишига йўл қўйгани учун МЖ кодексининг 49-моддасига мувофиқ, маъмурий жавобгарликка тортилди ва энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробари миқдорида жарима солинди. Тиббиёт ходимларини пахта теримига мажбурий жалб қилиш ҳолати ўз тасдиғини топмади.

Фуқаролар ва қонунбузарликка йўл қўйган мансабдор шахсларга меҳнат қонунчилиги, хусусан, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик тушунтирилди.

1 октябрь куни ҳуқуқ-тартибот органи ходими Ўктам Пардаев ҳарбий хизматга чақирув ёшида бўлган шахсларнинг пахта теримига мажбуран сафарбар қилинганлиги ҳолати ҳақида Жиззахдан хабар берди. Жиззах вилояти бўйича хизмат  сафарида бўлган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқ посбони билан учрашди. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик чора-тадбирлари тушунтирилган хат юборилди. Ў.Пардаев ва Жиззах вилояти бўйича Бандлик бош бошқармаси ходимларидан жойларда тушунтириш ишларини олиб борадиган ва пахта теримига мажбурий жалб қилишга йўл қўйилмаслигини кузатадиган гуруҳ тузилди.        

Айни пайтда пахта теримига мажбурий жалб қилиш ҳақида ҳуқуқ-тартибот органларидан келиб тушган хабарларни ўрганиш давом этмоқда.

10 сентябрдан буён Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мажбурий меҳнатга жалб қилиш бўйича аҳолидан 819 та мурожаатни қабул қилди. Улардан 77 таси бўйича мансабдор шахслар жавобгарликка тортилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳар бир пахта теримига жалб қилиш ҳолати бўйича +99871 200-06-01 рақами орқали ишонч тармоғига мурожаат қилишни ёки @mehnathuquqbot Телеграм ботида хабар қолдиришни сўрамоқда.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!