Хитойга пандемиянинг кучли тўлқини қайтди

Хитойга пандемиянинг кучли тўлқини қайтди

🇨🇳 Илк бор Хитойда аниқланган СOVID-19 касаллиги орадан уч йил ўтиб, яна ушбу давлатда шиддат билан тарқала бошлади. Хусусан, ўтган куни ҳукумат расмийлари мамлакатда кунлик хасталаниш кўрсаткичлари пандемия давридаги мутлақ рекорд кўрсаткичга етганини қайд этди — 31,5 минг нафар бемор!

📊 Умуман, ўтган уч йил давомида бу ерда фақат апрель ойида хавотирли ўсиш динамикаси кузатилганди. Ўшанда энг кўпи билан кунига 30 мингга яқин кишига COVID-19 ташхиси қўйилган.

🚫 Шундан сўнг Чин юртида амалга оширилган қатъий чекловларга асосланган “ноль ҳолат” стратегияси маълум муддат одамларни бу хавфли касалликдан ҳимоялади. Аммо бутун дунё бўйлаб кенг тарқалаётган пандемиянинг янги тўлқини охир-оқибат қарийб 1,5 миллиард аҳолига эга Хитойни ҳам четлаб ўтмади.

🦠 Ҳозир мамлакат расмийлари карантин чораларини янада кучайтириш ҳаракатида. Йирик шаҳарларда қисман локдаун ва касалликни аниқлашга қаратилган оммавий тест синовлари қайта тикланяпти.

📈 Чунки 31 провинция маъмурияти касаллик авж олганини маълум қилган. Улар орасида 22 миллиондан ортиқ киши яшайдиган пойтахт Пекин ва 18,5 миллион аҳоли истиқомат қиладиган йирик мегаполис Гуанчжоу шаҳарлари ҳам бор.

📌 Аслида, бир неча ҳафта аввал бу ерда ўрнатилган махсус чекловлар бироз юмшатилганди. Жумладан, беморлар билан яқин алоқада бўлган шахсларни етти кун давомида карантин марказида мажбурий сақлаш талаби беш кунга қисқартирилди.

❌ Бироқ энди яна эҳтиёткорлик ошириляпти. Пекиннинг йирик тумани — Чаоянгда аксарият компаниялар эшигига вақтинча қулф осилди. Бошқа ҳудудлардаги қатор хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар муассасалар фаолияти тўхтатилди, одамлар масофий иш тартибига ўтди.

🗓 Гуанчжоу шаҳрида ҳам бугундан қисман карантин кучга киради. Ушбу чекловлар 6 миллион нафарга яқин кишига ўз таъсирини кўрсатиши айтиляпти.

‼️Умуман, ҳозир Хитойда эпидемиологик вазият мураккаблашмоқда. Мамлакат расмийлари бу ёғига коронавирусга қарши эмлаш қамровини янада оширишни мақсад қилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!