Хитой Халқ Республикасининг туризм сектори вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди
Тошкент шаҳрида жойлашган «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида Хитой Халқ Республикасининг туризм сектори вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди. Мазкур форум Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини Хитойда тарғиб қилиш ва Ўзбекистон-Хитой туризм саноати вакиллари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга бағишланди.
Бизнес-форум Ўзбекистоннинг «Prestige Travel» компанияси ташаббуси билан Хитойнинг Ҳайнан провенцияси туризм компаниялари ўртасида Туризм қўмитасиҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ва Хитойнинг давлат ва хусусий сектор вакиллари, жумладан, ҳукумат вакиллари, бизнес раҳбарлари ва инвесторлар, шунингдек, икки давлатнинг етакчи меҳмонхона брендлари ва туризм компаниялари раҳбарлари иштирок этишди.
Жорий йилнинг 18 декабрь санасидан бошлаб, Тошкент ва Ҳайнан шаҳарлари ўртасида мунтазам авиарейслар қатнови йўлга қўйилмоқда. Бу ҳақда тадбир ташкилотчиси «Prestige Travel» компанияси раҳбари Ойбек Аҳмедов маълум қилди.
“Мамлакатимиз аҳолиси учун ҳамёнбоп тур-пакетлар ишлаб чиқиш ва уларнинг сифатли саёҳатларини ташкил этиш ҳамда Хитойдан Ўзбекистонга кириб келувчи сайёҳлар сонини кескин кўпайтириш мақсадида янги лойиҳалар устида иш олиб бораяпмиз. Йўлга қўйилаётган янги авиақатновлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасида туристлар оқимини бир неча карра оширади. Ўтган йили «Prestige Travel» томонидан 10 минг нафарга яқин ўзбекистонликларнинг Хитойга саёҳатлари ташкил этилган эди. Шу қаторида минглаб хитойликларни турист сифатида мамлакатимизга олиб кирдик. Яна бир бор таъкидлайман: амалга оширилаётган ишлар мамлакатлар аҳолисининг сифатли ҳордиқ чиқаришлари учун муҳимдир”, – деб таъкидлади «Prestige Travel» компанияси асосчиси Ойбек Аҳмедов.
Форум давомида Ўзбекистон ва Хитой томонлари вакиллари ўртасида Б2Б форматидаги учрашувлар бўлиб ўтди, унда иштирокчилар туризм соҳасининг бугунги ҳолатини муҳокама қилдилар, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликнинг янги имкониятларини ўргандилар. Форум Ўзбекистон ва Хитой сайёҳлик компаниялари ўртасида бир қатор шартнома ва англашув меморандумларини имзолаш маросими билан якунланди.
«Жорий йилнинг 10 ойлигида Хитой Халқ РеспубликасиданЎзбекистонга 60 мингга яқин туристлар кириб келди. Йил якунига қадар бу кўрсаткич янада ортиши ортиши кутилмоқда. Бунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида туризм соҳасида йўлга қўйилаётган икки томонлама муносабатларимиз ҳам алоҳида ўрин тутади. Хитой давлатида юртингизнинг тарихий масканлари, бой маданий мероси ва гўзал табиати билан яқиндан танишиш мақсадида бўлганлар сони ортиб бораётганлигини қайд этишимлозим. Бу эса икки томонлама сайёҳлар алмашинувида манфаатлидир», деб айтиб ўтди Ҳайнан туризм йўналиши раҳбари Лиу Фангху.
Ўзбекистон-Хитой сайёҳлик бизнес-форуми икки давлат вакиллари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Форум иштирокчиларга ҳамкорлик ваинвестициялар учун янги имкониятларни ўрганиш учун платформа тақдим этди. Мазкур тадбир Ўзбекистон туризм индустриясининг юксалиши ва ривожланишига, мамлакатимизнинг жаҳон туризм бозоридаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини дунёга танитиш ва шарқий Осиё давлатларидан кириб келувчи сайёҳлар сонини оширишда мамлакатимизда туризмни жадал ривожлантириш ҳамда соҳанинг ўсиш суръатлари учун шароитлар яратилмоқда. Бугунги кунга келиб, мамлакатимизда 6 мингга яқин жойлаштириш воситалари фаолият кўрсатмоқда, республика бўйича сайёҳларни қабул қилувчи ўринлар сони 156 мингдан ортди.