Хитой фирмаси Россия брендларига нисбатан фирибгарлик қилди

Хитой фирмаси Россия брендларига нисбатан фирибгарлик қилди

Россиянинг бир неча сут заводлари Хитойнинг Хэйлунцзян вилоятида жойлашган фирма устидан оммавий суд аризаси топширди. Улар ушбу фирмани Россия сут брендларни ўзлаштириб олишда айблашмоқда, РИА Новости хабарига асосан.

Россиянинг бир неча сут заводлари ўтган йилнинг охирида Хитойга ўз маҳсулотларини олиб киришга рухсат олган эди. Лекин 2019 йилнинг 28 январида хитойлик бир компания Россия заводларига тегишли бўлган сут брендларини ўзлаштириб олгани маълум бўлди. Шу сабаб айни дамда Россия сут маҳсулотини Хитойга олиб киришда муаммо пайдо бўлди, деди Россия Экспорт марказининг эелектрон савдо бўйича директори Алексей Мурзенок.

“Хитой компанияси қонунни бузмаган. Улар бизнинг брендларни ўз номига рўйхатдан ўтказиб олган. Биз ушбу ҳолатни назорат қилмаганмиз. Балким Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бизни вақтида огоҳлантирмагани туфайли кечга қолганмиз”, - деди Мурзенок.  

“Лекин бошқа томондан қараганда, икки йирик мамлакат орасида ушбу вазият ечилмайдиган муаммога ўхшамайди. Балким Хитой томон бизга бирор ёрдам кўрсатар. Ушбу компания билан гаплашиб бизнинг савдо белгиларимизни ўз ихтиёри билан қайтариб берар”, - дейди РЭМ вакили.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг охирида Россельхознадзор ва Хитой бош Божхона бошқармаси ўзаро сут маҳсулотлари етказиб бериш ҳақида битим имзолаган эди. Бошида Хитой томон фақат 10та россия сут заводи маҳсулотига рухсат берган бўлса, кейин ушбу рўйхат 33тага кенгайтирилган эди. Май ойининг охирида биринчи партия сут Хитойга етказиб берилди.

Маълумот учун – Хитойда Россияда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари жуда катта талабга эга. Айниқса турли сут маҳсулотлари, шоколад, гречка, буғдой, асал, соя ва кунгабоқар ёғи.  

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!