Хайрият! 2021 йилгача тез тиббий ёрдам хизматида «Дамас»лардан тўлиқ воз кечилади

Хайрият! 2021 йилгача тез тиббий ёрдам хизматида «Дамас»лардан тўлиқ воз кечилади

10 июнь куни Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти иштирокида «Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида кўрсатилаётган тез тиббий хизматлар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

"Кун" нашрининг ёзишича, анжуманда тез тиббий ёрдам хизматини кўрсатиш тизимидаги камчиликлар хусусида ҳам сўз борди. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдуҳаким Ҳожибоев журналистларнинг тез ёрдам машиналарининг шошилинч тиббий хизматга мослаштирилмагани, чақириқларни қабул қилиш ва тақсимлашда шошилинч тиббий ёрдам станцияси ва ҳаракатдаги машиналар билан алоқа йўқлиги хусусидаги саволларига жавоб қайтарди.

«Тез ёрдам машиналарида тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар йўқлиги ҳақиқат. Лекин «Дамас»ларнинг барчасини бир оғиз гап билан «Тойота»га айлантириб бўлмайди. Буларнинг барчаси нима эвазига бўлишини барчамиз яхши тушунамиз», дейди у.

Вазир ўринбосарининг баён этишича, ҳозирда республика бўйича мавжуд 2500га яқин тез ёрдам машинасининг 281таси «Ниссан», «Тойота» ва бошқа русумдаги замонавий уловлар. Уларнинг барчаси реанимобилга (шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун бирламчи жиҳозларга эга улов) мослаштирилган. 2021 йилгача «Дамас»лардан тўлиқ воз кечилиб, талаб даражасида жиҳозланган замонавий тиббий ёрдам машиналарига ўтилади.

«Республика бўйича чақириқларнинг атиги 15 фоизи госпитализация қилинади, яъни бемор шифохонага олиб кетилади. 85 фоизига эса жойида хизмат кўрсатилади. Европада эса аксинча, чақириқларнинг 85 фоизи госпитализацияни талаб этади. Шу боис аксарият ҳолларда реанимобилларга эҳтиёж йўқ», дея қўшимча қилган Ҳожибоев.

Маълум қилинишича, 2016 йилда ҳар 15 минг аҳолига битта тез ёрдам машинаси тўғри келган бўлса, ҳозирда ҳар 13 минг киши учун битта машина хизмат қилади.

«3 минг, 5 минг киши истиқомат қиладиган чекка ҳудудларда ҳам масофа чўзилиб кетишини инобатга олган ҳолда одам сони кам бўлса ҳам машина бириктириб қўйиш вазифаси белгиланган. Лекин бу фақат машина қўйиш билан битмайди, олис ҳудудда ишлашга рози бўладиган кадрлар ҳам керак. Бу эса қийин масала», дея Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, 2019 йил якунига қадар барча тез ёрдам машиналарида қулай алоқани, чақириқлар учун машинани тезкор йўналтиришни таъминловчи GPS тизимини йўлга қўйиш белгиланган.

«Ҳозирда Тошкент шаҳридаги 178та машинада бу тизим мавжуд. Лекин сервер билан алоқа яхши йўлга қўйилмаган», дейилади матбуот анжуманида.

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!