«Халқимизга балиқ эмас, қармоқ беришимиз керак» — Шавкат Мирзиёев

«Халқимизга балиқ эмас, қармоқ беришимиз керак» — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев 27 февраль куни тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича видеоселектор ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Унда Президент камбағаллик Ўзбекистонда кўп йиллар ёпиқ мавзу бўлиб келгани, 24 январь куни Олий Мажлисга Мурожаатномада бу ҳақда очиқ-ойдин гапирганини таъкидлаган. Йиғилишда иштирок этган «Kun.uz» Президент сўзларини келтирган.

«Афсуски, биз шу пайтгача аксарият фуқароларимиз ҳақиқатан ҳам камбағал эканини кўриб-кўрмасликка, эшитиб-эшитмаганликка олдик. Бу нотўғри. Афсуски, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, халқимизнинг 4-5 фоизи камбағал экани аниқланди. Энди яшириш керак эмас, оғир шароитларда яшаётган одамларимизнинг асл муаммоси, вазиятини тушунишимиз, барча тоифадаги раҳбарлар дунёқарашимизни ўзгартиришимиз лозим бўлади.

Биздаги маълумотларга кўра, айрим оилаларнинг топаётган ойлик даромадининг қарийб 70 фоизи, Худо кўрсатмасин, ўша хонадонда кимдир оғир бетоб бўлса, етмай қоляпти. Хўш, бундай оилаларни ўзига тўқ, дея оламизми? Албатта, йўқ. Рости, Президент сифатида одамларимизнинг нима истеъмол қилаётгани, соғлиғи ҳақидаги ўйлар ҳар куни мени қийнайди.

Қашқадарё вилояти камбағаллик муаммоси бўйича энг оғир ҳудуд ҳисобланади. 700 минг аҳоли камбағал. Бу жами аҳолининг қарийб 21 фоизини ташкил этмоқда. Бу вазиятда Қашқадарёда раҳбарлар бир жойда ўтириши мумкин эмас. Одамларимизни бундай оғир шароитдан қандай чиқариб оламиз, деган саволни ўзига бериши лозим.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 500 минг, Сурхондарёда 500 минг, Наманганда 400 минг, Жиззахда 210 минг ва Сирдарёда 130 минг аҳоли камбағал. Бу рақамларни маҳаллалар кесимида олсак, янада оғир рақамларга гувоҳ бўламиз. Масалан, Паркент туманининг «Янгиобод» маҳалласида 1039 нафар кам таъминлаган ва камбағаллар бор. Олтинсой тумани «Миршоди» маҳалласида 906 нафар, Бойсун тумани «Тўда» маҳалласида 504 нафар фуқароларимиз оғир аҳволда яшаяпти.

Энди Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари билан биргаликда камбағалликни камайтириш ва тадбиркорлик муҳитини шакллантириши лозим бўлади.

Ҳар бир ҳудудда биттадан касб-ҳунар коллежида хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда бизнес ва касбга ўқитиш марказлари ташкил қилинади. Камбағалликни камайтириш бу — оиланинг ойлик ёки нафақасини кўпайтириш, оммавий кредит бериш, дегани эмас. Таъбир жоиз бўлса, шу вақтгача биз одамларимизга балиқ бердик. Бу тажриба ўзини мутлақо оқламади. Халқимизга балиқ тутишни ўргатишимиз, қармоқ беришимиз лозим», дея Президентнинг сўзларини келтирмоқда «Kun.uz».


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!