Халқаро экспертлар фикри: “Жаслиқ” ёпилишини 20 йилдан бери сўраб келаётгандик”

Халқаро экспертлар фикри: “Жаслиқ” ёпилишини 20 йилдан бери сўраб келаётгандик”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Жаслиқ” 19-сон ихтисослаштирилган колониясини тугатиш тўғрисидаги қарорига қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар ўз муносабатини билдирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабар бермоқда.

Хусусан, АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элис Уеллс ўзининг “Твиттер”даги аккаунтида қуйидагиларни ёзиб қолдирди: “Биз Ўзбекистоннинг ёмон ном чиқарган “Жаслиқ” қамоқхонасини ёпиш тўғрисидаги эълонини қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини яхшилаш учун ҳали олдинда кўп ишлар турибди, бироқ ушбу зулм масканининг тугатилиши ислоҳотлар йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади”.

АҚШ Давлат Департаментининг Инсон ҳуқуқлари, демократия ва меҳнат бюроси қуйидагича муносабат билдирди:

“Биз “Жаслиқ” қамоқхонасини ёпиш тўғрисида қарори эълон қилгани учун Ўзбекистондан миннатдормиз. Инсон ҳуқуқлари жамиятлари бу тўғрисида деярли сўнгги 20 йил давомида сўраб келаётган эди”.

БМТнинг Ўзбекистондаги Координатори Ҳелена Фрейзер ҳам Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарорини қўллаб-қувватлади:

“Мазкур жараён доирасида БМТ инсон ҳуқуқлари тамойиллари ва БМТнинг жиноятчиликнинг олдини олиш ва одил судлов соҳасидаги стандартлар ва нормалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонга ўзининг пенитенциар тизимини ислоҳ қилишда ва қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган санкциялар ва чораларни қўллашда бундан кейин кўмаклашишга тайёр”.

Европа Иттифоқининг “Жаслиқ” жазони ўташ колонияси ёпилиши бўйича баёнотида қуйидагилар қайд этилган:

“2017-2021-йилларга мўлжалланган Ўзбекистоннинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатилганидек, ҳуқуқ устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига амал қилиниши Ўзбекистон иқтисодий ва ижтимоий тараққиётини жадаллаштиришнинг узвий шарти ҳисобланади. Ҳам хорижий, ҳам ички иқтисодий операторларнинг олиб борилаётган ислоҳотларга ишончи ва уларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция китиришга тайёрлиги даражаси мазкур соҳадаги доимий ўсишга боғлиқ. ЕИ муносабатларимизни келажакда янги даражага кўтарувчи воқеаларни қўллаб-қувватлашга тайёр”.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2 август куни “Жаслиқ” колониясини тугатиш тўғрисидаги қарорни имзолаганди.

 

 

 

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!