WSJ: «АҚШнинг Афғонистон бўйича вакили толиблар билан музокара ўтказди»

WSJ: «АҚШнинг Афғонистон бўйича вакили толиблар билан музокара ўтказди»

Яқинда АҚШнинг Афғонистон бўйича вакили этиб тайинланган Залмай Халилзод жума куни Қатар пойтахти Дохада “Толибон” ҳаракати вакиллари билан учрашди, дея хабар бермоқда The Wall Street Journal газетаси.

Нашрнинг қайд этишича, музокараларда айнан қайси масалалар кўтарилгани номаълум, аммо бу сўнгги ойларда АҚШ расмий вакилининг “Толибон” вакиллари билан иккинчи учрашувидир. Июль ойида Қатардаги учрашувга АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Элис Уэллс келган эди. Ўшанда томонлар Афғонистондаги низони ҳал қилиш масаласини муҳокама қилган.

Давлат департаменти Залмай Халилзоднинг толиблар билан учрашганини ҳозирча тасдиқлагани йўқ.

Аввалроқ Халилзоднинг 4-14 октябрь кунлари Афғонистон, Покистон, БАА, Қатар ва Саудия Арабистонига сафар қилиши айтилганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил февралида Афғонистон президенти Ашраф Ғани ҳукумат “Толибон” ҳаракатини сиёсий куч сифатида тан олиши мумкинлигини билдирган эди. Июль ойида эса АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео Кобулда Ашраф Ғани билан учрашувда АҚШ Афғонистон ҳукуматининг “Толибон” билан тинчлик музокаралари ўтказишига кўмаклашишга тайёрлигини айтди.

Manba: azon. uz

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!