Волийнинг ўғлини христианга қамчилатган халифа

Волийнинг ўғлини христианга қамчилатган халифа

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу
Воиз: Умар Сулаймон
Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! 
Мен биродарингиз Умар Сулаймон бўламан. 
Барчангизга Буюк Саҳобалар туркумига хуш келибсиз дейман!
Бугун сизлар билан асҳоби киромлар орасида энг буюкларидан яна бири, ўзида жуда ҳам кўплаб яхши хислат ва фазилатларни жамлаган инсон ҳақида суҳбатлашмоқчиман, аммо бир ҳақиқатни сизларга олдиндан айтиб ўтмоқчиман, бу инсон ҳақида билганларимизни биргина суҳбатни ўзида қамраб олишнинг имкони йўқ. Бунга ҳатто уринишни ҳам жоиз деб топмадим. Ва у зот розияллоҳу анҳунинг биргина сифатларини ушбу суҳбатимизда сизлар билан ўртоқлашишга қарор қилдим. 
Бу инсон ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дея марҳамат қилганлар: 
عمر لكان بعدي من نبيا كان لو 
“Яъни, агарда мендан кейин яна пайғамбар бўлганида эди, бу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бўлган бўлар эди.” 
Умар розияллоҳу анҳунинг ҳаётларининг ҳар бир қисми ҳақида китоблар ёзиш мумкин. Бу инсонга мусулмонлар ҳам ғайридинлар ҳам ҳайратда қолишган. 
Америкалик ёзувчи Майкл Харт ўзининг “100 та энг таъсирли инсон” номли китобида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳақида 52-рақамда баён қилиб кетган. Ушбу муаллиф ўзини китобида 52-ўринда белгилаган бўлса-да, биз мусулмонлар учун у зот розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан кейин турадиган инсонлигича қолаверадилар. 
Келинг, биз Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан қандай сифатларни олишимиз мумкинлиги ҳақида суҳбатлашиб оламиз. Биз у зот розияллоҳу таъала анҳудан итоаткорликни, Аллоҳ таолога нисбатан қўрқувни, ҳақни ноҳақдан ажратиш қобилиятларини олишимиз мумкин. Бундан ташқари у киши ал-Фаруқ, яъни ботил ва ҳақни бир-биридан ажратувчи исми билан ҳам аталган эдилар. 
Умар розияллоҳу анҳу ҳақида яна бир эътиборли жиҳат шундаки, у киши Исломга кирмасларидан олдин тамомила адолатсиз бир инсон сифатида гавдалансалар, мусулмон бўлганларидан кейин бутун инсоният учун адолат тимсолига айланганлар. У киши бизга адолат борасида ва йўлбошчи сифатида ҳам кўплаб сабоқлар қолдириб кетганлар. Мана шундай сабоқлардан бири у киши розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида ҳайвонлар борасида ҳам Аллоҳ таоло у кишини савол-сўроққа тортиши мумкинлигини айтиб қўрққанликлари ҳақида баён қилинган. У киши ҳайвонларга қараб: 
“Аллоҳга қасамки, мен сизлар ҳақингизда ҳам сўраламан деб қўрқаман.”, деганлар. 
Исломдан олдин барчани қалбига қўрқув солган айнан мана шу инсон Исломни қабул қилганларидан кейин кўзларида ёш билан: “Ироқдан бир эшак ёки ҳаддан ташқари қийноққа солиб ишлатилган бир туя келиб Қиёмат куни менга қарши гувоҳлик беришидан қўрқаман.”, деганлар. 
Қаранг-а, у киши розияллоҳу анҳунинг Аллоҳга нисбатан қўрқувларига. Бу у кишининг ўз халифаликлари давридаги ҳаттоки ҳайвонларга нисбатан ҳам беэътибор бўлмаганликларини кўрсатади. Агарда у кишининг ҳаётлари ҳақида кўпроқ ўрганадиган бўлсак, у киши розияллоҳу анҳу тунда маҳаллаларни кезишга одатланганликларига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Ҳар кеча маҳалла ва қишлоқларни кезаркан, елкаларида гуруч, буғдой ва ун каби нарсаларни ташиб оч – наҳорларга улашиб чиқар эдилар. Бундан ташқари, мана шундай тунги кўчага чиқишларининг бирида тўлғоқ тутиб турган аёлга туғриқда ёрдам бериши учун ўз аёлларини унинг уйига олиб келганлар. Бу каби мисолларни Умар розияллоҳу анҳу ҳақида кўплаб келтириш мумкин. 
Умар роҳияллоҳу анҳуни ал-Рамада, яъни ҳижратнинг 18-йилида мусулмонлар бошига келган, “Қум йили” деб аталадиган йилда жонкуяр етакчи сифатида кўришимиз мумкин. Бу йилда мусулмонлар жуда ҳам оғир бир табиий офат билан курашишларига тўғри келган эди. Маълумотларга қараганда, айнан мана шу йилнинг ўзида Мадинага 60.000 муҳожир очарчиликдан нажот излаб келган эди. Бу офат Умар розияллоҳу анҳунинг амирликлари даврига тўғри келган ва чўлу биёбонларда, кўчаларда ҳайвонлар очликдан одамларга ҳужум қилиб, ҳалок бўлганлар кўплигидан у киши розияллоҳу анҳу бирваракайига ўнлаб марҳумга жаноза ўқир эдилар. 
Умар розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолога дуо қилиб: 
يدي علي محمد أمة هلك تجعل لا اللهم

“Эй Аллоҳим, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматини менинг қўл остимдалик вақтида ҳалок этма!” деб илтижо қилган эдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу мана шу йилда Умар розияллоҳу анҳу билан содир бўлган икки воқеа ҳақида ривоят қилганлар. Шундай қилиб, Умар розияллоҳу анҳу елкаларида ёғ ва бошқа турли маҳсулотларни ташиб юрар, егулик топишга қийналиб, ночор аҳволда қолганларга тарқатар эдилар. Мана шундай кунларнинг бирида у киши розияллоҳу анҳу бир темир парчасини олиб, уни сўриб ўтирган бир ночор кишига дуч келадилар. Бундай ҳолатни кўриб қаттиқ таъсирланган Умар розияллоҳу анҳу кимники нимага зор қолганини кўрсалар, ўзларини ҳам ўша нарсадан маҳрум этар, агардан гўштдан етишмовчиликда қолганини кўрсалар, гўшт емас, агарда ёғдан қийналиб қолганини кўрсалар, ёғни ейишни тарк қилар, агарда одамлар ҳеч вақосиз қолишганига гувоҳ бўлсалар, ўзлари ҳам худди улардек яшашлари керак деб билар эдилар. Бундай хислатларга эга Умар ибн ал-Хаттобдек йўлбошчини бир тасаввур қилиб кўринг-а! 
Бир куни Умар розияллоҳу анҳу уйларига қайтиб келганларида, ўғилларининг бир бўлак тарвуз сотиб олиб келганини кўриб қолдилар. Тарвуз бўлагида атиги бир нечта данак бор эди ва уни Умар розияллоҳу анҳу токи ўғиллари йиғлаб юбормагунча ва унинг қўлидан тарвузни олмагунларича ўткир нигоҳлари билан қаттиқ тикилиб туравердилар. Шунда у киши ўз ҳайратларини بخ بخ дея ифодалаб:
“Наҳотки, мўминлар амирининг ўғли тарвуз еяётган бўлса? Аллоҳга қасамки, бутун умматда бундай неъмат бўлмагунча, биз ундан татиб ҳам кўрмаймиз.”, дея у киши ўзларини бундан ҳам маън этган эдилар. 
Шунингдек, ҳар биримиз Умар розияллоҳу анҳудан ўрнак сифатида ҳаётимизга татбиқ этишимиз керак бўлган жиҳатлардан бири у киши: 
“Мен қандай қилиб ўз аҳлимга бош бўлишим мумкин, агарда аҳлим яшаётган шароитни мен ҳам яшамасам?”, деганлар. 
Субҳаналлоҳ! Айнан мана шу етакчи сифатида хизмат қилувчи инсон учун Ислом келтирган тушунча ҳисобланади. 
Умар розияллоҳу анҳу ушбу табиий офат юз берган йилда тез – тез ранглари ўзгариб турар эди. У киши розияллоҳу анҳу ҳақидаги баъзи ривоятларга кўра, ранглари баъзан оқариб кетган, баъзан эса қорайиб кетган. Бунга сабаб у кишининг етарли даражада овқатланмаганликлари бўлган. Умар розияллоҳу анҳуни бу аҳволда кўрган саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлар агарда бу табиий офат яна узоқроқ давом этадиган бўлса, у кишининг буни кўтаролмасдан ҳалок бўлишларидан хавотирга тушиб қолишган эди. 
Мадинага нажот истаб келган 60 минг муҳожирнинг 40 минг нафари ҳалок бўлди. Шундан кейин Аллоҳ таоло бу офатга барҳам бериб, мўминларни ундан халос этди.
Умар розияллоҳу анҳу ғайридинларга нисбатан ҳам доимо адолатли бўлганлар. Бу ҳақида қуйида сизларга ҳикоя қилиб берадиган воқеадан ҳам ўзингиз гувоҳ бўлишингиз мумкин. Шундай қилиб, Мисрда Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг ўғилларидан бири христиан бир қибтий киши билан ким ўзарга мусобақалашаётган эдилар. Мусобақада христиан ғолиб бўлади. Буни қабул қилолмаган Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг ўғиллари ҳалиги христианнинг юзига тарсаки тортиб юборади. Христиан эса халифанинг адолат ўрнатишда донғи кетган киши эканлигини биларди ва шикоят қилиш учун Мадинага йўл олади. Христиан шаҳарга келиб халифа Умар розияллоҳу анҳуни масжидни тозалаётган ҳолатда топади ва у кишини бўлган воқеани айтиб беради. Умар розияллоҳу анҳу унга: “Ҳой, мен исломни атрофга ёйиш билан бандман ёки менинг бу каби ишларга вақтим йўқ”, қабилида жавоб бермадилар. У киши волий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ва у кишининг ўғилларини ҳузурларига чақиртириб ҳалиги христианнинг қаршисига келтирдилар. Улар етиб келишгач, Амр ибн Оснинг ўғиллари ҳам христиан сўзлаб берган воқеанинг тўғрилигини тасдиқлади. Шунда Умар розияллоҳу анҳу бир қамчи олиб уни христианнинг қўлига тутқаздилар ва унга ким қўл кўтарган бўлса, ўша одамни уришни айтдилар. Уни урганидан кейин эса унинг отасини ҳам уришини айтдилар. Шунда христиан нега бундай қилиши кераклигини сўраганида, Умар розияллоҳу анҳу унга Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг ўғли отасининг номидан фойдаланиб қўл кўтарганини айтадилар. Суҳаналлоҳ! Умар розияллоҳу анҳунинг адолатни ўрнатишларига қаранг! У киши жабрланувчи христианга ҳам Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуни ҳам у кишининг ўғилларини савалашни буюрдилар. 
Умар розияллоҳу бор жойда христианларга ҳам, яҳудийларга ҳам, ҳатто ҳайвонларга нисбатан ҳам, бева-бечораларга ҳам ва ўз оила аъзоларига нисбатан ҳам адолат қарор топар эди. 
Мўминлар амири Умар розияллоҳу анҳу бизга теран мулоҳаза қилишимиз керак бўлган ҳам раҳбар сифатида, ҳам адолатда, ҳам бошқа инсонларнинг ҳақ-ҳуқуларини поймол қилмаслик борасида кўплаб сабоқлар бериб кетганлар. Ҳатто Қуддусни фатҳ этганларида ҳам қон тўкилишига йўл қўймаганлар. Қуддусни фатҳ этганларида у кишини у ернинг аҳолиси қандай хуш кутиб олгани барчамизга маълум. У киши розияллоҳу анҳу у ерга ташриф буюрганларида, патриарх у кишини черковга ибодат қилиб олиш учун бошлаб боради. Шу пайтда пешин намози вақти кирган эди. Патриарх Умар розияллоҳу анҳунинг қўлларидан тутиб, нега черковда намозларини ўқиб олмасликларини сўради. Шунда Умар розияллоҳу анҳу унга рад жавоби бердилар ва бирор бир фиқҳий жиҳатдан ёндашмасдан, балки ўзлари мулоҳаза билан шундай дея жавоб бердилар: 
“Агарда мен бу ерда ҳозир намоз ўқийдиган бўлсам, келажакда мусулмонлар бу ерга келиб, бу ер масжид ҳисобланади. Чунки Умар розияллоҳу анҳу бу ерда намоз ўқиган дейишади.” У киши шундай дея черковдан бир неча одим узоқлашиб ўша ерда намозларини адо этдилар. У киши розияллоҳу анҳу ўша пайтда айтиб кетганларидек, ҳозирги вақтда у киши намозни адо этган мазкур жойда Умар розияллоҳу анҳу номларидаги масжид барпо этилган.

Ҳа, азизлар, Умар розияллоҳу анҳу воқеа ва ҳолатларни адолат ва раҳм-шавқат нури остида кўрар эдилар. Ҳозирда эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Битимида ҳам у киши розияллоҳу анҳунинг: “Аслида ҳур бўлиб туғилган инсонни қандай қилиб қул қилишингиз мумкин?” деган машҳур сўзлари баён этиб ўтилган. Субҳаналлоҳ! Мана шу бизнинг динимиз. Биз бу каби зотлардан фахрланишимиз ва уларни ўзимизга намуна сифатида олиб уларга эргашишимиз керак. Уларнинг амалга оширган ишларининг мазмун-моҳиятини англаб, ўз ҳаётимизда Роббимиз олдида бандалик вазифамизни адо этишимиз керак. Бу ишларни қилиш фақатгина масжид ходимлари-ю, диний идора масъулиятига кирадими? Йўқ, албатта. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳар бирингиз ўз қўл остингиздагиларга масъулсиз деганлар. Ўз ўрнида қўл остингиздаги ҳар бир инсон ҳам қўл остида ўзи масъул бўлган шахслар бор. Дейлик, аёл уйига масъул, эр оиласига масъул, ташкилот эса мазкур ташкилотга тўлиқ масъул ҳисобланади. Ҳар бир инсон зиммасига масъулият юкланган. Бу хоҳ имом бўлсин хоҳ ушбу имомга иқтидо қилаётган инсон, хоҳ она, хоҳ ота, хоҳ фарзанд. Ҳар бир инсон қайсидир бошқа бир инсон олдида масъулиятли ҳисобланади ва улар билан ўз масъулиятини адо этаркан, уларга нисбатан адолат билан ёндашиши, уларнинг дардларига шерик бўлиши керак. Шу билан биргаликда мазкур инсонларнинг ҳолатларининг яхшиланиши учун ҳаракат қилиши керак. 
Агарда адолат ва раҳм-шавқатни ўзимизда мужассамлаштирадиган бўлсак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳам бизга нисбатан адолат ва раҳм-шавқат кўрсатади. Шундай экан, азиз биродарлар, ушбулар ҳақида мулоҳаза юритиб кўринг. Мен эса Аллоҳ таолодан ҳар биримизни бундай сифатлар билан неъматлантиришини сўраб қоламан. 
Шу ўринда қўшимча равишда Умар розияллоҳу анҳу билан содир бўлган ўта таъсирли бўлган бир воқеани ҳам баён қилиб ўтмоқчиман. 
Умар розияллоҳу анҳунинг жонларига қасд қилинган кундан бир кун олдин Абу Луълуъ ал Мажусийни учратиб қоладилар. Шунда ал Мажусий у киши розияллоҳу анҳуга у кишининг жонларига қасд қилмоқчи эканига оид шамаъ қилади ва унинг сўзларидан унинг ниятини Умар розияллоҳу анҳу буни пайқайдилар ҳам. Унинг бу мақсади ҳақида Умар розияллоҳу анҳу бошқа саҳобаларга айтадилар ҳам. Шунда саҳобаи киром розияллоҳу анҳум у кишидан нега ал Мажусийни қатл қилмаётганларини сўрашади. Умар розияллоҳу анҳу эса бир инсонни унинг сўзларидан билвосита ўз жонига қасд қилиш нияти борлигини билганлиги туфайли уни қатл қилиш адолатсиз бўлишини билар эдилар. У киши розияллоҳу анҳу бу инсонга ҳам адолат қилаётган эдилар. 
Эртаси куни эса Умар розияллоҳу анҳу жамоатга имомлик қилаётган чоғларида ал Мажусий у кишининг орқаларидан ханжар санчиб жонларига қасд қилди. Умар розияллоҳу анҳу ушбу жароҳатдан кейин бир неча кун яшадилар ва вафотлари олдидан шундай таъсирли сўзларни сўзладилар. Ушбу сўзларни сизларга баён қилишдан олдин улар ҳақида ҳар бирингиз бир мусулмон сифатида чуқурроқ мулоҳаза қилишингизни сўраб қоламан. 
Умар розияллоҳу анҳу жонларига қасд қилингандан кейин икки нарса ҳақида ташвишландилар. Булардан бири: мусулмонларнинг намозни давом эттириши бўлди; иккинчиси эса ҳозирги пайтда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари ҳолатига назар ташлаб туриб ҳар бир инсоннинг кўзларига ёш келтирадиган, қалбини титратиб юборадиган сўзлар бўлди. Умар розияллоҳу анҳу атрофларида тўпланганлардан шундай сўрадилар: 
“Менинг жонимга қасд қилган ким эди?”
У кишига бу – оташпараст Абу Луълуъ ал Мажусий эканлигини айтишганида, Умар розияллоҳу анҳу шундай дедилар: 
“Алҳамдулиллаҳ! Менинг жонимга қасд қилган одам Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадун расулуллоҳ дея иймон келтирмаган киши экан.” 
Умар розияллоҳу анҳу ўзларига бир неча бор санчилган ханжар туфайли таналридан оқаётган қонга ҳам парво қилмасдан, мўмин ва мусулмонлар ўртасида бирдамлик ва ҳамжиҳатлик бўлиши учун қаттиқ ташвишда эдилар. “Алҳамдулиллаҳ, менинг жонимга қасд қилган мусулмон эмас экан”, дердилар.

Азиз биродарлар, мана шу каби кўплаб сабаблар туфайли ҳам нега Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан кейин агарда яна пайғамбар бўлганида, бу Умар розияллоҳу анҳу бўлган бўларди деган сўзларини моҳиятини тушуниб олишимиз мумкин. 
Аллоҳ таолодан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зот алайҳиссаломнинг оилалари, Умар розияллоҳу анҳу ва бошқа асҳоби киром розияллоҳу анҳумлар билан бирга жаннатнинг энг юксакларида жамлашини сўраймиз.  
Омийн. 
Жазакомаллоҳу хойрон. Кейинги туркум суҳбатларимизда такрор кўришиш насиб этсин.

Таржимон: Умму Муҳаммадийн

Manba: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!