Водийлик ҳайдовчилар: Тунни “заправкалар“да ўтказяпмиз (+Фото)

Водийлик ҳайдовчилар: Тунни “заправкалар“да ўтказяпмиз (+Фото)

Деярли икки ҳафтадан буён водий вилоятлари Андижон, Наманган, Фарғонада фаолият кўрсатаётган барча автомобилларга метан газ қуйиш шохобчаларидаги тирбандлик ва машиналар навбати километрларга чўзилиб кетган. Бунинг сабаби эса аҳоли томонидан турли тахминлар билан изоҳланмоқда. Айримлар Қамчиқ довонида кескин ҳавонинг совиши оқибатида водийга келувчи асосий магистрал газ қувурида босимнинг пасайишини таъкидлашса, баъзилар қиш мавсумида табиий газнинг асосий қисми аҳолига етказиб берилаётгани айтишмоқда.

Ўтган ҳафта бошида навбатлар чўзилишни бошлаган, ўшанда 2-3 соатда газ қуйиб чиқаётгандик. Кундан-кун вазият оғирлашиб боряпти. Мана бугун Бағдод тумани Бекобод қишлоғидаги газ қуйиш шохобчасида 8 соатда навбатим келди. Газ қўйиш шаҳобчасидагилар бунинг сабабини тушунтириб беришмаяпти. Риштон Бағдод йўналиши бўйича такси ҳайдайман. Ишимни якунлаб уйга кетиш ўрнига метан қуйиш шохобчасида тунаб қолишга мажбур бўляпман. Ҳар куни шу аҳвол. Бу адоқсиз навбатга туришлар ҳайдовчиларнигина қийнаса майли эди. Ҳар куни ишга борадиган фуқароларга жуда қийин бўлиб кетди. Йўлкира нархлари 2 баробарга кўтарил кетди. Навбат узайиши ҳисобига қатнов камайди. Шофёрлар 10-12 соатлаб навбатда турибмиз деб йўлкира ҳақини ошириб юборишди. Масалан Бағдод туманидан Қўқон шаҳрига бориш нархи аввал 2500 сўм эди, ҳозир 4000-5000 га чиқди , дейди ҳайдовчи Ҳусанбой Фозилов.

Бағдод Фарғона йўналишида киракашлик қиламан. Газга навбатлар узайиб кетгандан сўнг ноилож йўлкирани оширдик. Оддий кунларда 10 мингга бориб келардик. Мен шохобчаларида 7-8 соатлаб навбатда турибмиз. Ўшанда ҳам ҳаммага етсин деб 200 босим билан газ дамлаб беришмаяпти. 100-120 атмосфера босими билан газ дамлаб беришяпти. Ноилож йўлкира ҳақини 15 мингга кўтардик , дейди ҳайдовчи Иқболжон Солиев.

Совуқ кунлар бошланиши билан табиий газга бўлган эҳтиёж кескин ортади. Магистрал газ қувурларида босим пасайиб кетган. Компрессорлар тўла қувват билан ишламаяпти. Табиийки, шунинг сабабдан Автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида турнақатор навбатлар юзага келмоқда , дейди Ўзтрансгаз ҳудудий филиали диспетчери Толибжон Сотволдиев.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси истеъмолчиларига газ етказиб бериш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида ги 8-қарорига асосан, магистрал қувурларда газ босими пасайганида энг биринчи навбатда аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари газ билан таъминланиши қайд этилган. Шу қарорга асосан автомобилларга газ қуйиш шохобчалари кечки 20:00 дан кейин ёпиб қўйиляпти.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!