Вобкентлик томорқа эгасининг иссиқхонасида нега текширув ўтказилди?

Вобкентлик томорқа эгасининг иссиқхонасида нега текширув ўтказилди?

Томорқада иссиқхона ташкил этиб, помидор, бодринг ва бошқа маҳсулотлар етиштириш орқали рўзғорини бут қилаётган, бозорни тўкин этишга ҳисса қўшаётган деҳқонларга қойил.

Бухоро вилояти қатор ҳудудларида бу маҳсулотлар билан бирга, Ўзбекистон иқлимига унчалик хос бўлмаган банан ва ҳатто папайя етиштириш тажрибаси ҳам бор. Сиртдан қараганда, вобкентлик фуқаро Т.И. бунга ҳавас қилган. Аммо...

Бундайроқ бўлса-да иссиқхона ташкил этган бу кимсанинг муддаоси бўлакча чиқди. Аниқроғи, ният фақат деҳқончилик эмас экан. Бу вилоят божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси ходимларининг ўзаро ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда аён бўлди.

Тезкор гуруҳ вакилларининг олган асосли маълумотларига таянган ҳолда амалга оширилган тадбирда, фуқаро Т.Ининг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди. Қарангки, хавотир бежиз эмас экан. Хонадон иссиқхонасида 11 туп каннабисни парваришланаётгани аниқланди. Рухсат этилмаган зарарли ўсимлик туплари қўпорилиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Каннабис таркибида ўта хавфли наркотик модда бўлиб, у инсон соғлиғига жиддий зиён етказади, миянинг катта қисмини ва репродуктив саломатликни издан чиқаради. Инсон ўз хатти-ҳаракатини бошқара олмайди.

Тезкор тадбирда, хонадонда, шунингдек, жами 3,30 грамм “Марихуана” гиёҳвандлик воситаларга ўхшаш моддалар сақлаб келинаётганлиги ҳам аниқланди.

Вилоят Эксперт криминалистика марказининг тегишли хулосасида ашёвий далил сифатида олинган моддаларнинг гиёҳвандлик моддаси эканлиги ўз тасдиғини топди.

Вилоят божхонаси матбуот хизмати маълумотларига қараганда, айни пайтда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Manba: uza.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!