Владимир Норов Франция элчиси билан учрашди

 Владимир Норов Франция элчиси билан учрашди

Бугун, 28 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Франция Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Орелия Бушезни қабул қилди.

Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари муҳокама этилди ҳамда 2023 йилга мўлжалланган Ўзбекистон-Франция кўп қиррали ҳамкорлигининг устувор йўналишларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Президентининг жорий йил 21-22-ноябрь кунлари Францияга амалга оширган расмий ташрифи ва олий даражадаги музокаралари якунлари икки давлат раҳбарларининг Ўзбекистон-Франция мулоқотига барча соҳаларда янгича суръат бағишлаш борасидаги сиёсий иродаси мавжудлигини тасдиқлади.

Музокараларда иқтисодий дипломатияни мустаҳкамлаш масалалари муҳим ўрин тутди. Ташриф чоғида умумий қиймати 6 миллиард евродан ортиқ савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорликка доир лойиҳаларини амалга ошириш бўйича эришилган келишувларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширишдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси билан Франция Миллий ассамблеяси ўртасида, жумладан, Парламентлараро иттифоқ ва ЕХҲТ Парламент ассамблеяси доирасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашувда келгуси йилда режалаштирилган қўшма тадбирлар жадвали ва кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.

Томонларнинг маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилди. Элчи Франция жамоатчилиги ва ушбу мамлакат пойтахтига ташриф буюрувчилар Лувр ва Париждаги Араб дунёси институтида очилган Ўзбекистон музейлари экспонатларининг кўргазмаларига алоҳида қизиқиш билдираётганини таъкидлади, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!