Венесуэла президенти: "Фаластин масаласи инсониятнинг энг адолатли ишидир"
Фаластин масаласи инсониятнинг энг адолатли ишидир. Бу ҳақда Венесуэла президенти Николас Мадуро Каракасда бўлиб ўтган Фаластин билан бирдамлик халқаро конференциясида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
Мадуронинг айтишича, Венесуэла Фаластин даъвосини энг кучли тарзда қўллаб-қувватлашда давом этади.
"Ўтган асрдан мерос бўлиб қолган адолатли дунё яратиш учун кураш сабабларига назар ташласангиз, Фаластин иши инсониятнинг энг адолатли ишидир. Бу инсониятни бирлаштирувчи сабабдир", - деди Мадуро.
Венесуэла президенти АҚШ, Европа ва Лотин Америкасидаги ўта ўнгчиларни Исроилнинг Фаластиндаги геноцидига шерикликда айблади, шунингдек, фашизм ва ционизмга қарши глобал кураш доирасида мамлакат ва унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилди.
Мадуронинг таъкидлашича, Каракас Фаластин халқининг ўз мустақил давлатига эга бўлиш ҳуқуқини қатъий қўллаб-қувватлайди.
"Бугун биз ўз кўзимиз билан Фаластиндаги геноциднинг гувоҳи бўлаяпмиз. Ҳар куни болалар, аёллар ва эркакларга қарши содир этилаётган жиноятлар жуда оғриқли" - деди у.
Фаластин масаласи Венесуэла, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси давлатларининг яшаш ҳуқуқи каби муҳим, деди президент.
Венесуэла Фаластин ва Яқин Шарқ халқлари билан бирдам, деди Мадуро ва Фаластин озодлиги учун курашни "инсоният ҳозиргача курашган энг муҳим уруш" деб атади.