Вазир изоҳ берди: Иситиш тизими учун тўловлар нега йил бўйи амалга оширилади?

Вазир изоҳ берди: Иситиш тизими учун тўловлар нега йил бўйи амалга оширилади?

16 июль куни «Ҳудудларда уй-жой коммунал соҳа инфратузилмасини ривожлантириш муаммолари» мавзусидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда иштирок этган Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Салиев иситиш тизими учун тўловлар нима учун йил бўйи амалга оширилиши ҳақидаги саволга жавоб қайтарган.

«Бугунги кунда республикадаги 34 минг 500та кўп қаватли уйларнинг 60 фоизи лойиҳа бўйича марказлашган иссиқлик тизимига эга бўлган хонадонлар. Реал ҳолатда ана шу марказлашган тизимнинг бор-йўғи 20 фоизи ишлаяпти. Иссиқлик тизими эски лойиҳалар бўйича амалга оширилган, очиқ тизимда ишлайди. Иссиқлик ишлаб чиқариш учун тоза ичимлик суви, электро энергия ва газ харажатлари юқори. 

Агар бу харажатлар уч ойга бўлиб юборилса, аҳолига иситиш тизими учун тўловни амалга ошириш қийин бўлиб қолади. Шунинг учун иситиш тизими ўн икки ойга бўлиб юборилган ва тўловлар йил давомида амалга оширилади», деди вазир.

Иссиқлик таъминоти ташкилотлари тасарруфида жами 709та марказий ва локал қозонхоналар аҳолига иссиқлик энергиясини етказиб бериш бўйича фаолият юритмоқда. Аҳоли хонадонларига иссиқлик энергияси 2 830 километрдан зиёд иссиқлик тармоқлари орқали етказиб берилади.

Матбуот анжуманида тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжни таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида ҳам айтиб ўтилди.

Бугунги кунда республикада 33 миллион кишининг 67,8 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Ичимлик суви сифатига мос сув манбалари бўлмаган ҳудудларга сув таъминоти ечими учун узунлиги 2 минг километрдан ортиқ бўлган магистрал сув қувурларига эга бўлган минтақалараро сув қувурлари қурилди.

Энг оғир ҳудудлардаги ичимлик суви муаммосини алоҳида назоратга олиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича молиявий манбалари аниқлаштирилган 2020-2023 йилларга мўлжалланган дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш мутасадди вазирлик ва идоралар билан бирга охиригача етказилмоқда.

Республика аҳолисига тоза ичимлик суви етказиб бериш ичимлик сув олиш иншоотлари 19тага кўпайтирилган ва 16таси таъмирланган. Натижада жами иншоотлар сони 10 317тага етказилган.

Ичимлик сув манбаси давлат стандартларига тўғри келмаган ҳудудлар Қорақалпоғистон Республикасида 11та, Бухоро вилоятида 2та сувни чучуклаштириб берадиган ускуналар ўрнатилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!