“Вақф” нинг пуллари бизни қанчалик қизиқтирса, бюджет ташкилотларининг пуллари ҳам шунчалик қизиқтириши керак!

“Вақф” нинг пуллари бизни қанчалик қизиқтирса, бюджет ташкилотларининг пуллари ҳам шунчалик қизиқтириши керак!

”Вақф“ фонди раҳбарларидан бири хайрия учун йиғилган пуллардан “Малибу” олиб, миниб олганида, бутун интернет портлаганди. Аслида пул ўғирланмаган, шунчаки, бемақсад ишлатилганининг ўзи ҳам, жуда катта норозиликлар учун етарли бўлганди. Ахир бу пуллар умуман бошқа мақсадларда, муҳтожларнинг оғирини енгил қилиш, кимларгадир ёрдам бериш учун йиғилган-ку, дейилди. Албатта, тўғри айтилган ҳаммаси.

Аммо мен эътиборни бошқа жиҳатга қаратмоқчиман. Қаранг, диндорлар унақа, бунақа, деймиз-у, айнан мана шу ерда аслида, халқ бу тоифага кўпроқ ишониши маълум бўлиб қоляпти. Ишонч эмас, шунчаки, бошқа сўз билан айтганда, халқ улардан ҳалол ишлашни, тўғри ишлашни кўпроқ талаб қилар экан. Бошқачасини ҳазм қила олмас экан. Ахир диндор бўлиб туриб, ёлғон гапирасанми? Диндор бўлиб туриб, пул ўғирлайсанми, пора оласанми, бемақсад ҳашаматга бериласанми? Яъни бу эътирозлар ўз-ўзидан диндорлардан талаб юқори эканини, диндорлар яхши одам бўлиши кераклигини ҳам исботлаб қўяди, гўёки.

Энди, динни бир четга суриб турайлик. Бюджетдан, яъни асосан солиқлар ва давлат (халқ) бойликларидан молиялаштириладиган қатор ташкилотлар, органлар, вазирликлар бор. Аслини олганда, худди “Вақф фонди” сингари, у ерда ишлайдиган амалдорлар ҳам аслида, биз йиғиб берган пулларни ишлатишади, ойлик олишади. Бюджет ҳам катта бир ФОНД аслида, оддий қилиб айтганда, биз уларни пул йиғиб, ёллаганмиз - ана шу биз берган пулларни тўғри сарфлаш, тўғри йўналтириш, ўғирлик қилмасликка масъул улар. “Вақф фонди”даги пуллар қандай сарфланиши бизни (ўша фондга пул бермаган бўлсак ҳам) қанчалик қизиқтирса, у ердаги хатолар бизни қанчалик хафа қилса, бюджет ҳам шунақа, ҳатто ундан ҳам муҳимроқ – чунки бу ерда ҳамма пул беради, ҳамма ҳақдор бўлади, фақат эҳсон қилувчилар эмас.

Аммо негадир, унақа эмас, қизиқ, биз у ерларда кўпроқ пуллар ўзлаштирилишини биламиз, кўпроқ хатолар бўлишини, порахўрликларни ҳам биламиз, лекин шунақа бўлиши керакдек, хотиржам қабул қиламиз. Эй, бу бизнинг пуллар, тўғри сарфла, ўғирлама, дейиш ўрнига, ўша пулларни ишлатиш имкониятигача етиб борибдими, кўтарилибдими, қандини урсин, деймиз. Ҳавас қиламиз. Фарзандларимизни халққа хизмат қилиш учун эмас, халқнинг пулларидан ишлатиш имконияти борлиги учун амалдор қилгимиз, амалдорга яқинлаштиргимиз келади...

Ҳа, Вақф фондидагилар, мусулмон, улар ҳалол бўлиши керак, бошқаларнинг пулини емасликлари керак, тўғри, лекин яна динни бир четга қўйиб турайлик, бошқа соҳадагиларда ҳам шундай масъулият, мажбурият бор-ку? Биз уларни аввало, халқимиз бойлигига, тўпланадиган солиқларга омонатдор қилиб ёлламаганмизми? Уларнинг ҳалол бўлиши, яхши одам бўлиши ҳаётимизга кўпроқ таъсир қилмайдими, аслида? Шундай бўлишни улардан кўпроқ талаб қилишимиз, шундай бўлишга уларни кўпроқ мажбурлашимиз муҳимроқ эмасми?

Manba: azon. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!