Вакцина олиш ҳақида Ҳомиджон Ишматбеков: "Мутахассис шуни даво деб тайинладими, ҳалол томонга ўтди деган хулосани беряпмиз"

Вакцина олиш ҳақида Ҳомиджон Ишматбеков: "Мутахассис шуни даво деб тайинладими, ҳалол томонга ўтди деган хулосани беряпмиз"

Халқаро Пресс-клубда ўтказилган «Янги қонун таҳлили: асосий ўзгариш ва қўшимчалар» мавзусида сессиясида Шерзод Қудратхўжаевнинг вакцина ҳақида берган саволига Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков шундай жавоб берди:

«Ҳозирги кунда коронавирус касаллигининг яна авж олиши кузатиляпти. Шу нуқтаи назардан вакцина ҳам кириб келяпти. Ислом таълимотлари бешта мақсадга қаратилган. Шулардан энг муҳими – инсоннинг ҳаётини сақлаш. Инсоннинг ҳаётини сақлаш йўлида динимиз кўп нарсаларни енгиллаштириб, баъзи ҳолатларда воз кечишга чақиради. Ҳатто ҳаётни сақлаб қолиш учун шундан бошқа чора қолмаса ҳаром нарсалардан ҳам фойдаланишга рухсат берилади. Қуръони каримда “Кимки қийин аҳволга тушиб қолса, ундан бошқа чора йўқ бўлган пайтда шариатда қайтарилган нарсани қилса, унга гуноҳ йўқдир” деган оят бор. Бу нимани кўрсатади? Инсоннинг ҳаёти биринчи ўринда туради.

Ўтган йилдан бери қанчадан-қанча одамлар коронавирусга мубтало бўлиб, дунёдан кўз юмиб кетди. Ҳозир ҳам давом этяпти. Вакциналар чиқаётгани, даво топилаётгани бизга Худонинг марҳамати. Буни қабул қилишимиз, ўз ҳаётимизни муҳофаза омили сифатида қарашимиз керак. Бизга келган саволлларда баъзи ножоиз нарсалардан тайёрланаётган экан деган гаплар ҳам бор. Аслида ундай эмас. Бўлган тақдирда ҳам бир нарсанинг ҳукми бошқа нарсага ўтгандан кейин ўзгаради, деган қоида бор. Шунинг учун бу нарсаларга эътибор бериш керак эмас. Мутахассис шуни даво деб тайинладими, ҳалол томонга ўтди деган хулосани беряпмиз».


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!