Вадим Абрамов Сардор Рашидов терма жамоага таклиф этадими?

Вадим Абрамов Сардор Рашидов терма жамоага таклиф этадими?

Хабарингиз бор, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2 ноябрь кунидан Тошкентда йиғин бошлаб, ЖЧ-2022 саралаши доирасидаги Саудия Арабистони ва Фаластин терма жамоаларига қарши муҳим баҳсларга тайёргарлик кўради.

Йиғин доирасида Вадим Абрамов шогирдлари 9 ноябрь куни пойтахтимиздаги «Пахтакор» стадионида Қирғизистон терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида ҳам майдонга тушади. Миллий терма жамоамиз йиғини олдидан "Tribuna.uz" мухбири бош жамоамиз устози билан суҳбатлашиб, терма жамоа таркибидаги ўзгаришлар бор ёки йўқлиги ва кетма-кет ўйинларда голлар ураётган Сардор Рашидов борасида Вадим Абрамовнинг фикри билан қизиқди.

- 2 ноябрь кунидан Тошкентда йиғинни бошлаймиз, дея сўз бошлади Вадим Карленович.

Миллий терма жамоа таркибида ҳозирча ўзгаришлар йўқ – олдинроқ таклиф этилган футболчилар жамланишади. Чақирув олган футболчилар қандай ҳолатда етиб келади эртага билиб оламиз. Умид қиламанки, барча терма жамоа ихтиёрига шай ҳолда келади.

- Сардор Рашидов тобора спорт формасини тикламоқда: Қатар чемпионатида кетма-кет ўйинларда голлар урди. Рашидовнинг миллий терма жамоадан чақирув олиш имконияти қай даражада?

- Сардор Рашидовнинг натижаларидан хабаримиз бор. Умид қиламизки, у мана шундай ўйнашда давом этади. Табиийки, голлар уришда давом этса, Сардорни келаси йиғинда терма жамоага чақирамиз ва имконият берамиз. Бу сафарги йиғин учун эса кенгайтирилган таркибни эълон қилиб бўлдик.

- Рашидовнинг таклиф олмагани терма жамоа ҳужум чизиғидаги рақобат билан боғлиқми?

- Худди шундай. Айни дамда терма жамоа ҳужум чизиғида тўп суришга муносиб номзодлар бор. Сардор Рашидов эса клуби сафида энди ўзини кўрсатишни бошламоқда. Бундай паллада уни безовта қилмай, янада яхши формага киришини кутганимиз маъқул.

- Унинг ўйинларини кузатиб бораяпмизми?

- Охирги голларини қандай урганлигини томоша қилдим. У сўнгги ўринларда бораётган клубига имконқадар ёрдам беришга, спорт формасини тиклашга уринмоқда. Терма жамоа эшиклари ҳамма учун очиқ - Сардор ўзини кўрсатишда давом этса, кейинги йиғинларда, албатта, уни ҳам чақирамиз.

Усмон Ибодов суҳбатлашди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!