Вадим Абрамов: «Март ойида Қозоғистон билан ўйнаймиз»

Вадим Абрамов: «Март ойида Қозоғистон билан ўйнаймиз»

ЖЧ-2022 иккинчи саралаш босқичи «D» гуруҳи 6-тури доирасидаги Ўзбекистон – Фаластин (2:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида терма жамоамиз бош мураббийи Вадим Абрамов иштирок этди.

- Авваламбор, ғалаба билан табриклаймиз. Ўйин борасидаги фикрларингиз....

- Бугунги ғалаба билан барчани табриклайман. Ўйлайманки, бугунги ғалабамиз барчага завқ бағишлади. Футболчиларга раҳмат, Саудияга учралган мағлубиятдан тезда чиқиб кета олишди ва бугун барчасини назорат қилишди.

- Терма жамоамиз футболчилари ўйин охири сайин ўйинни қўлдан беришаётгандек. Айтингчи, ўйинчиларнинг 70-80-дақиқалардан кейинги ҳаракатлари нега бундай кўриниш олмоқда?

- Биз аввало тўпни назорат қилишимиз керак. Бироқ футболчилар ўйин охирида асосан ўз майдонимизда қолиб кетишди. Биз кўпроқ рақиб майдонида бўлишимиз керак эди. Бу борада ҳали ишлашимиз керак.

- Олег Зотеев ва Одил Аҳмедовнинг ўйини борасида қандай фикрдасиз? Кейинги ўйинларда ҳам у марказда ўйнайдими?

- Яхши ўйнашди. Ўйлаб кўрамиз, ҳали орада катта танаффус бор. Жамоалар Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этишади. Ким қаерда яхши ўйнаса, ўша ерда ўйнайди. Агар орқа чизиқда муаммоларимиз бўлмаса, Одил ўз ўрнида ўйнаверади.

- Ўз вақтида Японияни сафарда мағлуб этгансиз. Ҳали анча вақт бўлса-да, айтингчи Саудия Арабистонини сафарда юта оламизми?

- Японияни мағлуб этганга қадар терма жамоада бир ярим йил ишлагандим. Ўша ўйингача яхши спорт формасида етиб келсак, ютиш мумкин.

- Терма жамоамизнинг танаффусдан кейинги режалари қандай бўлади?

- Март ойида менимча, Қозоғистон билан ўртоқлик ўйини ўтказиш бўйича келишганмиз. Аммо биз ҳам рақибларимиз сингари Бразилия, Парагвайдек жамоаларга қарши ўйнаганимиз келади. 

Manba: kun. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!