ЎзССВ «вақтида мурожаат қилмай, уйида даволанган» деган марҳум беморни касалхоналар бир неча бор қабул қилмаган

ЎзССВ «вақтида мурожаат қилмай, уйида даволанган» деган марҳум беморни касалхоналар бир неча бор қабул қилмаган

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусдан ўлим ҳолатлари ҳақида хабар бераркан, айрим ҳолларда вафот этган беморларни қуйидаги мазмунда айблаши одатга айланиб қолди: «Касаллик белгилари бўлишига қарамай, бемор шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилмай, уй шароитида даволаниб юрган». Айниқса, июль ойида, мамлакат соғлиқни сақлаш тизими шу тизимнинг етакчи мутахассислари томонидан «чок-чокидан сўкила бошлагани», «бўш койка-ўринлар қолмагани», тизим «ресурслари поёнига етиб бўлгани» ҳақидаги баёнотлари янграган вақтда вафот этган беморлар шаънига бундай айбловлар айниқса кўп янгради.

Эҳтимол, ҳозиргача коронавирусдан вафот этган 62 фуқаро орасида ҳақиқатан ҳам шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилмаган, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бошқа бир айбловида таъкидланганидек, «ўз соғлиғига эътиборсизлик билан қараган»лар бордир. Лекин, шуни ҳам ишонч билан таъкидлаш ўринлики, улар орасида шифокорларга ўз вақтида бир эмас, бир куннинг ўзида бир неча бор мурожаат қилган, бироқ тегишли тиббий ёрдамни ололмаган, касалхоналар томонидан қабул қилинмаган, тизимнинг мана шундай масъулиятсизлиги оқибатида вафот этганлар ҳам йўқ эмас. Албатта, ўлим ҳар банданинг бошида бор қисмат, лекин яқин кишингни вафотидан сўнг «у ўз вақтида мурожаат қилмаган» деган туҳматнамо гап эшитиш — марҳумнинг ортида қолганлар учун қўшимча бир азоб.

«Дарё»га яқин қариндоши коронавирусдан вафот этган фуқаро мурожаат қилди. Улар, табиийки, тақдирнинг қарши чиқиб ҳам бўлмайдиган ҳукмига рози, лекин Соғлиқни сақлаш вазирлиги сиймосида нафақат марҳум фуқаро, балки оила шаънига давлат томонидан илгари сурилган айбловдан кескин норози. Фуқаронинг мурожаатидаги норозилик — бир масала, деярли ўлимига қадар уйида қолган марҳумнинг қариндошлари машъум воқеадан бир неча кун ўтса ҳамки на карантинга олингани, на коронавирусга тестдан ўтказилгани — бошқа, янада жиддийроқ масала (эҳтимол, шу сабабли ҳам сўнгги кунларда аҳоли орасида касалланиш ҳолатлари сони кескин ўсаётгандир — биргина Тошкентда 12 июль куни аҳоли орасида 240 кишида коронавирус тасдиқланди).

Яқин қариндошим уч-тўрт кун уйда иссиғи чиқиб, йўталди. Ҳарорати тушавермагач, охири тез ёрдам чақирдим. Аввал шаҳар касалхоналаридан бирига олиб боришди, у ерда коронавирус тести натижасига қараб олиб қолишлари мумкинлиги, боз устига муассасада сунъий нафас олдириш аппарати йўқлигини айтиб, қабул қилишмади. Шундан кейин шаҳарнинг бошқа касалхонасига олиб бордик. У ерда: «Қариндошингизда коронавирус йўқ» деб, уни қабул қилмай, рецепт ёзиб, уйда даволаниш учун қайтариб юборишди. Кечга яқин иссиғи тушавермади, нафас олиши эса оғирлашаверди. Бу сафар хусусий клиника тез ёрдам машинасини чақириб, яна бояги (иккинчи борганимиз) шаҳар касалхонасига бордик. Яна қабул қилишмади. Хусусий клиникалар ҳам «коронавирус бўлса-чи» деб қабул қилишни хоҳламади.

Орадан уч кун ўтиб, унинг аҳволи баттар оғирлашди. Тез ёрдам чақирдик, уч кун аввал икки марта борсак-да қабул қилмаган касалхона бу сафар қабул қилди, реанимацияга ётқизишди. «Қабул қилса бўларкан-ку», деб ҳайрон қолдик, аҳволи шунчаликка бормагунча қабул қилишмади-я. Ўша куни, касалхонага ётқизилганидан кўп ўтмай, жони узилди. Коронавирусга топширган таҳлили эса эртасига чиқди. Майитни олиб чиқиб кетишга ҳам қийналдим — бир кун қолиб кетди. Лекин мени энг қийнаган нарса — Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳеч нарсани ўрганмай, нотўғри ахборот тарқатгани. Худдики, биз қариндошимизни вақтида қаратмабмиз. Қабул қилишларини сўраб, докторларга ялиниб, жонимизга ҳалқумимизга келди-ку ахир! Жуда ёмон қийналди бечора. Қийланиб, жон ҳолатда ҳансираб нафас олишини эсласам, кўзимга ёш келаверади.

Бу ёқда болаларим чирқиллаб қолди. Қўлимдан келганини қилдим, ёзиб берган дориларини олиб келиб бердим. Ҳеч бир шифокор уйимизга келиб, аҳволимизни ўргангани йўқ. Қариндошимиз вафотига қадар биз билан бир уйда яшаганига қарамай, у коронавирус оқибатида вафот этган бўлса-да, карантинга ҳам олишмади. Уйни ўзимиз икки марта хлорлаб ювиб чиқдик. Энди болаларим билан ҳаммамиз бирга хусусий клиникага бориб тест топширмоқчимиз. Ҳозирча аҳволимиз яхши, ўзимизда бирор ўзгариш сезганимиз йўқ. Нима бўлса — бўлди. Ҳаммасини Худога солдим.

Қариндоши коронавирусдан вафот этган фуқаро

Манба: daryo.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!