ЎзМУ ва СамДУ 2030 йилда дунёнинг кучли 500 талигига киради – президент фармони

ЎзМУ ва СамДУ 2030 йилда дунёнинг кучли 500 талигига киради – президент фармони

Ўзбекистон Миллий ва Самарқанд давлат университети 2030 йилга қадар Ўзбекистон дунё университетлари рейтингида кучли 500 таликка киритилади. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги президент фармонида маълум қилинди.

Камида 10 та университет кучли 1000 таликка киради

Фармонда келтирилишича, ўша йилга қадар Ўзбекистондаги камида 10 та олий таълим муассасаси Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities ташкилотлари рейтингининг кучли 1 000 талигига кириши лозимлиги ҳам белгиланган.

Бундан ташқари, фармонга кўра, яна қуйидагилар белгиланган:

олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказиш;

халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, олий таълимнинг илғор стандартларини жорий этиш, жумладан, ўқув дастурларида назарий билим олишга йўналтирилган таълимдан амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим тизимига босқичма-босқич ўтиш;

олий таълим мазмунини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшадиган, меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш;

олий таълим муассасаларининг академик мустақиллигини таъминлаш;

олий таълим муассасаларида таълим, фан, инновация ва илмий-тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш фаолиятининг узвий боғлиқлигини назарда тутувчи “Университет 3.0” концепциясини босқичма-босқич жорий этиш;

хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, пуллик хизматлар кўламини кенгайтириш ва бошқа бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига олий таълим муассасаларида технопарк, форсайт, технологиялар трансфери, стартап, акселератор марказларини ташкил этиш ҳамда уларни тегишли тармоқ, соҳа ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тадқиқ қилувчи ва прогнозлаштирувчи илмий-амалий муассасалар даражасига олиб чиқиш;

олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий изланувчилари, докторантлари, бакалавриат ва магистратура талабаларининг юқори импакт-факторга эга нуфузли халқаро илмий журналларда мақолалар чоп этиши, мақолаларга иқтибослик кўрсаткичлари ошиши, шунингдек, республика илмий журналларини халқаро илмий-техник маълумотлар базасига босқичма-босқич киритилишини таъминлаш;

Ўзбекистон олий таълим тизимини Марказий Осиёда халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи “хаб”га айлантириш;

олий таълимнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хорижий таълим ва илм-фан технологияларини жалб этиш;

талаба-ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга татбиқ этиш;

олий таълим муассасаларининг инфратузилмаси ва моддий-техник базасини, шу жумладан, халқаро молия институтларининг имтиёзли маблағларини кенг жалб қилиш ҳисобига яхшилаш, уларни босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш;

таълимнинг ишлаб чиқариш корхоналари ва илмий-тадқиқот институтлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини йўлга қўйиш;

аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларнинг олий таълим билан қамров даражасини ошириш, улар учун инфратузилмага оид шароитларни яхшилаш.

Manba: togri.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!