Ўзлигингизга қайтинг, ўзбегойимлар

Ўзлигингизга қайтинг, ўзбегойимлар

Қизим, жаннат сенга жуда ҳам яқинлигини унутма! У ёнгинангда турган ушбу буюк хилқатнинг қадамлари остидадир!

Икки юз етмиш кун унинг вужудида яшаганингни, унинг қонидан озиқланиб, нафасига шерик бўлганингни унутма! Бу ҳазилакам муддат эмас!

Гўдаклик чоғингдаги ҳеч бир лаҳзанг унинг эътиборидан четда қолмаган. Мана, энди улғайдинг, вояга етдинг, дўстлар, дугоналар орттирдинг. Сендан талаб этиладиган нарса шуки, сен энди уни ҳамиша улуғла, эъзозлаб ёдга ол, ақлинг сиғдира олмаган ёки таъбинг қабул қила олмаган баъзи ишларини четлаб ўт. «Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари кексаликка етсалар, уларга «Уфф», дема, уларни жеркима, уларга лутфли сўз айт! Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва: «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт» (Исро сураси, 23–24-оятлар).

Шу ўринда ўзбек қизларига қарата айтилган қуйидаги мурожаатни, қалб изҳорларини эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.

Баҳор келиб, табиат келинчак мисол сепини ёйган, атроф муаттар бўй ва қушларнинг шодиёна куйларига тўлган гўзал кунларнинг бири. Болалар боғчасидан хиёбон оралаб қайтаяпман-у, хаёлим эрталаб ойнаи жаҳонда кўрганим бир манзара билан банд. Унда миллий либос ва тақинчоқларда, соф ўзбекона пардоз ила ороланган, ҳуснда Абдулла Қодирий таърифлаган Кумушбибидан асло кам бўлмаган бир гўзал намойиш этилди. Термулиб қолдим...

Гўзаллигидан завқланганим учун эмас, балки бу санамнинг ташқи қиёфасидан асл чиройни топа олмаганим сабабли термулиб қолдим...

Янада қунт билан тикиламан, аммо зийнатларига маҳлиё бўлиб эмас, балки шунча тақинчоқ ҳам бера олмаган жозибани қидириб...

Либосларига разм солиб боқаман, бироқ ҳавас билан эмас, аслиятдан нимаси йироқ эканига тушуна олмай...

Унда қандай камчилик бор? Нега у менга завқ бера олмаяпти? Ўсма инган қошлари, сурма тортилган чарос кўзлари, қайрилган киприклари, дур мисоли товланган тишлари... Буларнинг барчаси негадир кишида аллақандай ётсираш ҳиссини пайдо қилади, холос.

Нега шундай? Нима етишмаяпти бу ерда?

Ўйлай-ўйлай, охири ечим топгандек бўлдим: соф ўзбекона кўринишда намоён бўлган бу гўзалнинг шаҳло кўзларида чин ўзбек аёлининг ҳаёси, туришида ҳақиқий ўзбекойимнинг хокисорлиги, ҳаракатларида асл ўзбек хонимининг ибоси, табассумида соф ўзбек аёлининг қимтиниши йўқ экан. Мана, муаммо қаерда!

Шу қисқагина намойиш анчадан буён қалбимда тўпланиб ётган фикрларни изҳор этишимга, ўзлиги, ғурури, ҳаё ва иффатини йўқотаёзган аёл-қизларимизга ушбу мурожаатни баён қилишимга сабаб бўлди. Бу мурожаатларим балки кимларгадир оғир ботар, кимларгадир ёқмас, аммо ишончим комилки, ўзини билган, ўзлигини қадрлаган ўзбекойимларимизга албатта асқотади. Хуллас, суҳбат мавзуси – ҳаё ҳақида.

Гапни сиз азизаларимга мурожаат қилишдан бошлайман: Ҳаё деганда нимани тушунасиз? Ҳаёнинг инсонга қандай зарурати бор? Ҳаё қандай ҳолатларда намоён бўлади, нималарда кўринади? Унинг қандайдир мезонлари борми?

Келинг, аввало ҳаё аслида нима эканини, унинг ҳақиқатини билиб олайлик.

Ҳаё кенг қамровли тушунча, уни биргина таъриф билан ифода этиб бўлмайди. Ҳаё авваламбор Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан бўлади. Банданинг Аллоҳдан ҳаё қилиши У Зотнинг неъматларига шукр этиш, ибодатларини адо қилиш, У Зотнинг қайтариқларидан қайтиш каби кўплаб ишларда намоён бўлади. Аллоҳ таоло бандасининг дуога кўтарилган қўлини бўш қайтаришга ҳаё қилар экан, банда ҳам Робби буюрган ишни қилмасликка, Робби қайтарган ишни қилишга ҳаё қилиши лозим. Асл ҳаё ана шудир.

Келинг, сиз азизалар билан ҳаёнинг зоҳирий кўринишлари ҳақида суҳбатлашайлик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаё ҳақида: «Ҳар бир диннинг хулқи бор, Исломнинг хулқи эса ҳаёдир», деб марҳамат қилганлар.

Умар розияллоҳу анҳу: «Кимнинг ҳаёси кам бўлса, тақвоси камаяди. Кимнинг тақвоси камайса, қалби ўлади», деганлар ва қалб тириклигини бошқа ҳусни хулқларга эмас, айнан ҳаёга боғлаганлар.

Оиша розияллоҳу анҳо ҳам кўпинча: «Яхши хулқларнинг боши ҳаёдир», деб айтар эдилар.

Юқоридаги таърифлардан маълум бўлмоқдики, ҳаё мусулмон инсон ҳаётининг зийнати, ажралмас қисми, энг керакли хислатларидан бири, дини ва қалбининг тириклик манбаи экан.

Хўш, камолотимиз учун сув ва ҳаводек зарур бўлган, усиз ҳар қандай гўзаллик ҳам қадрини йўқотадиган, у билан хулқланмаган аёл ҳидсиз гулга ўхшаб қоладиган бу фазилат нималарда намоён бўлади?

Азалдан ўзгармай келаётган қоида шуки, ҳар замон ва ҳар маконда инсоннинг иффати, аввало, унинг либосига қараб белгиланади. Ҳеч эътибор берганмисиз, кино ва клипларда яхши аёлни, айниқса, меҳрибон ва муштипар оналар ролини ижро этаётган актрисаларнинг бошида бир парча рўмоли, эгнида кенг-мўл қилиб тикилган миллий либоси бўлади. Ҳеч бир фильмда елка ва қорни очиқ, турли рангларга бўялган сочларини ёйиб олган, қалин макияждан юзининг асл ранги билинмай кетган аёлни бешик тебратиб ўтирган она ролида кўрсатишмайди.

Ҳаё ва иймон бир-бирини тўлдириб турувчи нарса бўлиб, бири кўтарилса, иккинчиси ҳам албатта йўқолади. Бувим кўп ҳолларда: «Ҳаё кетди – ҳаёт кетди», дегувчи эдилар. Бу сўзнинг асл маъносини англамасак-да, ибо-ҳаёнинг ниҳоятда муҳим бир хислат эканини ҳис этиб улғайдик. Энди ёшим улғайиб, чуқурроқ ўйлаб кўрсам, ҳаёнинг кетиши тирикликнинг йўқолиши эмас, асл инсоний туйғуларнинг поймол бўлишига, қадриятлар, анъаналарнинг ўлишига, барча юксак фазилатларнинг барбод бўлишига олиб келар экан. Чунки уятсиз, андишасиз одам ҳар қандай ёмон ишдан тап тортмайдиган бўлиб қолади.

Бунга биргина мисол келтириш кифоя қилади, менимча. Яқин муддат ичида ижтимоий тармоқларда қайноталар, қайноға ва бошқа эр тараф қариндошларнинг ёш келинчакларга ёмон назар билан қарагани ҳақида аянчли мақолалар босилди, ҳатто бу шармандалик телевидение орқали намойиш ҳам этилди. Бу разолат ҳақида ўқиган, кўрган-билган ҳар бир мўмин-мусулмоннинг юрагида қаттиқ санчиқ туриб, ҳафталаб ухлай олмай, инграб чиққан бўлиши тайин. Ўша ишни қилган беномусларни қарғаб, маломат тошларини отганлар қанча, эҳ-ҳее... Аммо шу билан муаммо ҳал бўлиб қоладими? Бунга фақатгина эркаклар айбдорми? Бунинг асл сабаби беҳаёлик, келинчакларнинг ҳам ўз «рамкаси»дан чиқиб кетгани, ўзлигини унутиб, бебошлик ва беандишаликка юз тутгани эмасми?

Донишмандлардан бири: «Ҳаё – бу виқордир», деган экан. Виқор эса инсон забт этиши мумкин бўлган баланд чўққилардан бўлиб, комиллик сифатларидан ҳисобланади.

Ўзбек аёлларининг миллий қаҳрамони, қизларнинг идеали бўлмиш Кумушбибини бир эсга олинг! Ҳаёси қанчалар олий, хулқи қанчалар гўзал эди! Юсуфбек ҳожини эсланг, ҳайбати ва ҳурмати қанчалар юксак эди! Уларнинг илк бор кўришиш саҳнаси ёритилган саҳифалар ёдингиздами? «Кумуш уялиб, зўрғағина салом берди ва Юсуфбек ҳожининг яқиниға келиб, бўйин эгди. Ҳожи қўли билан Кумушнинг елкасига қоқиб суйди ва Кумушнинг манглайиға тегизиб олған ўз қўлини ўпди…»

Мана сизга ўзбекнинг қайнота-келинлари муносабати! Мана сизга ҳаёнинг юксак намунаси!

Қайнота-келин муносабатларига доир иккинчи саҳна – Кумушнинг жон бериш олдидаги ҳаракатларини эсланг. «Ҳожи Кумушнинг бошиға келиб ўлтурди. Отабек ва онаси оёғ устида эдилар, Кумушнинг кўзи юмиқ, сочлари юзи устида паришон эди. Ҳожи Кумушнинг кўкимтил товланған юзини кўрди ва манглайини босди...»

– Ойим... Ойим!.. – деди ҳожи. Кумуш кўзини очиб, бесаранжом унга назар ташлади ва таниб... қўзғалмоқчи бўлди.

– Қўзғалманг, ойим... қўзғалманг! Кумушнинг кўз ёшиси чаккасидан оқиб тушди... Ҳожи ҳам ўзини тўхтатолмай, Кумушнинг бошини силади».

Кўрдингизми, биз ўзбеклар аслида ким эдик! Кўрдингизми, бизнинг асл хулқимиз қанчалар гўзал эди?

Эй кўнгли тусаган нарсасини оиласидагиларга ошкора айтишга уялмаган келинчаклар, ой-куни яқин бўлгани ҳолда қўлини белига қўйиб, қайнота-қайноғаларининг олдида ғоз юрувчи келинчаклар, фарзанди туғилиш онлари яқинлашганда, маҳаллани бошига кўтариб дод-вой солишга уялмаган келинчаклар, Кумуш опангиздан ўрнак олинг, деймиз. Унинг ҳатто жон талвасасида ҳам йўқолмаган ҳаёси, одобидан ўрнак олинг, деймиз.

«Ўткан кунлар» романини ўқиган қиз борки, ўзини Кумушнинг ўрнида кўрмоқ истайди: у каби гўзал, у каби суюкли бўлишни орзулайди. Аммо афсуски, улар Кумушдаги асл фазилат, уни Олтинбиби қилган сифатлар фақат гўзаллик эмас, балки юксак одоб-ахлоқ, ибо ва иффат эканига эътибор қилмайдилар.

Бир тасаввур қилинг: Кумуш йиртиқ, калта ва беўхшов латта-путталарни устига ташлаб олган. Эгнида қора атлас кўйлак, бошида қашқарча рўмол эмас, бир енги бор, биттаси йўқ кофта, оёқларида латиф ковуш эмас, бигиз пошнали туфли...

Бундай «кумуш»ни Отабек ҳам аср намозига таҳорат олиб турганда эмас, балки бошқа бир ҳолатда учратиб қолади... Хўш, бу қиз парилардек гўзал бўлса-да, уни Кумуш дейиш мумкинми?

Аслида ҳаё қабоҳатни йўқотиш учун ато этилган хулқдир. Ҳаёли инсонга ҳар ким ҳам журъат қилиб гапира олмайди, унинг қадрини топташга бировнинг ҳадди сиғмайди. Ҳаё – бу мустаҳкам қўрғон бўлиб, ўз соҳибини дунё ва охират хижолатлигидан ҳимоя қилади. Набий алайҳиссалом: «Ҳаё фақат яхшилик олиб келади», деганлар. Ҳаёли кишининг баъзи айблари ҳам кўзга ташланмайди.

Ҳаё ҳақида гап кетар экан, шу ўринда овқатланиш, ўзини тутиш, сўзлаш ва кулиш одоблари каби муҳим масалаларни ҳам айтиб ўтишимиз лозим.

Қиз боланинг баланд овозда кулиши, бақириб сўзлаши, жамоат жойларида ўзини тута билмай, ҳар хил қилиқлар қилиши ўта хунук ҳолатлар ҳисобланади. Бошини орқага ташлаб, оғзини катта очиб кулаётган қизларга қараб туриб, ойнаи жаҳоннинг салбий таъсирини кўргандек бўламан. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кулгилари фақатгина табассумдан иборат бўлганини билармикин?

Баъзан тантаналар муносабати билан ёзиладиган дастурхон атрофида кузатиб ўтираман: аёлларимиз ўзаро ҳол-аҳвол сўрашгач, овқатланиш билан бирга ғийбатга ҳам киришиб кетишади. Уй эгасининг ҳалол дастурхонида ўтириб, тансиқ таомларга солиб пиширилган ҳалол гўштлар билан қўшиб ўз биродарларининг ҳаром гўштини чунонам туширишадики, уялиб кетасан киши. Аслида йиғинларга дийдорлашиш умидида борилади, қорин ғамида эмас. Шу нафс уйда ҳам тақдирида ёзилган ризқини еб, ором олади-ку! Қолаверса, нозик хилқат саналмиш аёлларга лунжини тўлдириб таом ейиш ҳам ярашмайди. Бунинг устига, оғзида овқати билан гапириш нафақат бизда, балки бутун дунёда ҳам одобсизлик, тарбиясизлик саналади. Майли, меҳмонга борган аёл ўзи билан бирга ўтирган меҳмонлардан, мезбонлардан уялмасин, лекин Аллоҳдан, ўзидан, ҳолидан уялсин. Биз «Иззат тиласанг кам де, сиҳҳат тиласанг кам е» деб, бу борада бутун дунёга устоз бўлган зотларнинг авлодимиз ахир!

Шу ўринда дунё ва жаннат аёлларининг саййидаси Фотима розияллоҳу анҳонинг иффату иболари хусусида зарбулмасал бўлган бир ҳикояни эслагим келди.

Фотима розияллоҳу анҳо бетоб бўлиб, ўлим тўшагида ётганларида Асмо бинт Умайс розияллоҳу анҳо у кишини кўргани келдилар. Шунда Фотима розияллоҳу анҳо унга: «Асмо, мен аёлларга қилинадиган нарсани ёқтирмайман. Аёл кишининг устига битта мато ташлаб қўйилади, бу эса уни васф қилиб туради», дедилар (Фотима онамиз ушбу сўзлари билан «Вафот этганимда тобутим эркаклар олдига олиб чиқилиб, уларга менинг жисмим билиниб туришидан ҳаё қиламан», деган маънони ирода қилган эдилар. Чунки ўша вақтда тобутлар текис тахтадан иборат бўлиб, маййит унга ётқизилар, устига эса мато ташлаб қўйилар эди. Бундай тобутда жасаднинг шакли аниқ билиниб турарди). Шунда Асмо розияллоҳу анҳо: «Эй Расулуллоҳнинг қизлари, Ҳабашистонда ўзим кўрган нарсамни сизга (ясаб) кўрсатайми?» деб, хурмонинг ҳўл новдаларидан олиб келишни сўрадилар. Сўнгра уларни букиб, тахтанинг устига ўрнатиб, тобут ясаб кўрсатдилар. Кейин уларнинг устига мато ташладилар. Буни кўргач, Фотима розияллоҳу анҳо: «Қандай яхши, қандай гўзал экан! Аёл киши эркак кишидан ажралиб турар экан», дедилар (чунки бундай тобут жасаднинг шаклини билдирмай турар эди).

Мана сиз ўрнак олишингиз, тақлид қилишингиз лозим бўлган фитрат!

Мана сизга ҳам беқиёс кўрк, ҳам виқор бахш этувчи зийнат!

Мана сизни дунё ва охират шарафига етакловчи сийрат ва сурат!

Бугун сизларга ҳаё ҳақида айтган гапларимиз денгиздан бир томчи ҳам эмас. Айтамиз десак, гап кўп. Лекин уларни шунчаки ёзиб, айтиб қўяқолиш билан иш битмайди. Энди кузатувлар, тажриба ва кўникмаларга таянган ҳолда, ҳаёсизлик иллатини келтириб чиқарувчи сабаблар ва уларни бартараф этиш чоралари ҳақида ҳам бир оғиз сўзласак.

Инсон боласи борки, соф табиат билан дунёга келади. Ота-онаси берган тарбия эса йиллар мобайнида унинг қон-қонига сингиб, келажак ҳаётида ўз таъсирини кўрсатади.

Ота-она ўзининг эринчоқлиги боис ёки бошқа сабаблар билан болани телевизор қаршисига «михлаб» қўйиши унинг ҳаё пардалари тирналишига илк қадам ҳисобланади. Биз «мультфилм» деб атайдиган, аслида катталар ҳам кўрса уяладиган саҳналарга бой анимациялар ҳали шаклланиб улгурмаган гўдак онгида илк беҳаёлик уруғларини экади.

Сўзим якунида эслатиб ўтаманки, ушбу мақола кимнингдир дилини оғритиш ёки айблаш мақсадида ёзилмади. Балки орамизда учраб турадиган иллатлардан Аллоҳ қодир қилганича бир-биримизни хабардор этиб, ўзаро ислоҳ йўлини тутиш умидида битилди. Мўмин мўминнинг ойнаси экан, айбларимиз устидан ғайридинлар кулмасидан туриб, ўз ичимизда ўзаро бир-биримизни ислоҳ этишни истаймиз. Бундан муслима опа-сингилларимиз тўғри хулоса чиқарадилар, асло ранжимайдилар, деган умиддамиз. Зеро, ҳазрат Навоий айтганларидек:

 Киши айбинг деса, дам урмагилким, ул эрур кўзгу,

Чу кўзгу тийра бўлди, ўзга айбинг зоҳир айларму?

 Зебинисо Қутбиддин қизи

«Ҳилол» журналининг 9-сонидан


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!