“Ўзингдан чиққан балога” ёхуд Россия бозорида ўзбек ўзбекни хонавайрон қилди

“Ўзингдан чиққан балога” ёхуд Россия бозорида ўзбек ўзбекни хонавайрон қилди

Jahon.uz” га йўлланган мактуб ва бунинг ортидан олиб борилган журналистик суриштирув натижасида, Россияда ўз юртдошларимиз ўзимизнинг ўзбекларни “қон қақшатаётгани”нинг гувоҳига айландик.

Афсуски, орамизда шундай инсонлар ҳам борки, улар на ўз юртида, на ўзга юртда фойдали иш билан шуғулланади. Аксинча, ўзга юртга бориб оилам, бола-чақам деб борган, бир-икки сўм даромад қилмоқчи бўлганларнинг чўнтагига кўз олайтиради.

Фарғона вилояти, Марғилон шаҳрида яшовчи Элёр Мадраҳимов 2016 йилдан буён Фарғонада мева-сабзавот экинларини етиштирувчи фуқаролардан помидор, бодринг ва лимон маҳсулотларини йиғиб олиб, Россиянинг Москва шаҳридаги “Фуд-Сити” бозорига улгуржи нархда етказиб бериш билан шуғулланиб келади.

“Мен Москва шаҳридаги “Фуд-Сити” бозорига биринчи маротаба юк олиб борганимда, юкни туширишга деб, ҳар бир боғлам (уч қути) маҳсулот учун 100 (юз) Россия рублидан пул йиғиб олишар эди. Бу ишларни асли марғилонлик Тойир Азизов амалга оширар эди. Юкни биринчи маротаба олиб борганимда фойда кўрмадим, аксинча йигирма бир минг рубль миқдорида юк туширилганлиги учун Тойирдан қарз бўлиб қолдим, кейинчалик суриштирсам, бу пул йиғиш аслида йўқ нарса бўлган ва Тойир бу пулларни бозорда ноқонуний равишда фаолият юритиб келаётган, бир гуруҳ шахслардан иборат жиноий гуруҳ учун савдогарлардан талаб қилган”, дейди у.

Элёр Ўзбекистонга қайтиб келиб, Тошкент шаҳридаги шериги Мақсуд Ҳафизов йиғиб қўйган маҳсулотларни “Фуд-Сити” бозорига жўнатади. Унинг жўнатган юкларини Тойир Азизов ўзбошимчалик билан тортиб олиб, сотиб, ушбу бозорда ноқонуний ишлар билан шуғулланувчи гуруҳ манфаатлари учун ҳар бир килограмм юкидан икки юз рублдан “улуш” сифатида ушлаб қолади.

Орадан вақт ўтиб Элёр Мадраҳимов Ўзбекистондан юборилган юкларини сотиш мақсадида яна Москвага, “Фуд-Сити» бозорига боради. У ерга борганида, Тойир Азизов унга “нима учун мендан сўрамасдан Ўзбекистонга кетиб юбординг бу ердан фақат мендан рухсат сўраб кетишга мажбурсан” деб унинг юзига уради ва таҳдид қилади.

2018 йилнинг баҳор фаслида Мақсуд Ҳафизов Россияга кўп миқдорда помидор юборади. Ушбу маҳсулот “Фуд-Сити” бозорининг юк тушириш жойига етиб келгач, Элёр Мадраҳимов маҳсулотни олмоқчи бўлганида, Тойир Азизов бунга тўсқинлик қилади. Сабабини сўраганида эса, Тойир ҳар бир “связка” учун 100 рубль беришини талаб қилиб тазйиқ ўтказа бошлайди ҳамда шериклари билан унинг 150 кг миқдоридаги помидор сабзавотини олиб қўяди. Тойир Азизов сабзавотларни уч кундан сўнг, яроқсиз ҳолатга келтириб қайтариб беради.
Элёр Мадраҳимов Москвада мева-сабзавот маҳсулотларини сотишга қаршилик кўрсатилаётганлиги сабабли Ўзбекистонга қайтиб келади.

Бу биргина ҳолат, холос. Ўрганишлар натижасида, Фарғона вилояти, Қўштепа туманида яшовчи Рустам Олимов ҳам жабр кўрганлардан бири эканига гувоҳ бўлдик.

У ўтган йилнинг октябрь ойида Фарғонада етиштирилган помидор, бодринг ва лимон маҳсулотларини “Фуд-Сити” бозорида сотиш мақсадида олиб кирганида, чечен миллатига мансуб шахслар ҳамда Зухриддин, Музахфар ва Тойир ундан маҳсулотлар учун “улуш” талаб қилишган. Аммо, у ҳар ким ўз маҳсулотини эркин сотиш ҳуқуқига эга эканлигини айтиб, кескин норозилик билдирган.

Шундан сўнг уни ўндан ортиқ чечен. тожик ва ўзбек миллатига мансуб қуроллангаи шахслар бозорнинг юк тушириш майдонида аёвсиз калтаклашади. У ҳушини йўқотганида, бозор маъмуриятининг кўриқлаш хизмати маъмурий биноси ертўласига олиб киришиб фуқаролик паспортини олиб қўйишади ва ўрмонга олиб бориб ўлдиришларини айтиб уни юк машинасига ортаётганларида бозорнинг қўриқлаш бўлими ходими уни тўда орасидан олиб чиқади. Сўнгра мазкур бозор қўриқдаш бўлими бошлиғи, асли Фарғона вилояти, Қува туманидан бўлган Акром исмли шахснинг олдига олиб киришади. Акром унга фуқаролик паспортини олиб беради.

Рустам Олимов Акромнинг ёрдамида бозор ҳудудидан чиқиб, Москва шаҳрида ижарада турган хонадонига боради. Орадан 3-4 соат ўтгач, “Фуд-Сити” бозорида ҳўл мева сотиш билан шуғулланувчи таниши Хайрулло Ғаниев Рустам Олимовнинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, уни калтаклаган шахслар унинг хонадонига бостириб келишмоқчи эканликларини айтади.

Бу хабарни эшитгач у дарҳол Москва шаҳрида тадбиркорлик билан шуғулланувчи таниши Дилшод акадан ёрдам сўрайди. Дилшод ака унга бошқа хонадон топиб беради, бориб ўша ерга жойлашади. Лекин кечқурун уни ушбу уйга ҳам қидириб келишгач, Москва вилоятининг Одинцово шаҳарчасидаги хонадонга кетишга мажбур бўлади.

Рустам бозордаги шахслар бу ерга ҳам келишаётганликларини эшитгач, зудлик билан самолётга чипта сотиб олади ва Ўзбекистонга қайтиб келади.

Аниқланишича, Москвадаги “Фуд-Сити” бозори ҳудудида ўзбекистонлик Мирлазиз Юнусов, Музахфар Турсунов (2013 йилда Россия ҳудудидан депортация қилинганлиги сабабли Ўзбекистонга қайтиб исмини битта ҳарфга ўзгартириб янги паспорт олган ҳолда Россияга қайтиб борган), Тойир Азизов, Зуҳриддин, Дилмурод ва тожикистонлик Манзура исмли аёл, чечен ва тожик миллатига мансуб бўлган шахслар билан жиноий гуруҳ тузишган.

Улар мева-сабзавот маҳсулотларини улгуржи нархда сотиш мақсадида олиб борадиган ўзбекистонликлардан “улуш” талаб қилиб келишади. Улар ҳар бир юк машинасидаги 20 тонна маҳсулотнинг улгуржи сотилиши учун бозор ҳудудига олиб кирилишига 1500 АҚШ доллари микдорида “улуш” олишади.

Зўравонлар талаб қилинган пулни бермаганларга нисбатан жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказишади. Агарда улар талаб қилаётган ўша улуш пуллари ўз вақтида тўланмаган тақдирда, маҳсулотлар юкланган юк машинаси эшикларини ёпиб қўйишиб, қасддан чиритиш ва чиқиндига айлантириш билан шуғулланиб келишади ва натижада деҳқон ҳам, сотувчи ҳам минглаб доллар зарар кўради.

Жиноий гуруҳ аъзоларининг ҳар бирига тошкентлик Мирлазиз Юнусов томонидан вазифалар белгилаб берилган. Гуруҳ аъзоларидан бўлган, Фарғона вилояти Қўштепа туманилик ака-ука Тўхтасин ва Зикрилло Ҳошимовлар ҳамда Тошкент шаҳри Қўйлиқ мавзесида яшовчи Дилмурод исмли шахслар маҳсулотларни Москва шаҳридаги “Фуд-сити” гипермаркетига юбориш истагида бўлган юртимиздаги савдогарлардан помидор ва лимон маҳсулотларини йиғиб олиб, юк машинасида мазкур бозорга юборишади. Маҳсулотларнинг божхона ва чегаралардан олиб ўтилишига “жавобгар” сифатида Тошкент шаҳрилик Зуҳриддин исмли шахс тайинланган.

Маҳсулотларни ташиш ва тушириб тарқатиш учун марғилонлик Тойир Азизов жавобгар сифатида белгиланган. У барча “улуш”ларни йиғиб олиб, Зуҳриддинга беради ва жиноий йўл орқали топилган пуллар гуруҳнинг ўзбек, тожик ва чечен миллати вакилларидан иборат аъзолари ўртасида тенг тақсимланади.

Ўзбекистондан бораётган маҳсулотлар Фарғонанинг Қўштепа туманида яшовчи Музаффар Турсунов ва унинг Россиядаги турмуш ўртоғи, тожикистонлик Манзуранинг номига юборилиши қатьий белгилаб қўйилган. Манзура Россия Федерациясидаги тожиклар орасида обрўли бўлган, “Ҳожи Жаббор” номи билан танилган шахснинг ишончли вакилларидан бўлиб, Манзура ҳам бозордаги сотувчилардан “улуш” йиғишга масъул ҳисобланади.

Бундан ташқари, гуруҳнинг чечен миллатига мансуб Ахтам Габисов бошчилигидаги жами ўн нафардан ортиқ чечен, ингуш ва тожик, грузин миллатига мансуб собиқ спортчилар ва жисмонан бақувват шахслардан тузилган кичик гуруҳ аъзолари “улуш” бермаган фуқароларга совуқ ва ўқотар қуроллар билан жисмоний ҳамда руҳий тазйиқ ўтказиб келишади.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Элёр Мадраҳимов Фарғона вилояти Қўштепа тумани ИИБга ўзи гувоҳи бўлган ҳолатлар юзасидан ариза билан мурожаат қилади.

Ўз аризасида, у Москва шаҳрида жойлашган “Фуд Сити” бозорида Тойир Азизов сабзавот маҳсулотларининг сотилиши учун пул беришини талаб қилгани, пулларни бермаса маҳсулотларини бозорда сотишга йўл қўймаслигини айтиб таҳдид қилганини билдирган.

Шунингдек, аризада ёзилишича, Мадраҳимов ёнида пуллари бўлмагани сабабли, унга пулларни кейинроқ беришини айтган ҳамда Азизовдан 38 минг рубль қарз бўлиб қолган. У маҳсулотларини сотиб, Ўзбекистонга келган, кейинрок юклари борган вақтда Азизов унинг юкларини арзон нархда сотиб юбориб, 24 минг рубль пулини олган.
Элёр Мадраҳимовнинг аризасида кўрсатилишича, Тойир Ўзбекистонга келиб, унга 14 минг рубль қарзи қолганини айтиб, қолган пулларни беришини талаб қилган.

2018 йил 3 декабрь куни Фарғона вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида Тойир Азизов талаб қилинган 200 АҚШ долларини Элёр Мадраҳимовдан олаётган вақтда ушланган.

Ўзга юртда ўз ватандошларини қақшатиб, жиноий фаолият билан шуғулланаётган мазкур гуруҳнинг қолган аъзолари ҳам суд олдида жавоб беришади ҳамда уларга нисбатан адолатли ҳукм чиқарилади, деб умид қиламиз.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!