«Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси Газлидаги табиий газ конлари ва қудуқларда бўлди

«Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси Газлидаги табиий газ конлари ва қудуқларда бўлди

 

 

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги «Ишчи гуруҳ» аъзолари Газли ҳудудида табиий газ қазиб чиқарилиши ҳолатини ўрганди.

«Ишчи гуруҳ» аъзолари дастлаб бурғилаш ишлари бошланган «Каттатепа» майдонидаги 1-сонли қудуқда бўлди.

Ушбу қудуқни 2800 метр чуқурликкача бурғилаш мўлжалланган бўлиб, ҳозирда 1567 метр чуқурликда бурғилаш ишлари олиб борилмоқда.

«Каттатепа» майдонининг истиқболлари ва бу ердаги ишларнинг келгуси йўналишлари, айнан ушбу 1-сонли қудуқнинг натижаларига боғлиқ эканлиги, шу сабабли уни самарали бурғилаш ва белгиланган барча геологик-геофизик таҳлилларни мукаммал бажариш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир давомида «Дояхотин» конидан табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтириш мақсадида, бурғиланаётган 88-сонли қудуқдаги ишларнинг ҳолати ҳам ўрганилди.

 

Ушбу 88-сонли қудуқни 2050 метрга бурғилаш ишлари 2021 йилнинг 19 январида бошланганлигига қарамасдан, ўтган қисқа вақт ичида у 2000 метр чуқурликкача бурғиланди ва ҳозирда қудуқда геофизик тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Бошқарув раиси мутахассисларга қудуқда синаш ишларини самарали олиб бориш ва саноат миқёсидаги табиий газ қазиб чиқариш борасида керакли вазифалар, ўз таклифлари ва тегишли кўрсатмаларини берди.

Бошқарув раиси Газли ҳудудида 2017 йилда очилган «Шортак» конидаги олиб борилаётган ишларнинг ҳолати билан ҳам танишди.

Коннинг нефть-газлилик истиқболларини баҳолаш ва ундаги углеводород захираларининг миқёсини аниқлаш ҳамда қидирув ишларини жадаллаштириш мақсадида, бурғиланаётган 3-сонли қудуқдаги ишлар кўриб чиқилди.

 

«Шортак» конидаги 3-сонли қудуқни 2800 метр чуқурликкача бурғилаш ишлари 2020 йилнинг 17 декабрида бошланган ва ҳозирда 2112 метр чуқурликда бурғилаш ишлари давом эттирилмоқда.

Март ойининг охирига қадар ушбу қудуқда синаш ишларини якунлаш ва табиий газнинг саноат миқёсидаги оқимларини олиш, шунингдек, янги 4-сонли қудуқни бурғилаш ишларини тезлаштириш кераклиги таъкидланди.

Газли ҳудудида олиб борилаётган тадбирларнинг ҳолатини ўрганиш ишлари сарҳисоб қилинар экан, «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси бу ерда амалга оширилаётган геология-қидирув ишларини ягона тизим асосида самарали ташкил этиш кераклиги бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Шунингдек, Бошқарув раиси ушбу конларда ҳам ишчи-ходимларнинг яшаш ва ишлаш шароитларини янада яхшилаш, униформаларини янгилаш ва ётоқ жойларидаги аҳволни ўзгартириш кераклигини таъкидлади.

 

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!