Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида Президент мактаблари ташкил этилади – Мирзиёев

Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида Президент мактаблари ташкил этилади – Мирзиёев

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 15 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрган эди. Президент фаоллар билан йиғилиш ўтказди.
 
Мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида Президент мактаблари ташкил этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида бўлиб ўтаётган учрашувда маълум қилди.
 
“Мамлакатимизни янги тараққиёт босқичига кўтаришни ўз олдимизга устувор вазифа қилиб қўйган эканмиз, буни амалга ошириш учун бизга, энг аввало, янги авлод кадрлари керак. Ана шундай юксак салоҳиятли кадрларни тарбиялаш мақсадида юртимизнинг ҳар бир ҳудудида биттадан янги типдаги мактаблар – Президент мактабларини ташкил этишни режалаштирганмиз”, деди Шавкат Мирзиёев.
 
Давлат раҳбари бу ишни Қорақалпоғистондан, Нукус шаҳридан бошлашни таклиф қилди. Таклифни барча катта хурсандчилик билан қўллаб-қувватлагач, Президент соҳа мутасаддиларига бу бўйича топшириқлар берди.
 
Келгуси йили Қорақапоғистонда 2 минг 400 ўринли 7 та мактаб қурилиши, мактабгача таълим ва соғликни сақлаш тизимларидаги ишлар изчил давом эттирилиши қайд этилди.
 
Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши аъзолари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари иштирок этмоқда. Видеоселектор орқали уни шаҳар ва туманларда кенг жамоатчилик вакиллари кузатиб бормоқда.

Qalampir.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!