Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи бир йилда 5,4 млрд долларга ошди

Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи бир йилда 5,4 млрд долларга ошди

Молия вазирлиги Ўзбекистоннинг 2020 йил учун давлат қарзи ҳолати ва динамиаси шарҳини эълон қилди. Унга кўра, 2021 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистон номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи (давлат қарзи) 23,3 миллиард доллар эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 40,4 фоизни ташкил этган.

Хусусан, 2020 йил якунига кўра, давлат ташқи қарзи 5,4 миллиард долларга ёки йил бошига нисбатан 34,4 фоизга ошиб, 2021 йил 1 январь ҳолатига 21,1 миллиард долларга ёки ЯИМга нисбатан 36,5 фоизга етган. Шундан:

  • Ўзбекистон номидан жалб қилинган ташқи қарз — 15,1 миллиард доллар;
  • давлат кафолатлаган ташқи қарз – 6,0 миллиард доллар.

Давлат ички қарзи 23,3 триллион сўмни (2,2 миллиард доллар) ёки ЯИМга нисбатан 3,9 фоизни ташкил этди. Шундан:

  • давлат қимматли қоғозлари – 4,0 триллион сўм (0,4 миллиард доллар);
  • давлат кафолатлаган ички қарз – 19,3 триллион сўм (1,8 миллиард доллар).

Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи бир йилда 5,4 млрд долларга ошди

Фото: Молия вазирлиги

Маълумот учун, давлат қарзи бўйича статистик маълумотлар халқаро молия ташкилотлари ва тижорат банклари тақдим этадиган маълумотлар асосида аниқлаштириб борилади.

Давлат қарзининг сўнгги йиллардаги ўсиш динамикасига қарамай, халқаро меъёрларга кўра, Ўзбекистон давлат қарзи (ЯИМга нисбатан – 40,4 фоиз), шу жумладан, давлат ташқи қарзи (ЯИМга нисбатан – 36,5 фоиз) мўътадил даражада сақланиб қолмоқда.

Иқтисодиёт тармоқлари кесимида қараладиган бўлса, давлат ташқи қарзининг 3,7 миллиард доллар бюджетни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи бир йилда 5,4 млрд долларга ошди

Фото: Молия вазирлиги

«Давлат ташқи қарзининг катта қисми узоқ муддат ҳамда имтиёзли фоиз ставкаларида тақдим этилган. Ўзбекистон халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан қарз маблағларини жалб қилишда консерватив ёндашувга ва хатарларни бошқариш тамойилларига амал қилади», — дейилади шарҳда.

Эслатиб ўтамиз, S&P Global Ratings халқаро кредит рейтинг агентлиги 2020 йил декабрда Ўзбекистоннинг узоқ ва қисқа муддатли суверен кредит рейтинги бўйича навбатдаги ҳисоботини эълон қилганди. Унга кўра, Ўзбекистон суверен кредит рейтинги «ББ-» даражасида сақланиб қолинган, бироқ келгуси давр учун «салбий» прогноз берилган. Ушбу прогноз ҳукуматнинг ташқи қарзи тез суръатларда ўсишда давом этиши мумкинлигини акс эттиради.

Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган «2021 йилги фуқаролар учун бюджет» лойиҳасида Ўзбекистоннинг жами давлат қарзи 2021 йил якунида 28,4 миллиард долларга (ЯИМга нисбатан 44,9 фоиз) етиши прогноз қилинмоқда. Молия вазирлиги эса буни хавфсиз даражада деб ҳисобламоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!